Қишлоқ хўжалиги 20.11.2018 141

Пахта-2018: ҚИНҒИРЛИКЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

Назорат ва натижа

Пахта-2018: ҚИНҒИРЛИКЛАР ФОШ ЭТИЛДИ

Пахта - миллий бойлигимиз. Мамлакатимиз иқтисодиёти, турмушимиз фаровонлигининг юксалиши, қишлоқ ва шаҳарларимизнинг обод бўлиши, саноатимизнинг ривожланишида ана шу қимматбаҳо хом ашёнинг аҳамияти қанчалик улкан эканлиги барчамизга яхши аён.

Шунга монанд, етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай, талон-торожликка йўл қўймасдан саранжомлаб олиш ва белгиланган тартибда экспортга ёки ишлаб чиқаришга йўналтириш мавсумнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бироқ, ана шу жараёнда ўз чўнтагини ўйлаб, турли хил қинғирликларга қўл урадиган ёки ишга масъулиятсизлик билан ёндашиб, муҳим хом ашёнинг нест-нобуд бўлишига шароит яратадиган масъуллар ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан бу борада ҳам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Ана шундай тадбирлар давомида соҳада фаолият юритиб келаётган кишиларнинг ҳам турли қинғирликларга қўл уриши ҳолатлари аниқланаётгани ачинарлидир.

Мисол учун, "Яккабоғ пахта тозалаш" АЖга қарашли "Синнон" пахта қабул қилиш масканида ўтказилган назорат тадбири давомида мазкур масканнинг 1-зона товаршуноси вазифасида ишлаб келаётган Улуғбек Баратов ўз хизмат хонасида 100 килограмм (354 минг 200 сўмлик) пахта хом ашёсини яширин ҳолда сақлаб келаётгани аниқланди.

Дастлабки суриштирув ишлари давомида, Улуғбек Баратов ушбу пахтани хом ашё топшириш учун келган фермер хўжаликларига тегишли техника воситалари тиркамасидан, таҳлил лабораторияси учун олганини айтган бўлса-да, ўрганишлар давомида бу важ ўз исботини топмади.

Хусусан, белгиланган меъёрга мувофиқ, топшириш учун келтирилган пахтадан намуна олувчи ёки қабул қилувчи томонидан намуна қўл ёки махсус мосламалар ёрдамида пахта тўдасининг камида уч жойидан,  ўртача 2-3 килограмм атрофида олинади. Сўнг у таҳлил лабораториясига топширилади. Хом ашё лаборатория текширувидан ўтказилгач, яна қайта текшириш эҳтимоли юзага келиши мумкинлиги боис, уни узоғи билан 1 сутка давомида лаборатория хонасида сақлаб туриш мумкин, кейин пахта тўдасига қўшиб юборилиши шарт.

Улуғбек Баратов эса таҳлил учун олинган хом ашёнинг бир қисмини лабораторияга бермасдан, кейинчалик талон-торож этиш мақсадида ўз хонасида ноқонуний равишда сақлаб келган.

Айни пайтда Улуғбек Баротов устидан маъмурий иш қўзғатилган.

Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида "Яккабоғ пахта тозалаш" АЖ ҳуқуқшуноси вазифасида ишлаб келган  Фахриддин Нормуродов ҳам ўз зиммасига юклатилган вазифани ҳалол, виждонан бажармасдан, пахта йиғим-терими бўйича кунлик маълумотни тегишли идораларга турли кўринишда тақдим этиб келгани аниқланди.

Мисол учун, 24 октябрь куни туманда йиғиб-териб олинган пахтанинг ҳақиқий миқдори 163 минг 700 килограммни ташкил этган. Фахриддин Нормуродов эса бу миқдорни 173 минг 900 килограмм қилиб кўрсатган. Худди шунингдек, яна бошқа ҳолатларда ҳам терилган пахта вазни ошириб ёки камайтириб кўрсатилган.

Натижада, Фахриддин Нормуродов томонидан давлат статистикасига берилаётган кунлик маълумот билан бошқа тегишли идораларга тақдим этиб келинган кунлик маълумот ўртасида фарқ аниқланди.

Айни пайтда Фахриддин Нормуродовга нисбатан ҳам интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Кенжа ИСЛАМОВ,

инспекциянинг туман бўлими бошлиғи