Таълим 04.06.2019 272

ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБЛАРИДА КИМЛАР ЎҚИЙДИ?

Қарор ва ижро

Хабарингиз бор, 2019 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Унга асосан 2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биттадан, жами ўн тўртта Президент мактаблари ташкил этиладиган бўлди. Тасдиқланган жадвалга асосан Қашқадарё вилоятида 2020 йилда Президент мактаби қурилади. Президент мактаблари 2019-2020 ўқув йилида Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивада ишга туширилади. Бу мактаблар муваффақиятли синовдан ўтгач, 2020-2021 йилларда республиканинг барча вилоятларида ташкил этилади. Президент мактаблари бевосита Халқ таълими вазирлигига бўйсунади.

Хўш, Президент мактабларига кимлар қабул қилинади ўзи?

Бу мактабларга қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг     4-синф битирувчилари орасидан танлаб олинади. Битта мактабга йиллик қабул квотаси 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил -        12 нафардан ўқувчи тақсимланади.

Жорий йилда Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги Президент мактабларига ўқувчилар 5-10 синфларга, келгуси йилдан 5-синфга қабул қилинади. Ҳужжатлар 2019 йил 1 июндан        22 июнга қадар қабул қилинади, pm.xtv.uz расмий сайти орқали онлайн тарзда ҳам топширилиши мумкин. Бу йил ҳужжатлар ариза берувчи таҳсил олаётган ҳудудлар бўйича амалга оширилади. Бошқа вилоятлар мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар 2020-2021 йилларда республикамизнинг исталган ҳудудида ташкил этилган Президент мактабларига ҳужжат топшириши мумкин.

Президент мактабларига номзодлар умумтаълим мактабларининг энг истеъдодли ўқувчилари орасидан танлаб олинади. Номзодлар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, охирги ўқув йилидаги табелнинг асл нусхасини ҳамда таълим олаётган мактабидан белгиланган шаклдаги маълумотномани тақдим этиши керак.

Мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказилади. Жорий йилдаги тартибга биноан Президент мактабларига номзод 4-синф битирувчиларининг математика ва табиатшунослик фанларидан, 5-синф битирувчиларининг математика, биология, информатика ва ахборот технологиялари, 6-синф битирувчиларининг математика, биология, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан, 7-9-синфлар битирувчиларининг алгебра, геометрия, информатика ва ахборот технологиялари, физика, кимё ва биология фанлари бўйича баҳолари 5, яъни "аъло" бўлиши керак. Бу фанлардан баҳоси "аъло" бўлмаганлар Президент мактабларига ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга эмас.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бу йил Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивадаги Президент мактабларига ўқувчилар қабул қилинади. Номзодлар бир ўринга 20 кишидан ошса, дастлабки имтиҳон математика фани бўйича ўтказилади. Асосий босқичда талабгорлар сони бир ўринга 20 нафардан ошмаган ҳолда ташкил этилади. Асосий босқич ахборотни таҳлил қилиш ва аниқлаш бўйича, мантиқ элементлари бўлган математика ва инглиз тили фанларидан бўлади. Баллар тенг бўлиб қолса, қабул комиссияси номзодлар билан суҳбат ўтказади. Номзодлар ва уларнинг  ота-оналари имтиҳон натижаларидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Президент мактабларида ўқувчилар бепул озиқ-овқат, мактаб формаси ва яшаш жойи билан таъминланади. Ҳафтанинг 5 куни мобайнида мактабда ўқиш ва яшаш имкони берилади. Шанба ва якшанба кунлари ота-оналари болаларни уйига олиб кетиши мумкин. Ўқитиш жараёни таълим, табиий фанлар, технологиялар, техник ижодкорлик, санъат ва математика дастури бўйича инглиз тилида ўтилади. Шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларга ҳам аҳамият қаратилади.

Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бирга халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи берилади. Бу диплом хорижий ўқув юртларига ўқишга кириш имконини беради.

Президент мактабларида таҳсил олган ёшларимиз нафақат замон талабларига жавоб берадиган, шу билан бирга, халқу давлат ва миллат манфаати йўлида фидойи инсон бўлиб етишиши мақсад қилинган. Бир сўз билан айтганда, бу мактабларда ўқийдиган ёшларимиз халқимизнинг фахрига айланиши керак.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари