Сўнгги янгиликлар 27.12.2018 343

ПРЕЗИДЕНТ ТОПШИРИҚЛАРИ АСОСИДА КЕЛГУСИ ЙИЛИ ВИЛОЯТДА 1128 ТА ТАДБИР АМАЛГА ОШАДИ

Ижро ва истиқбол

ПРЕЗИДЕНТ ТОПШИРИҚЛАРИ АСОСИДА КЕЛГУСИ ЙИЛИ ВИЛОЯТДА

1128 ТА ТАДБИР АМАЛГА ОШАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13-14 декабрь кунлари вилоятга ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан йиғилиш баёни имзоланган бўлиб, унинг 1-бандида Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига вилоят ҳокимлиги билан биргаликда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари 4 та сектор раҳбарларининг фаолиятини ўрганиш, камчиликларни аниқлаб, 2019 йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича "йўл хариталари"ни тузишга кўмаклашиш топшириғи берилди.

Шунга асосан тузилган ишчи гуруҳ томонидан секторлар фаолияти таҳлил қилинди, штаблар иши ўрганилиб, мавжуд камчиликлар, муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилди.

2019 йилги "йўл хариталари"да 1128 та тадбир амалга оширилиши белгиланган бўлиб, улар учун жами 4 триллион 611 миллиард 361 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилди. Бунинг ҳисобидан келаётган йилда 98 километр йўл қуриш, 1 минг 200 километр ички йўлларни таъмирлаш, 339 километр ичимлик суви тармоқларини қуриш, 495 километрини таъмирлаш, 121,9 километр канализация тармоқлари қуриш, 161 километрини таъмирлаш, 162 та янги трансформатор ўрнатиш ва мавжуд 342 тасини янгилаш, 104 километр газ қувурларини таъмирлаш, 98 минг 960 та газ баллонлари етказиб бериш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, 134 та боғча, 24 мактаб ва 4 шифохона қурилиши, 101 боғча, 96 мактаб, 54 шифохона капитал таъмирланиши, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун 753 та арзон уй қурилиши, 2028 та уй-жой таъмирланиши белгиланди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 45 та бўш бино ва 7797 гектар ер майдони ажратиш, 184 та лойиҳани ишга тушириш учун 205 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияларни жалб этиш, фаолият кўрсатмаётган 337 та корхонани соғломлаштириш, бу орқали 23 минг 278 та янги иш ўрни яратилиши белгиланди.

Умуман олганда, давлат раҳбарининг вилоятимизга ташрифи ҳудуд ривожи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда янада янги саҳифаларни очмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Б.ЭРКАЕВ,

вилоят прокуратураси иқтисодий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи