Маънавият 05.02.2019 531

ОЗ ГАПИРГАН-ОЗ ЯНГЛИШАДИ

"Маҳбуб ул-қулуб" ҳикматлари

ОЗ ГАПИРГАН-ОЗ ЯНГЛИШАДИ

Алишер Навоийнинг сўнгги асари - "Маҳбуб ул-қулуб" буюк мутафаккирнинг умри давомида тўплаган тажрибаси, кўрган-кечирганлари ҳақидаги хулосасидир. Ундаги ҳикматлар бугун ҳам ўз қийматини заррача йўқотмагани билан эътиборли.

Одил подшо қуёш билан баҳор ёмғиридек қора тупроқдан гуллар очади ва мамлакат халқи бошига олтин билан дурлар сочади.

***

Мударрис - мансаб ва амалдорликка қизиқмаслиги, ўзи билмайдиган илмдан дарс беришга уринмаслиги, мақтанчоқлик учун мадраса айвонининг тўрини эгалламаслиги лозим.

***

Табобат фанидан саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир.

***

Яхши хотин - оиланинг давлати ва бахти. Ҳуснли бўлса - кўнгул ёзиғи, хушмуомала бўлса - жон озиғидир.

***

Қаноат - бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди.

***

Сабр аччиқ, аммо фойда берувчи: у - қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этувчи.

Сабр - шодликлар калитидир.

***

Эшитмоқ кишини бойитади,

Кўп гапирмоқ - саёзлатади.

***

Инсоният боғининг энг гўзал дарахти эҳсондир.

***

Оғзига келганин демоқ - нодоннинг иши ва олдига қўйганин емоқ - ҳайвоннинг иши.

***

Билмаганин сўраб ўрганган - олим, орланиб сўрамаган - ўзига золим.

***

Оз-оз ўрганиб - доно бўлур,

Қатра-қатра йиғилиб - дарё бўлур.

***

Сиҳат тиласанг - кўп ема,

Иззат тиласанг - кўп дема.

***

Оз гапирган - оз янглишади.

Бўстон РАҲМОНОВА тайёрлади.