Жараён 28.06.2019 210

ПАРТИЯЛАР ЎЗАРО СИЁСИЙ КУРАШГА ТАЙЁРМИ?

Мамлакатимиз Президенти ўзининг қатор маърузалари, турли доиралардаги чиқишларида давлат ва жамият бошқарувида сиёсий партиялар ҳамда депутатларнинг роли, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ошириш масаласига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Шу мақсадда ушбу йўналишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Бироқ, ҳамон аксарият фуқароларимиз сиёсий партиялар ва депутатларнинг фаолияти, уларнинг давлат идоралари ва мансабдор шахсларга таъсир даражасини суст дея ҳисоблайди. Хусусан, жамиятимиз ҳаётида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган муаммолар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамасида сиёсий партияларнинг қарашлари ифодаси кутилган даражада намоён бўлмаяпти. Бу борада онда-сонда кузатиладиган ўзаро тортишувлар асосида ҳам амалда жуда кам натижага эришилаяпти.

Хўш, сиёсий партия ўзи нима? Давлат ва жамият бошқарувида улар нега керак?

Сиёсий партия - бу турли табақа ва гуруҳларнинг қарашлар, мақсадлар ва манфаатлар уйғунлиги асосида тузилган, давлат бошқарувида сиёсий иродасини амалга оширишга интилувчи фуқароларнинг кўнгилли бирлашмасидир. Бундай тузилмалар дастлаб Ғарб давлатлари ва АҚШда ташкил қилинган. Улар давлат ва жамият бошқарувида муқобил дастурлар ишлаб чиқиш, давлат органларида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини сақлаш, якка ҳокимиятчилик ва сиёсий диктатура олдини олиш, давлат бошқаруви адолатлилиги ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш борасида муҳим ўрин тутиб келмоқда.

Аслида ҳам сиёсий партиялар ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш, давлат ва жамият ўртасида соғлом муҳитни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Аммо, бунинг учун партиялар аввало ўзининг ҳақиқий электоратига, ўзига хос ва расмий ҳукумат олиб бораётган сиёсатга нисбатан соғлом муқобиллик касб этувчи дастурларига эга бўлиши керак. Бинобарин, жаҳон амалиёти таҳлили партиялар ўртасида соғлом, очиқ ва ошкора сиёсий кураш кечмаса, уларнинг давлат бошқаруви ва мансабдор шахслар фаолиятига таъсири бўлмаслигини кўрсатган.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда бешта сиёсий партия расман рўйхатдан ўтган ва  фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) - 1991 йилда ташкил қилинган бўлиб, мустақил мамлакат тарихидаги биринчи сиёсий партия саналади. Тузилма уставида унинг асосий мақсади давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилган.

  "Адолат" социал-демократик партияси - 1995 йил 18 февралда таъсис этилган бўлиб, асосий мақсади ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда  фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган жамиятни шакллантиришда фаол иштирок этишга қаратилган.

"Миллий тикланиш" демократик партияси - 2008 йил 20 июнда "Миллий тикланиш" ва "Фидокорлар" партияларининг бирлашуви асосида шаклланган бўлиб, асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ўзликни англаш ҳиссини, миллий ғурур, ватанга садоқат ва муҳаббат туйғусини ўстириш, миллий анъаналар ва қадриятларни сақлаш учун қулай шароитлар яратишдан иборат.

 Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛидеп) - 2003 йилнинг 15 ноябрида ташкил этилган. Асосий мақсади тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, улар манфаатларини ҳимоялаш билан ифодаланади.

Ўзбекистон экологик партияси - 2018 йил 14 ноябрда ташкил топган бўлиб, асосий мақсади экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган.

Сиёсий партиялар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси ва қонунлари, ўз уставлари асосида амалга оширади. Хусусан, мамлакатимиз Асосий қонунининг 60-моддасида "Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар", дея қайд этилган.

57-моддада эса конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланиши кўрсатиб ўтилади.

Партиялар фаолиятини тартибга солувчи "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги Қонунда белгиланганидек, бир фуқаро бир пайтнинг ўзида фақат битта партияга аъзо бўлиши мумкин. Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, судьялар, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари партия аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Юқоридаги фикр ва келтирилган маълумотлардан англашиладики, партиялар шунчаки расмиятчилик ифодаси эмас, аҳолининг муайян қатлами ижтимоий-сиёсий иродасини қонун йўли билан юзага чиқариш механизми сифатида намоён бўлиши зарур. Бироқ биз ушбу сиёсий тузилмалар ҳаракатчанлиги ортишини асосан сайлов жараёнлари арафасида бир муддат кузатишга ўрганиб ҳам қолдик.

Мана, яна шундай фурсат яқинлашаяпти. Яъни 2019 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Унда депутатликка номзодларни фақат сиёсий партиялар кўрсатади. Шундай экан, улар очиқ, ошкора ва ҳалол сиёсий курашга    тайёрми? Депутатлик ўринлари учун рақобатда муқаддам кузатилган "саҳна асари"ни қайта намойиш этишмайдими? Ўтмишда йўл қўйилган хатолардан тегишли хулоса чиқаролдикми?

Ваҳоланки, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимияти ўзаро мувозанатини вужудга келтириш, ёш, иқтидорли ва замон талабига мос кадрларни бошқарув тизимларига олиб келиш ана шу саволлар жавоби ва ўтажак сайловлар натижаларига ҳам боғлиқ. Шу сабабли элу халқимиз уни катта умидлар билан кутаяпти. Қолаверса, бу сайловлар орқали халқу давлат ўзи ва жаҳон жамоатчилиги, сиёсий партияларимиз эса халқимиз олдида сиёсий имтиҳондан ўтади. Ўйлаймиз ва истаймизки, барчамиз биргаликда бу синовлардан муваффақиятли ўтамиз.

Шунингдек, сайловлар натижаларига аҳолининг сиёсий маданияти даражаси ва ҳуқуқий онги ҳам таъсир этади. Бундай сифатларга эга фуқарони эса партиялар ўртасидаги турғун сокинлик асло қониқтирмаслиги аниқ. Демак, давр партиялардан қонунан берилган ваколатлар асосида сиёсий курашга киришиш, шу орқали аввало ўз электорати, бутун халқ манфаатларидан келиб чиқиб давлат ва жамият бошқарувига таъсир кўрсатишга интилишини намоён этишни тақозо этади. Бинобарин, соғлом рақобат бор ерда тараққиётга интилиш кучли бўлади, хатолардан иҳоталанганлик даражаси мустаҳкамланади.  

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари.