Расмий 15.12.2018 353

ПУХТА ЎЙЛАНГАН ТАШАББУСЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

ПУХТА ЎЙЛАНГАН ТАШАББУСЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 13 декабрь куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифини Ғузор туманида барпо этилаётган Uzbekistan GTL заводи билан танишишдан бошлади.

Ушбу ҳудуд яқин-яқингача қуруқ дашт бўлиб, бу ерда қурилиши мўлжаллаган завод лойиҳаси тўхтаб қолган эди.

Шавкат Мирзиёев бу лойиҳага оид барча масалаларни ҳал қилиб берди - Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ, "Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш" инвестиция лойиҳаси бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил февраль   ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур заводнинг қурилиш майдонига келиб, уни молиялаштириш, хорижий технологиялар билан жиҳозлаш, қурувчилар ва кадрлар таъминоти каби барча масалаларни чуқур таҳлил қилган эди.

Худди ўша жой. Фақат бу гал манзара умуман бошқача. 135 гектардан зиёд майдонда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Темир-бетон пойдеворлар қўйилиб, эстакадалар кўтарилган. Улкан автокранлар ўрнатилиб, мураккаб ускуналарни йиғиш бошлаб юборилган. Заводнинг юраги бўлмиш "Фишер-Тропш" реактори барпо этилмоқда.

Завод дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар - "Sasol" (ЖАР), "Haldor Topsoe" (Дания) ва "Chevron" (АҚШ) технологиялари асосида бунёд этилаётир. Қурилиш ишлари бош пудратчи - Корея Республикасининг "Hyundai Engineering Co. Ltd." ва "Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd", Сингапурнинг "Enter Engineering Pte. Ltd." компаниялари томонидан олиб борилмоқда. Қурувчи ва пайвандчиларнинг кўпчилиги маҳаллий ёшлардир.

Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 21 давлатдаги 126 заводда мажмуа учун зарур 11 мингдан ортиқ технологик ускуна тайёрланмоқда.

Бундай иш ҳажми бежиз эмас. Табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда мураккаб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва чуқур илмий ечимларни талаб этади. Ҳозир дунёда бундай заводлар атиги бешта. Шўртандагиси олтинчиси бўлади.

Мазкур улкан лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларига тенг. Унинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Унинг 311 минг тоннаси авиакеросин, 743 минг тоннаси дизель ёнилғиси, 431 минг тоннаси нафта, 53 минг тоннаси суюлтирилган газ бўлади.

Заводнинг асосий аҳамияти шундаки, табиий газ хомашё эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади. Масалан, 1000 куб метр табиий газни тахминан 155 долларга экспорт қилаётган бўлсак, янги заводда шунча газни қайта ишлаш орқали 300 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Фойда икки баробар ортади. Бошқа GTL маҳсулотларидан олинадиган қўшимча даромад 576 миллион доллардан ошади.

Яна бир муҳим жиҳат - йилига нефть импортига кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта тежалади. Завод ишга тушгач, 1 минг 300 дан ортиқ киши иш билан таъминланади.

Президентимиз мажмуа қурилишини кўздан кечирди. Пудратчи ва инвесторлар билан суҳбатлашди.

Биз ҳар томонлама мулоҳаза қилиб, 1 миллиард долларлик импорт ўрнини тўлдирадиган тарихий лойиҳани амалга оширмоқдамиз. Бу иқтисодиётимиз барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу пайтгача нефть-газ тармоғида бундай номенклатура йўқ эди. Бу ерда ёқилғи ишлаб чиқариб, бензин таннархини туширсак, одамлар лойиҳа самарасини ўз кундалик ҳаётида сеза бошлайди, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мутахассислар, техника ва ресурслардан максимал фойдаланиб, қурилиш-монтаж жараёнларини оқилона мувофиқлаштириш, заводни ишга туширишни тезлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни имкон қадар эртароқ йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Уни фойдаланишга топшириш муддатини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди.

Ушбу завод Шўртан газ-кимё мажмуасига яқин жойлашгани умумлашган инфратузилма объектларидан фойдаланишда қулайлик яратади.

Бу ерда яна бир лойиҳа - Шўртан газ-кимё мажмуасининг қувватини 125 минг тоннадан 505 минг тоннагача ошириш режалаштирилмоқда. У GTL нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқаришни кўзда тутади.

Бундай ишлар нефть-газ соҳасида биринчи кластер яратиш имконини беради. Ушбу корхоналар келгусида кимё, автомобилсозлик, туризм, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Президентимиз Яккабоғ туманида "Sag agro Yakkabog'" масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган ёнғоқзор ва бодомзорларни бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 июндаги "Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ҳамда жорий йил январь ойидаги Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида туманда "Sag agro Yakkabog'" МЧЖ томонидан 25 миллиард сўм маблағ эвазига 1 минг 140 гектар майдонда ёнғоқзор ва бодомзорлар ташкил этилмоқда. Айни пайтда 700 гектар майдонда ёнғоқнинг "Chendler", "Cisco" ва бодомнинг "Аvijor", "Guara" навли кўчатлари ўтқазилди. Келаси йили яна 440 гектар майдонда мазкур дарахт кўчатлари экилади. Ёнғоқзор 4 йилда, бодомзор 3 йилда ҳосилга киради.

Мазкур боғ тўлиқ барпо этилгач, йилига 7 минг тоннага яқин маҳсулот олинади. 500 кишининг бандлиги таъминланади. Етиштирилган маҳсулотнинг 60 фоизини экспортга чиқариш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз боғда ёнғоқ кўчати ўтқазди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллий табиий-иқлим шароитига мос ёнғоқнинг серҳосил плантацияларини яратиш, ҳудудларда ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш, ишлаб чиқилган инновацион технологияларни ёнғоқ етиштириш жараёнига жорий қилиш, ёнғоқ кўчатларини парвариш қилишга жалб этиладиган агрономларни ёнғоқ плантацияларида агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Қашқадарё қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳиятга эга. Яккабоғда ҳам ҳосилдор ерлар, деҳқончиликни яхши биладиган одамлар кўп. Бундан тўғри фойдаланиб, боғдорчиликни ривожлантириш, аҳолини ҳам озиқ-овқат билан, ҳам иш билан таъминлаш мумкин, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис кўчатхоналар ташкил этиш, аҳоли томорқалари учун мевали дарахтлар етказиб бериш зарурлиги таъкидланди.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё вилояти туманларидаги захира ер майдонларида ўрмон хўжаликлари томонидан 2019-2020 йилларда писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда плантацияларини ташкил этиш ҳамда Қамаши давлат ўрмон хўжалигида куркачиликни ривожлантириш, мамлакатимиздаги ўрмон хўжаликлари ва фермер хўжаликларида писта плантациялари барпо қилиш, қоракўлчилик, узумчиликни ривожлантириш, "Nasaf agro impeks" МЧЖ томонидан Китоб туманида замонавий интенсив боғ ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарига вилоятда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз Муборак туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Азиз агро транс файз" замонавий иссиқхонаси фаолияти билан танишди.

Тадбиркор Қобилжон Ғуломов 2016 йили "Муборак иссиқлик электр маркази" АЖ атрофидаги ташландиқ ҳудуддан 2 гектар ер олиб, иссиқхона барпо этган эди. Натижа кутилганидан ҳам зиёд бўлди. 2017 йил 4 гектар, 2018 йил яна 3 гектар ерда иссиқхона қурди.

Табиийки, чўл ҳудудда, оқар сувдан узоқда мўл ҳосил етиштириш осон эмас. Тадбиркор бунинг ҳам уддасидан чиқди. Яъни ёмғир мавсумида 800-1000 тонналик сув тўпланадиган ҳовузлар қурди. Тўпланган сувдан экинлар томчилатиб суғорилади. Яна бир аҳамиятли томони "Муборак иссиқлик электр маркази" АЖда ишлаб чиқаришда пайдо бўладиган иссиқ сув илгари махсус жараёнда совитиларди. Ушбу иссиқ сув қувурлар орқали иссиқхонага тортиб келинган. У иссиқхонадаги зарур ҳаво ҳароратини таъминлаб беради, совигач, яна иссиқлик корхонасига қайтарилади. Айни пайтда иссиқхонада 100 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Келаси йили иссиқхона умумий майдони 10 гектарга етказилади. Иш ўринлари сони яна кўпаяди.

Умуман, туман бўйича 60 тадбиркорга 300 гектар ер шу каби иссиқхона қуриш учун ажратилган. Келгусида иссиқхоналар қуришни янада кенгайтириш кўзда тутилган.

Президентимиз замонавий иссиқхона фаолияти билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди.

Мамлакат иқтисоди ривожи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2019-2020 йилларда иссиқхоналар ташкил этиш, Чироқчи туманида лалми майдонларда полиз экинлари етиштиришни кўпайтириш, вилоятда аҳоли томорқасидан фойдаланишни яхшилаш каби қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган дастурга асосан Қашқадарё вилоятида енгил саноат тармоғида 10 дан зиёд йирик истиқболли лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ўтган даврда уларнинг айримлари доирасида ишлар якунланиб, янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Қарши шаҳридаги "Sulton teх group" корхонаси ана шулардан биридир.

Мазкур корхона жойлашган ҳудуд бундан икки йил муқаддам собиқ пахта заводига қарашли қаровсиз ерлар эди. Давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида Қашқадарё вилоятида амалга ошириладиган енгил саноат лойиҳалари қаторида "Sulton teх group" корхонасини барпо этиш ҳақида ҳам маълумот берилган эди. Асосий мақсади пахта толасини чуқур қайта ишлаш орқали ташқи бозорда талаб юқори бўлган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлган мазкур корхона вилоятда енгил саноат тармоғини ривожлантиришда муҳим лойиҳалардан бири бўлади.

Ўтган даврда лойиҳа учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 10,4 миллион доллар кредити ва корхона таъсисчисининг 6,6 миллион доллар ўз маблағи йўналтирилиб, пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқариш корхонасини қуриш бошлаб юборилди. Жорий йил бошида лойиҳанинг дастлабки босқичи - йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика ишга туширилди.

Президентимиз вилоятга ташрифи давомида ушбу корхонада бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Пахта толали ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада Швейцария ва Япониядан келтирилган энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналари ўрнатилган бўлиб, бу ерда 300 га яқин ишчи меҳнат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида корхонада 5 минг 800 тонна ип-калава ишлаб чиқарилди. Шундан 12 миллион долларлик маҳсулот Польша, Туркия, Эрон, Миср каби 10 га яқин мамлакатга экспорт қилиниб, 50 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга етказиб берилди.

Корхонада толани тозалашдан тортиб, ўрашгача бўлган барча жараён автоматик тарзда бошқарилади. Лабораторияда тола ва ип сифати қаттиқ назоратга олинади.

Давлатимиз раҳбари ушбу лаборатория фаолиятини ҳам кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди. Президентимизнинг ташрифи доирасида лойиҳанинг иккинчи босқичи - йилига 3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга тўқув фабрикаси фаолиятига старт берилди.

Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 53 миллион доллардан зиёд бўлган корхонанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, тайёр     кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жумладан, тикув маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси 2019 йил январь ойида ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 3 миллион доллар бўлиб, Европанинг илғор ишлаб чиқариш ускуналари асосида ишлайди. Фабрика ишга тушиши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, йилига 9 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда корхонада энг самарали иқтисодий тизим бўлган пахта тўқимачилик кластери ташкил қилиниб, бунинг учун Қарши тумани ҳудудидан 10 минг гектар ер майдони ажратилган. Пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён ушбу корхонанинг ўзида амалга оширилади. Бу маҳсулот таннархи арзонлашиши ва сифат даражасининг ошишига олиб келади, вилоятда жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.

Шавкат Мирзиёев корхонанинг   кейинги босқичларини тез ва сифатли амалга ошириш, тайёр маҳсулот турларини ва экспорт географиясини янада кенгайтириш, пахта тўқимачилик кластерини такомиллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

Шу ерда Сингапурнинг "Индорама" компанияси томонидан Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этиш, мамлакатимизнинг Польша, Эрон, Буюк Британиядаги элчихоналари томонидан Қашқадарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган режалар тақдимоти ўтказилди.

Президентимиз 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказларининг Қарши филиаллари лойиҳаси билан танишиб, бу филиалларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайлик яратиш эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Қисқа вақт оралиғида мазкур лойиҳалар асосида жадал қурилиш ишлари бажарилди, илгари фойдаланилмай турган ҳудуд туташ жойлашган марказ филиаллари атрофи ободонлаштирилди.

Давлатимиз раҳбари бу ерда беморлар учун яратилган шароитлар, тиббий асбоб-ускуналар, малакали кадрлар таъминоти, замонавий даволаш усуллари билан танишди.

Филиал нафақат қашқадарёликлар, балки бошқа вилоятлар ва қўшни республикалар аҳолиси учун ҳам хизмат қилади.

120 ўринли Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилади.

Марказ юрак-қон томир касалликларига ташхис қўйиш ва даволаш учун зарур барча замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу асбоб-ускуналардан самарали ва тўғри фойдаланиш ниҳоятда муҳимдир. Бунинг учун замонавий тиббиёт илмини чуқур ўзлаштирган, тажрибали ва ўз касбининг фидойи мутахассислари зарур.

Марказга юрак-қон томир касалликларини даволашда илғор тажрибага эга, Россия, Германия каби давлатларда таҳсил олган, малака оширган шифокорлар жалб қилинган. Улар ўз тажрибаси ва билимларини вилоятдаги ҳамкасбларига ҳам ўргатади.

Бу ерда коронарография, вентрикулография, томирлар ангиографияси, коронар томирларни стентлаш, баллонли вальвулопластика, бўлмачалараро ва қоринчалараро тўсиқ нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш, аортакоронар шунтлаш, юрак орттирилган нуқсонларидан клапанларни протезлаш, аорта ва унинг шохларида, юрак туғма нуқсонларида қилинадиган жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Шу кунгача ҳудудда эндокринология хизматини кўрсатадиган бош муассаса - вилоят эндокринология диспансери бўлиб, у 1980 йилда ташкил этилган, ишлаш тизими ҳамон эскича эди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, эндокринологик касалликка чалинган беморлар энди шу ерда даволанади. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва болалар, қалқонсимон без касалликлари ва эндокрин жарроҳлик, диабетик тўпиқ жарроҳлиги, лаборатория-диагностика каби бўлимларни, 50 қатновга мўлжалланган поликлиникани ўз ичига олган марказда йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Филиални малакали мутахассислар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Икки нафар шифокор хорижда малака ошириб қайтди. Бу ерда амалга оширилган асосий янгиликлардан бири Диабет мактаби фаолияти йўлга қўйилганидир. Мактабда малакали ҳамширалар қандли диабетга чалинган беморларга ўз-ўзини назорат қилиш, касалликнинг келиб чиқиш омиллари, унинг олдини олиш йўллари, болаларга эса нон бирлигига асосан тўғри овқатланиш тартиби ўргатилади.

Шавкат Мирзиёев мазкур тиббиёт муассасаларига малакали мутахассисларни жалб қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қамрови ва сифатини янада ошириш юзасидан топшириқлар берди.

Қарши шаҳридаги ушбу филиаллар бошқа вилоятларга намуна бўлиши керак. Бунинг учун, аввало, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш зарур. Асосий мақсадимиздан бири - халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш. Бунинг учун биз барча имкониятимизни сафарбар этамиз. Токи бу ислоҳотларимиз самарасини халқимиз бугун, кундалик ҳаётида сезсин, деди давлатимиз раҳбари.

Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

ЎзА