Сўнгги янгиликлар 04.02.2019 245

ПРОФИЛАКТИК РЎЙХАТДА ТУРГАН ЁШЛАР ҲАРБИЙ ҚИСМДА НИМА ҚИЛИШДИ?

Тарғибот декадаси

ПРОФИЛАКТИК РЎЙХАТДА ТУРГАН ЁШЛАР ҲАРБИЙ ҚИСМДА НИМА ҚИЛИШДИ?

Ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи 27 нафар вояга етмаган вилоятимиз ёшлари 3 кун давомида Ғузор туманида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб қайтишди.

Маълумки, шу кунларда Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан "Барчаси ўз қўлингда!" шиори остида бутун мамлакатимиз бўйлаб тарғибот декадаси бўлиб ўтмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад ёшларни ҳарбий соғломлаштириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ ва армия якдиллигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Шунга монанд, уч кун давомида ҳарбий қисмда бўлган ёшлар ҳам аскарлар ҳаёти, жанговар ва тактик машғулотларини кузатиб, юксак ақлий ва жисмоний салоҳиятни талаб этадиган ҳарбийлик нақадар шарафли касб эканлиги ҳақида дастлабки тушунчаларга эга бўлди. Айниқса, ҳарбий қурол-аслаҳаларнинг келиб чиқиш тарихи, уларнинг турлари ва фойдаланиш усуллари уларда катта қизиқиш уйғотди.

- Ватанимиз сарҳадларини қуриқлашда жонбозлик кўрсатиб, юксак натижаларга эришган ҳарбий хизматчилар билан учрашув менда катта таассурот қолдирди, - дейди майда қилмиши билан вақтинча профилактик ҳисобга олдинган Асадбек Назаров. – Бу ерда хатоларим устида ишлашни ўргандим.

Ҳарбий қисмда ташкил этилган “Ёшлар кутубхонаси”да тадбирга жалб этилганлар китоблар мутолаа қилишди, уюштирилган турли мусобақаларда ўзаро куч синашишди.  

Аҳрор СОДИҚОВ