Маънавият 23.07.2019 134

ОЗОДЛИККА БАХШИДА ҲАЁТ

Тарих - миллат кўзгуси

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги қадимий қабристонда дафн этилган бир марҳумга тегишли қабр тошида "Абдулмалик тўра ибн амир Музаффар ибн амир Насрулло" исми шарифи битилган қабр соҳибининг Бухорои шарифда таваллуд топганлиги қайд этилган. Ватанидан узоқдаги бу шаҳарга бухоролик бу инсонни не қисматлар етаклаб борган, тақдирида нималар кечган? Бу савол ҳар бир кишини, албатта, ўйга солиши табиий.

Ўтган замонларда юртимизда ҳукмдорлик қилган аждодларимиз орасида ота-бола, қариндошлик муносабатлари силлиқ кечмаган. Кўп ҳолларда тахт ворислиги, тож-тахт талашиш, мансаб масалаларида турли жанжаллар, келишмовчиликлар бўлиб турган. Бундай ихтилофлар у ёки бу томоннинг ён босиши ёхуд ўлими билан якунлангани тўғрисидаги мисоллар тарих китобларида кўп учрайди.

1848 йилда туғилиб, "Катта тўра" номи билан машҳур бўлган Абдулмалик тўра, ҳокимиятни аштархонийлардан тортиб олиб, 1776 йилдан 1920 йилгача Бухоро амирлигини бошқарган манғитлар сулоласининг саккизинчи подшоҳи амир Музаффарнинг тўнғич ўғлидир. Аммо ота ва ўғил ўртасидаги қарама-қаршилик тахтга эгалик қилиш (у болалигиданоқ тахт валиаҳди деб эълон қилинган эди) бўйича эмас, бутунлай бошқа масала бўйича юзага келган эди.

У ўз мансаб лавозимини Кармана беги бўлишдан бошлади. Абдулмалик падари бузруквори чизган чизиғидан чиқмас, унинг панду насиҳатларига қулоқ тутиб, амал қиларди, ёшлигидан отда юриш, қурол ишлатишни пухта эгаллаган, ҳарбу зарб ишларида ҳам моҳир эди.

Абдулмалик йигирма ёшга қадам қўйганида 1865 йил май ойи охирида Тошкентни босиб олган рус аскарлари Бухоро амирлигига қарашли Самарқанд шаҳрига таҳдид сола бошладилар. Амир Музаффар ёш бўлса ҳам ҳарбий ишни, лашкарни бошқаришни яхши ўзлаштириб олган, отасига садоқатли фарзанд Абдулмалик тўрани Самарқанд мудофаасига масъул қилиб тайинлади. У кўҳна шаҳарни руслар тажовузидан ҳимоя қилиш учун ўз аскарларида ватанпарварлик туйғусини кучайтирди, истилочиларни енгиш учун пухта, ишончли тадбирларни ишлаб чиқди. Ўша пайтда Самарқанд ҳокими бўлиб ишлаб турган Шерали Иноқ жоҳил ва калтабин одам эди. У Абдулмалик тўранинг шаҳарни мудофаа қилишга қаратилган чора-тадбирлари моҳиятини тушунмади, шу туфайли ёш лашкарбоши ва бек ўртасида муносабат кескинлашди. Шерали Иноқ ота-бола орасида нифоқ чиқариш учун амирга Абдулмалик ҳақида бўҳтон гапларни етказади, унинг асл нияти сиздан ҳокимиятни тортиб олиш, деб амирни қўрқитади. Бунга ишонган амир Музаффар ўғлидан ҳақиқатни билиб олмай, унга нисбатан адолатсиз қарор чиқаради. Абдулмалик тўрани Самарқанд мудофааси бошлиғи лавозимидан четлатиб, Ғузорга бек қилиб юборади. Амир ва тахт вориси ўртасидаги зиддиятнинг илк сабаби шундан бошланади.

Амир Музаффар Самарқанд мудофаасини яхши ташкил этолмади, қўшинни ягона мақсад йўлида бирлаштиролмади, шунинг учун чор аскарлари ҳужумига дош бера олмади. Дастлаб Чўпонота тепалигида ўрнашиб олган Бухоро қўшинлари 1868 йил май ойида тор-мор этилди, кейин Зирабулоқ тепалигида ҳал қилувчи жанг бўлиб ўтди, бунда ҳам амир қўшинлари мағлуб бўлиб, рус қўшинлари Самарқанд шаҳрига кириб борди. Амир Музаффар ўз мағлубиятини тан олиб, фон Кауфманнинг Туркистон генерал-губернаторлигининг янги чегаралари ҳақидаги таклифини қабул қилишга мажбур бўлди.

Унга мувофиқ чор Россиясининг ҳудудлари ҳозирги Самарқанд вилоятининг Жом  қишлоғигача давом этадиган бўлди. Жом руслар учун муҳим стратегик аҳамиятга эга жой бўлиб, Бухоро, Каттақўрғон, Самарқанд, Қарши, Ғузор, Чироқчи ва Шаҳрисабздан келадиган йўл чорраҳасида эди.  Чоризм Жомнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, уни Туркистон қўшинларининг бир қисми турадиган қўрғонга айлантирди.

Кауфман 1868 йил 28 июнда Самарқандда амир Музаффар билан Бухоро амирлигини Россия империяси протекторатига айлантирган шартномани имзолади. Бундан воқиф бўлган Абдулмалик тўра қайғуга ботди. Чунки Самарқанд амирликнинг шимолий дарвозаси бўлиб, тузилган шармандали шартнома Бухоро амирлигини Россия империяси билан чегарадош қилиб қўйган эди. Бу эса амирлик мустақиллиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигига хавф солишини Абдулмалик тўра яхши ҳис қиларди. Самарқанд заминининг чоризм тасарруфига ўтганлиги озодликни ҳамма нарсадан устун қўювчи жанговар беклар, уруғ бошлиқлари, оқсоқолларни ҳам ташвишга солди. Сулҳ шартномасига мувофиқ амирликнинг қарам ўлкага айланиб қолганлиги учун оддий одамларда ҳам норозилик ҳаракатларини кучайтирди. Амир Музаффарнинг обрўси пасайиб, Абулмалик тўранинг нуфузи ошиб кетди. Китоб беги Жўрабек, Шаҳрисабз беги Бобобек, манғит бекларидан  Худоёр, Ибодуллабек тўқсоба, Бухоро амирлигига қарашли қатор бекликлар бошлиқлари уни озодлик курашида йўлбошчи деб билди. 1868 йилнинг  баҳоридан бошлаб тўранинг қароргоҳи бўлмиш Ғузор беклигига мустақиллик ва озодлик тарафдорлари саф-саф бўлиб кела бошладилар.

1868 йилнинг май ойида Абдулмалик тўра катта қўшин тўплаб, Россия қўшинлари томонидан эгалланган  Самарқандга юриш қилди. Бу вақтда Самарқанд аҳолиси ҳам чор босқинчиларига қарши бош кўтарган эди. 2 июнь куни улар биргаликда рус қўшинлари жойлашган шаҳар қалъасига ҳужум қилишди. Қамалда  қолган қўшин қўмондони ёрдам сўраб генерал-губернатор фон Кауфманга чопар юборади. 4-7 июнь кунлари халқ лашкарлари билан босқинчи кучлар ўртасида шиддатли жанглар бўлди. 8 июнда қамалдаги чор аскарларига ёрдам кучлари етиб келгач, жанг истилочилар фойдасига ўзгаради. Натижада халқ ҳимоячилари Самарқанддан чиқиб, тоғ томон чекинишга мажбур бўлади.

Катта тўра давлат мустақиллигини сақлаб қолиш учун ўз тарафдорлари билан фидойилик кўрсатаётган бир пайтда амир Музаффар уни қўлга киритиш ва жазолаш ҳаракатида бўлади, аммо ўз режасини амалга ошира олмайди. Шундан сўнг уни тутиб беришни Китоб беги Жўрабек ва Шаҳрисабз беги Бобобекдан илтимос қилади. Аммо улардан шундай жавоб олади: "Тўра - жаноби олийларининг тўнғич ўғли ва ҳукмдоримиз фарзандидир. У бу ишларни амиримизга хайрихоҳ бўлган, давлат заволига йўл қўймаслик мақсадида, дин байроғини кўтаришга бел боғлаган баъзи олижаноб кишилар даъвати билан қилмоқда... Тўра ўзини қутқариш учун бизнинг ҳудудда мақом топибдур. Одамийлик ва ориятни сақлаш важҳидин меҳмоннинг оёқ-қўлини боғлаб, мухолифга топшириш ярамайдир".

Абдулмалик тўрани ёқлаётганлар, амирдан эса юз ўгираётганлар сони тобора ошиб бормоқда эди. Тўранинг иттифоқчиси Содиқ ўз гуруҳи билан Кармана ва Хатирчини эгаллайди. Косон, Қарши, Ғузор бекликларида тўра ўз ҳокимиятини тиклайди. Амирнинг жияни Саид Абдуллахон ҳам тўра қўшинига келиб қўшилади. Амирлик маҳкамасида хизмат қилувчи бир қанча кишилар Абдулмалик томонига ўтиб кетади. Абдулмалик тўра 1868 йил июль-август ойларида амирлик ҳудудида халқ тан олган ягона курашчи раҳбарга айланади. Бухоролик тарихчи Мирза Абдулазим Сомий таъбири билан айтганда, амирнинг "ёлғиз Аллоҳдан бошқа суянчиғи қолмаган эди, зеро барча юрак-юракдан тўрага интилаётган эди".

Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Абдулмалик тўра Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсаройда Бухоро амири деб эълон қилинади. Қарши шаҳри амирлик   маркази этиб белгиланади. 1868 йил сентябрь ойида Абдулмаликнинг тез орада Бухорони эгаллаши аён бўлиб қолади.

Абдулмалик тўранинг озодлик ҳаракати ўз тахтидан ажралиб қолишдан хавфсираётган амир Музаффардан  ташқари унинг таъсири руслар қўл остида бўлган ерларда ҳам акс-садо бераётгани Туркистон генерал-губернаторлигини ҳам ташвишга солмоқда эди. Амир яқин амалдорлари билан  маслаҳат-машварат ўтказиб, генерал-губернатордан Абдулмалик тўра ва унинг атрофида тўпланган истиқлол кучларини йўқ қилишда ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилишга қарор қилинади.  Амир мурожаатидан сўнг Зарафшон округи бошлиғи, генерал Абрамов рус ҳарбийларини Жомга йиға бошлайди. Унинг мақсади ватанпарварларнинг қароргоҳи Қарши шаҳрига ҳужум қилиш эди. Ниҳоят генерал Абрамов қўшини ва амир юборган Ёқуб қушбеги бошчилигидаги отряд Қарши томон отланади. Абдулмалик тўра бундан воқиф бўлиб, жангга жиддий тайёргарлик кўра бошлайди ва умумий чақириқ эълон қилади. Қашқадарё бўйидаги Чортоқ деган жойда истеҳкомлар барпо қилиниб, жангга ҳозирлик кўрилади.

1868 йил 21 октябрда чор қўшинлари билан абдулмаликчилар ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланади. Султон Содиқ, Жўрабек, Бобобек ва бошқа лашкарбошилар Қарши остонасидаги жангда саркардалик маҳоратини яна бир бор намоён этадилар. Чор армияси ва амир қўшини ҳарбий тайёргарлик, техник жиҳатдан озодлик курашчиларидан устунлиги жанг давомида яққол кўзга ташланди. Шунинг учун 1868  йил 23 октябрда Қаршидаги қўзғолончилар тор-мор этилиб, Абрамов шаҳарни эгаллайди. Қўзғолончилар қаттиқ жазоланиб, уй-жойлар ва шаҳар бозори таланади. Абрамов шаҳарни Ёқуб қушбеги қўлига топширади. Қаршига келган амир Музаффар Абдулмалик тўра оиласини асирга олади.

Абдулмалик тўра 200 нафар киши билан она Ватанини тарк этади. Унинг кейинги тақдири қандай бўлди? У оз сонли сафдошлари билан Хива хонлигида бўлади, ундан сўнг Афғонистонга ўтади. 1877 йилгача Қашқар ҳокими хизматида бўлади. Ёқуббек унга иззат-икром кўрсатиб, қизини тўрага никоҳлаб беради, 40 минг кишилик қўшинга лашкарбоши этиб тайинлайди. Аммо Қашқар Хитой томонидан эгаллангач, тўра Бухорода ҳокимиятни эгаллаш мақсадида иттифоқчи излаб бир қанча мусулмон мамлакатларига йўл олади. Шундан сўнг Буюк Британия тасарруфидаги Ҳиндистонга келади. Ўз ниятларини амалга ошириш учун Буюк Британияга мурожаат қилади. 1886 йил май ойида Калькуттада туркистонлик мухолиф кучлар вакиллари билан бирга  инглиз қироличасининг вакили билан музокаралар олиб боради. Абдулмаликнинг саъй-ҳаракатларига афғон амири Абдураҳмон ҳам хайрихоҳлигини билдиради. Аммо турли хил сиёсий ва  бошқа сабабларга кўра чет элдан ҳарбий ёрдам ололмайди. Россия империяси маъмурлари тўранинг чет элдаги фаолияти ва амирликда унга хайрихоҳ бўлган шахслар устидан қаттиқ назорат ўрнатади.

Бухоро амирлигини 24 йил бошқарган амир Музаффар 1885 йилда вафот этгач, унинг ўрнига ўғли Абдулаҳадхон ўтиради. "Абдулаҳадхон замонида, - деб ёзган эди Абдурауф Фитрат, - Россиянинг Бухорога таъсири ва роли анча мустаҳкам бўлган эди. Абдулаҳадхон қайси ишни режалаштирмасин ўзининг ҳимоячиси бўлган Россиянинг нуфуз ва ролини инобатга олишга мажбур эди".

Абдулмалик тўра ҳамма уринишлари зое кетгани, азиз юрти, тупроғи истилочилар, уларнинг гумашталарига қолганидан умрининг охиригача азият чекиб яшади. Унга Ватанга қайтиш насиб этмади, чет элда - Покистонда муқим яшаб қолди. 1909 йил 61 ёшида Пешовар шаҳрида вафот этди. Ватан туйғуси, истиқлол умиди уни сўнгги кунгача тарк этмади.

- Абдулмалик тўра ўз даврининг фарзанди, мураккаб сиёсий курашлар иштирокчиси эди, - деб ёзади унинг  ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий тадқиқотлар олиб борган тарихчи олим Аброр Одилов. - Унинг Ватан озодлиги йўлидаги қаҳрамонликлари, мустақиллик учун курашлар тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан биридир.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист