Жамият 22.02.2019 451

ПРОФИЛАКТИКА ТАДБИРЛАРИ КУТИЛГАН САМАРАНИ БЕРАЯПТИМИ?

Назорат ва натижа

ПРОФИЛАКТИКА ТАДБИРЛАРИ КУТИЛГАН САМАРАНИ БЕРАЯПТИМИ?

Хабарингиз бор, 2 йилдан бери жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳафтанинг ҳар пайшанба куни профилактика тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Хўш, бу тадбирлар қай даражада ўзини оқлаяпти? Эришилаётган натижадан хотиржам бўлиш мумкинми? Буни ўтган йил мисолида кўриб чиқамиз.

759 та жиноят "участковий"лар томонидан фош этилган

Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси  бошқармаси катта инспектори, капитан Дилшод Кенжаевнинг маълум қилишича, ўтган йилда аёллар томонидан содир этилган жиноятлар аввалги йилга нисбатан 226 тага, вояга етмаганлар жинояти 61, илгари судланганлар қўл урган жиноятлар 196 тага ҳамда ёшлар иштирокида юз берган жиноятлар 465 тага камайган. 742 маҳалланинг 116 тасида жиноят содир этилмаган. Айнан профилактика инспекторлари томонидан 759 та жиноят фош этилиб, 10 нафар қидирувда юрган шахс ушланган ва суд-тергов органларига топширилган.

Ўз навбатида ўтган йили вилоятда қасддан одам ўлдириш ва суиқасд қилиш 12 тага, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 17, номусга тегиш 13, ўғрилик 316, талончилик 14, босқинчилик 10, фирибгарлик 215, безорилик 31 тага камайган.

Вилоятда ўғри ва фирибгар кўпми?

Таҳлиллар кишида шундай фикр уйғотадики, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарли бўлмаяпти шекилли. Чунки бу борадаги рақамлар шу қадар юқорики, улар бир йилга, бир ҳудудга анча кўплик қилади.

Масалан, иш ва яшаш жойи ноаниқ, дайди ва тиланчилик билан шуғулланиб юрган 459 шахс аниқланган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 67 минг 964 шахснинг 46 минг 635 нафарига жарима жазоси тайинланган, 705 киши маъмурий қамоққа олинган. 20 минг 40 нафари расмий равишда огоҳлантирилган. 2159 та оила-турмуш доирасидаги можаро аниқланган.

Боласи дарсга сабабсиз бормаётган 958 ота-онага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 47-моддасига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 4 минг 629 нафар ўқувчи таълимга қайтарилган.

Вилоятда қайд қилинган 2 минг 918 та жиноятнинг 480 таси (16,4 фоизи)ни ўғрилик, 428 таси (14,6 фоиз)ни фирибгарлик жиноятлари ташкил этмоқда.

Қоровулхонами, қўшмахона?!

Вилоятда ўтган йили фоҳишалик билан боғлиқ 99 та, қўшмачилик билан боғлиқ 57 та ҳолат қайд этилгани инсон ахлоқи ва маънавияти билан шуғулланадиган муассасаларни ҳушёрликка чорлаши керак.

Аниқ мисоллар келтирадиган бўлсак, Чироқчи тумани Дам қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган Г.Бекназарова Янги Нишон шаҳридаги истироҳат боғида 7 минг сўм  эвазига фоҳишалик қилган.

Яккабоғлик, 1984 йилда туғилган С.Самиева эса Миришкорга бориб, 1967 йилда туғилган Б.Жўраев билан 50 минг сўм эвазига ахлоқсиз муносабатга киришган.

Миришкор тумани Помуқ маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган Ч.Маллаев ўзи ишлайдиган маданият саройи қоровулхонасидан қўшмахона сифатида фойдаланган (албатта текинга эмас).

Китоб тумани Йўлдош шаҳарча МФЙ Қавзахона қишлоғида яшовчи, 1963 йилда туғилган, баланд тоғ астрономик обсерваторияси Китоб комплекси фирмасида қоровул бўлиб ишловчи Х.Рапиев ҳам ўзи ишлаб келаётган жойнинг темир вагонида хулқи бузуқ кимсаларга шароит яратиб бериб, эвазига 30 минг сўм олган.

"Қаршинодирметалл" МЧЖда қоровул бўлиб ишловчи, Қарши тумани Шойхўжа қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро А.Ҳамраев қоровулхонадан қўшмачилик қилиш учун фойдаланган. Бунинг учун 60 минг сўм олган.

Ғузор тумани Жонбулоқ қишлоғида рўйхатда турувчи Х.Қодирова эса Ғузор тумани молия бўлими қоровулхонасида А.Суюнов билан 10 минг сўм эвазига жинсий муносабатга киришганини ҳам фақат қоралаш мумкин, холос. Албатта, уларнинг барчаси қилмишига яраша жазо олишган.

Қимматга тушган "холис хизмат"

 

Аслида бир нотўғри қадам ортидан иккинчисини етаклаб келади. Дейлик, шаръий никоҳ масаласи. Албатта, бусиз эр-хотин турмуш қуриб, бирга яшай олмайди. Фақат бунинг учун аввал қонуний никоҳдан ўтиб, тегишли гувоҳномали бўлиш керак.   Кейин эса шаръий никоҳга рухсат берилади. Ҳар ҳолда қонуний тартиб шундай.

Амалиётда фақат шаръий никоҳ ўқитиб, вақт ўтиб, ажрашиб, на алимент тўлайдиган, на оталик ҳуқуқини тан оладиган кишиларни кўп учратамиз. Бундайлар бўлмаслиги учун тегишли тартибларга риоя қилиш кифоя.

Бироқ Яккабоғ туманидаги Мустақиллик маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган А.Эркаев яшаш уйида фуқароларга ноқонуний никоҳ ўқиб бераверган. Шунга мувофиқ, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Яккабоғ тумани Ўғин қишлоғида яшовчи, 1955 йилда туғилган Ҳ.Жумаев, Тўртоғайни қишлоғида яшовчи, 1976 йилда туғилган З.Раҳматов эса ноқонуний диний фаолият билан шуғулланиб, турли йиғилиш ва маросимлар ташкил этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 201-моддасига асосан жарима билан жазоланган.

Нишон тумани Талимаржон шаҳри Обод маҳалласида яшовчи, 1966 йилда туғилган О.Собиров ва Тинчлик маҳалласида яшовчи, 1967 йилда туғилган фуқаро Г.Анохина нолегал диний мазмундаги китоблардан фойдаланиб келгани сабабли жарима тўлашди.

Ёшларга телефон нима учун керак?

Бугун телефон ишлатмайдиган одамни топиш қийин. Аслида ундан мақсадли фойдаланган киши кўп манфаат топиши тайин, бироқ айтарли мақсад бўлмаса, телефон ортиқча матоҳга айланади.

Нишон тумани Талимаржон шаҳарчасида яшовчи, 1998 йилда туғилган Ў.Тўрақуловни олайлик. Эндигина 20 ёшдан ҳатлаган йигит қўл телефони хотирасида беҳаё мазмундаги видеоролик сақлаб юрганини унинг ҳали ёш-ғўрлиги билан изоҳлаш мумкиндир, бироқ бу жавобгарликдан қутқариб қолади, дегани эмас. Балки энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги жарима жазоси Ў.Тўрақуловга тўғри хулоса чиқариш учун етарли бўлар.

Худди шундай, Қарши шаҳридаги Чақар маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Ж.Холов ва 1999 йилда туғилган Б.Муйдинов ҳам қўл телефонлари хотирасида ўндан ортиқ порнографик мазмундаги видеолавҳаларни олиб юргани аниқланган.

Ғузор тумани Катта қишлоғида яшовчи Д.Тўхтаев эса ўзига тегишли  бильярдхонада тунги соат 23:15 ларда тумандаги 2-мактабнинг 10-синф ўқувчиси, 2002 йилда туғилган Ж.Чоршанбиевнинг ота-онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахсларнинг кузатувисиз юришига йўл қўйган. Шунинг учун энди тегишлича жавоб беришига тўғри келади.

"Топган - гул, топмаган - бир боғ пиёз"...ми?

Қарши шаҳри Қавали маҳалласида яшовчи Р.Саидқулов Қамаши тумани Қорабоғ қишлоғида нима мақсадда юргани унинг чўнтагидан топилган гугурт қутиси ичидаги "маҳсулот"дан ойдинлашди. Судга оид кимёвий экспертиза хулосасида, қуритиб майдаланган ўткир ҳидли ўсимлик таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳванд моддаси бўлган марихуана эканлиги, оғирлиги 10,4 граммлиги маълум бўлди. Натижада жиноят иши қўзғатилди.

Қўрадаги 43 қўйнинг 22 тасини ўғирлаб кетишибди

2019 йил 9 январдан 10 январга ўтар кечаси Косон тумани Яккасарой маҳалласида яшовчи Б.Хўжаниёзовнинг оғилхонасидан 22 бош қўй ўғирлаб кетилган. Фуқаронинг айтишича, қўйларнинг ҳар бирининг бозор баҳоси 850 минг сўм атрофида бўлган.

Тезкор-тергов ҳаракатлари давомида ўғирликни Косон туманидаги Раҳимсўфи маҳалласи Бўстон қишлоғи ҳамда Яккасарой маҳалласида яшовчи фуқаролар содир этгани аниқланди. Жиноятчилар ушланган.

Қўлга тушган қиморбозлар

Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятда 301 ҳолатда қиморбозлик аниқланган. Бу айрим кишиларда заҳмат чекмай мўмай даромадли бўлиш, ғирром йўллар билан пул топишга рағбат ошганини кўрсатади.

Хусусан, Китоб тумани Жилисув ҚФЙ Чимбой қишлоғида яшовчи, 1983 йилда туғилган М.Эгамбердиев яшаш уйида маҳалладошлари билан пул тикиб қимор ўйнаётгани аниқланиб, ашёвий далил сифатида 1 миллион 700 минг сўм пул ҳужжатлаштириб олинган.

Чироқчи тумани "Шўрқудуқ" деҳқон бозорида Кўктош қишлоғида яшовчи Э.Хасанов қимор ўйнаётганда қўлга тушган. Пул ва шашқолтош расмийлаштириб олинган.

Яккабоғ тумани Татар МФЙ Ҳайдарбулоқ қишлоғида яшовчи С.Эрматовнинг яшаш хонадонида маҳалладошлар йиғилиб, қарта ташлашган ва ўйинга 1 миллион 600 минг сўм тикишган.

Ихтилоф чиқариб, турли жиноятларга йўл очадиган ғирром ўйин иштирокчиларининг ҳаммаси қонуний жазосини олишди.

Берилган имкониятни қочиш учун яратилган шароит, деб тушунган чоғи

Адашган, нотўғри йўлга кириб қолган инсонларга имконият бериш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш керакми? Албатта керак. Бироқ ундан ҳамма ҳам тўғри хулоса чиқармас экан. Чироқчи туманидаги Сойбўйи МФЙ Жамайи қишлоғида яшовчи, 1990 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисми ҳамда 109-моддаси 2-қисми билан судланган Сирожиддин Қалқоновга нисбатан 2018 йил 18 январь куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан маъмурий назорат ўрнатилган. Тегишли чеклашлар тушунтирилган. Бироқ бунга риоя қилмагани учун туман маъмурий суди томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима қўлланган. Шунда ҳам ақли кирмаган фуқаро тўғри Қозоғистонга жўнаб юборган. Қонуний чора эса С.Қалқоновга нисбатан жиноят иши қўзғатиш бўлди.

Шийпондаги сандиқ орқасига ов қуролини яширибди

Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлгани учун кўплаб фуқаролар ихтиёрий равишда бундай буюмларни ўз ихтиёри билан топширмоқда.

Масалан, Қарши шаҳар Қарлиқбоғот маҳалласида яшовчи Р.Ташмуратова яшаш уйининг том қисмини йиғиштираётганда, 1 нилли, ТОЗ-8 М русумли, 5,6 калибрли ўқотар қурол ва 67 дона патрон топиб олган. Сўнг қонуний йўл тутган.

Муборак тумани Олмазор маҳалласида яшовчи О.Хушвақтов 12 калибрли ўқотар ов қуролининг 5 дона патронини, Ғузор тумани Эскибоғ қишлоғида яшовчи Э.Шойимов отасидан қолган "Револьвер" тўппончасини ўз хоҳишлари билан ички ишлар идораларига олиб келиб топширишган.

Бироқ Ғузор тумани Ғалча қишлоғида яшовчи З.Каримов раҳбарлик қиладиган "Нозимбек Маматраимович" фермер хўжалиги дала шийпонидаги сандиқ орқасига 16 калибрли "Иж-17" русумли ов қуроли яшириб қўйилгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан З.Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Албатта, аниқланаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони кўп. Юқорида келтирилган рақам ва ҳолатларни ошкор қилишдан мақсад эса бошқаларни огоҳлик сари ундашдир.

Н.ХЎЖАЕВ