Жамият 02.08.2019 109

"ПЎЛАТ ТУЛПОР" ЖИЛОВДОРИ

Орамиздаги одамлар

Ёшликда ҳар бир боланинг ўзига хос, турли-туман орзулари бўлади. Айниқса, самолёт, кема ёки тепловоз, электровоз каби қудратли техникаларни бошқариш кўпчилигимизнинг энг беғубор орзуйимиз бўлгани сир эмас.

Қаҳрамонимиз Шавкат Аккиевнинг болалик орзуси ҳам қудратли поездларни темир излар бўйлаб моҳирлик билан бошқариб, чўлу биёбонларни, тоғу дараларни босиб ўтиш эди. Айниқса, отаси Абдуғани Аккиевнинг тепловоз бошқариши, яқинларининг кўпчилиги темир йўл тизимида меҳнат қилиши, соҳа билан боғлиқ қизиқарли суҳбатларни кўп тинглагани унинг бу орзусига янада қанот бағишлади. Отаси, амакилари каби тепловоз машинисти бўлишга аҳд қилди.

Мактабни тамомлагандаёқ, Шавкатда аниқ мақсад бор эди. У ҳеч иккиланмай ҳозирги Қарши транспорт коллежига ўқишга кирди. Уч йил шу даргоҳда таҳсил олиб, 2001 йилда Қарши локомотив депосида машинист ёрдамчиси сифатида иш бошлади.

- 7 йил давомида машинист ёрдамчиси сифатида ишладим, - дейди у. - Машинист бўлиш учун қўшимча ўқиш талаб этиларди. Шу боис 2008 йилда Тошкент шаҳридаги машинистлар тайёрлаш курсини битирдим. Шундан буён тепловоз ва электровозларни бошқариб келмоқдаман.

Биламизки, транспорт-коммуникация тизими мамлакат иқтисодиётининг қудратини белгиловчи асосий воситалардан биридир. Шу боис кейинги йилларда юртимизда ушбу соҳани янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Натижада йўлларимиз равон, манзилимиз яқин бўлиб, турмушимиз тобора фаровонлашмоқда. Буни мазкур тизимнинг етакчи тармоғи - темир йўл соҳасида рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Жумладан, бугун эски турдаги тепловозларнинг электровозлар билан алмаштирилиши, энг аввало, иш сифатида ва салмоғида намоён бўлмоқда. Мисол учун, аввал битта локомотив билан ўртача 25 та вагон олиб ўтилган бўлса, замонавий электровозлар учун 45 та вагон ҳам чўт эмас. Ёки эски турдаги битта локомотивда 2 минг 200 тоннага қадар юк тортилган, замонавий электровозда эса бу кўрсаткич 3 минг 700 тоннани ташкил этмоқда. Натижада катта иқтисодий самарадорликка эришилмоқда. Шунга қараб, хизмат нархи ҳам арзонлашаяпти. Бу эса тадбиркорлар учун ҳам айни муддао бўлмоқда. Яна бир эътиборли томони, замонавий электровозлар машинистлар иш фаолиятида ҳам катта қулайликлар яратади.

- Илгари паровозларни ҳаракатлантириш жуда машаққатли иш бўлган, тепловозлар эса бу мушкулотни анча енгиллаштирган эди, - дейди Шавкат Аккиев. - Мана энди замонавий электровозлар пайдо бўлди. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, айни пайтда Қарши-Дарбанд-Қумқўрғон йўналиши бўйлаб электровоз бошқараман. Тепловоз билан солиштирадиган бўлсам, иккисининг орасида жуда катта фарқ мавжуд. Илгари иссиқда ҳам, совуқда ҳам жуда қийналардик. Кўпинча уйга уст-бошимиз ёққа ботган ҳолда келардик. Электровозда эса шароитлар аъло даражада. Салонда иситиш, совутиш тизимларидан тортиб, машинист учун зарур барча  шароит муҳайё. Йўл азоби умуман сезилмайди.

Қарши локомотив депоси машинисти Шавкат Аккиев турмуш ўртоғи билан биргаликда уч фарзанд - икки ўғил, бир қизни вояга етказишмоқда. Айтишича, ўғиллари ҳам шу соҳага жуда қизиқади. Ота эса кейинги авлод вакиллари ҳам бобоси касбини давом эттириши мумкинлигидан мамнун. Фарзандларига бу соҳанинг ўзига хос жиҳатлари, машаққатли ва масъулиятли томонлари ҳақида эринмай сўзлаб беради.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.