Маънавият 07.05.2019 139

РЎЗА - РУҲНИ ПОКЛАЙДИ

Рамазон ҳикмати

Мусулмон оламида Рамазон ойи муборак саналиб, рўза тутиб, тоат-ибодат билан руҳни поклайдиган, гуноҳларни ювадиган палла саналади.

Ўттиз кундан иборат бу ойда ўзида яхши хулқларни шакллантирган, Рамазон рўзасини тўкис адо этган  инсон қолган ойлар давомида ҳар хил имтиҳон, синов, тўсиқлардан осонлик билан ўтади. Зеро, одам шу маросим орқали нафсдан устун келади, ўзини тоблайди, гуноҳлардан фориғ бўлади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади: "Кимки рамазон рўзасини ишонч ва умид билан тутса, гуноҳлари кечирилади".

Ривоят қилинадики, Аллоҳ таоло биз яшаб турган оламни яратгандан сўнг, ақлни яратди. Аллоҳ таоло ақлга:

"Яқинроқ кел", деди. Ақл яқинроқ келди. Аллоҳ таоло ақлдан сўради:

"Мен кимман, сен кимсан?". Шунда ақл шундай жавоб берди:

"Мен ақлман, сен эса мени яратган раббимсан".

Шундан сўнг Аллоҳ таоло нафсни яратди. Унга:

"Яқинроқ кел", деди. Нафс эътибор қилмади. Сўнгра Аллоҳ таоло ундан ҳам:

"Мен кимман, сен кимсан?",  деб сўради. Шунда нафс:

"Мен сени танимайман. Мен менман, сен сенсан", деб жавоб берди. Аллоҳ таоло нафсни юз йил дўзахда азоблади. Сўнг ҳузурига чорлаб ундан яна сўради. Аммо нафс олдинги жавобини қайтарди. Аллоҳ таоло нафсни яна юз йил очлик билан азоблади. Нафснинг очлик азобидан хаёли жойига келди. Аллоҳ таоло ундан:

"Мен кимман, сен кимсан", деб қайта сўради. 

Нафс эса бу сафар:

"Мен нафсман, сен менга ризқ берувчи раззоқ экансан", дея Аллоҳ таолони таниди.

Шу сабабли Аллоҳ таоло инсонга бир ой рўза тутишни буюриб, унга нафсини билишга, ундан сўнг ризқ берувчи зотни танишга ундайди.

Донишмандлар инсон нафсини бир неча даражага бўлади. Нафснинг биринчи даражаси нафсул-аммора дейилади. Нафсул-аммора инсоннинг ейиш, ичиш, ухлашдан иборат ҳаёти, яъни унга дунё ва охиратни қайғу қилмайдиган болалик даври мисол қилинади. Аммо инсоннинг нафси бу ҳолатга шундай ташлаб қўйилса, у ҳар хил ёмонликка ундайди. Бу ҳақда Қуръони каримда Юсуф алайҳиссалом номидан шундай дейилади:

"Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир". (Юсуф сураси, 53-оят).

Шу сабабли инсон ўз нафсини билиб, унинг гуноҳга олиб борувчи хоҳишлари билан курашиши зарур.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар:

"Бизнинг олдимизда то қиёматгача давом этиб турадиган кураш бор, у ҳам бўлса, ҳар кимнинг ўз нафси билан курашишидир". 

 Ҳар бир инсон ўз нафси билан курашишда Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига суяниши лозим. Қадимда бир шогирд устози ҳузурига кириб: "Устоз, мен нафсим буюрганини қилайми ёки унинг буюрганига қарши иш тутайми?",  деб сўрабди. Шунда унинг устози:

"Нафсинг буюрганига қарши иш тутма ва уни айтганини ҳам қилма, балки нафсингни худонинг буйруғи билан тарбия қил", деб жавоб берган экан. Шу туфайли Аллоҳ таоло бир ой рўзани инсон нафси учун яхши тарбия кўриш ойи қилди.

Рўза иродани мустаҳкамлаб, инсондаги мақсадни кучайтириб, саломатликни тиклайди. Танага дам бериб, уни таъмирлайди, ортиқча юклардан халос қилади. Ҳадисда баён этилганидек:

"Рўза тутинглар, саломат бўласизлар".

Руҳиддин АКБАРОВ