Спорт 28.05.2019 143

ПОЛВОНЛАРИМИЗДА АТИГИ БИТТА ОЛТИН МЕДАЛЬ

Белбоғли кураш

24-25 май кунлари Чироқчи туманидаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган белбоғли кураш бўйича  Ўзбекистон чемпионатида  эркаклар "классик" ва "эркин" йўналишида 8 тадан вазн, аёллар фақат "эркин" йўналишида 7 та вазн тоифасида беллашди.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасига мувофиқ ташкил этилган мазкур мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 300 нафарга яқин  сара полвонлар иштирок этди.

Медаллар жамғариш бўйича биринчилик наманганлик спортчиларга насиб этди. Ушбу вилоят вакиллари бешта олтин, еттита кумуш ҳамда 15 та бронза медалга эга чиқишган. Шунингдек, Андижон, Фарғона вилоятлари спортчилар ҳам бу борада юқори натижаларни қайд этган.

Мусобақада вилоятимиз курашчилари атиги 1 та олтин медални қўлга киритди. Унга 52 килограмм вазн тоифасида курашган Муниса Алишерова эга чиққан.

Шунингдек, Филура Эргашева ҳамда Ирода Эркаева ўз вазн тоифалари бўйича кумуш медаль олишган бўлса, Мушарраф Ибодуллаева, Хуршида Тўхлиева, Мафтуна Эргашева ҳамда Озода Тошмуродова бронза медални қўлга киритган.

 Эркак курашчиларимиз фақат бир дона бронза медални қўлга киритди. Уни 90 килограммгача вазн тоифасида Шуҳрат Раҳматов вилоятимиз терма жамоаси ҳисобига ёзиб қўйган.

Ж.БОЙМУРОДОВ