Маънавият 21.05.2019 167

РЎЗАДОР ҚАНДАЙ ТАОМЛАНГАНИ МАЪҚУЛ?

Мутахассис тавсияси

Муборак Рамазон ойида барча мўмин-мусулмонлар қатори кўплаб юртдошларимиз ҳам ўз зиммасидаги муқаддас фарз амални бажаришга киришди. Бу фурсатда рўзадор ҳар қандай гуноҳ амалдан тийилибгина қолмай, куннинг маълум вақтида таомланишдан ҳам ўзини чеклаши, нафсини жиловлаши лозим бўлади. Маълумки, киши рўза тутиб, нафақат савобга эришади, балки организми учун ҳам фойдали иш қилган бўлади, вужудини ислоҳ этади. Аммо тан олиш керак, саҳарлик ва ифторликда ҳамма ҳам тўғри ва соғлом овқатланишга амал қилмайди. Баъзан ҳаддан ошиш, меъёридан кўп ва ўринсиз ейиш ҳолати, ундан сўнг ҳаракатсизлик ҳам кузатилади. Натижада  тановул қилинган неъмат саломатликка жиддий зарар етказиши мумкин.

Хўш, рўзадор қандай таомланса, мақсад мувофиқ бўлади? Қуйида шу ҳақдаги тавсияларимиз билан яқиндан ўртоқлашамиз. Зора, кимгадир манфаат келтирса.

Сир эмас, мусулмонларга рўза кўп асрлар илгари фарз қилинган. Айтмоқчимизки, ҳозиргига қараганда ўша даврларда таомланиш билан боғлиқ шароит сал бошқача бўлган. Яъники, айни пайтга келиб тоам тури кўпайди. Уларнинг аксарияти юқори калорияли. Хуллас, рўзадор олдида танлов имконияти кенг. Шу боис рўза пайти хуштаъм, ёғ ва гўштга сероб овқатлар, хилма-хил ширинликларни бас дегунча еб қолиш пайида бўлганлар ҳам топилади. Қолаверса, сўнгги вақтда Рамазон ойи  иссиқ даврга тўғри келмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида ўта серқувват таомланиш ҳам овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин.

Нима еса, тўқ тутади?

Сахарликда ҳам соғлом овқатланишга ҳаракат қилиш керак. Қисқагина бадантарбия билан шуғулланиб, ювиниб олгач, бир пиёла тоза қайнатилмаган сув ичиш ва 10-15 дақиқа вақт ўтказиб нонушта қилиш тавсия этилади. Тановул қилиш рўзадор учун жуда муҳим, чунки у организмни керакли энергия билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Саҳарликда  олдин қуруқ мевалардан, масалан,  араб хурмоси, ёнғоқ ёки майиз ейиш фойдали. Агар ёнғоқ, ўрик туршаги, қора майиз, лимон (пўсти билан) ва асални аралаштириб, ундан 2-3 ош қошиқ истеъмол қилсангиз, сизни кун давомида тўқ тутади. Оғиз ёпишда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиш шарт эмас. Бу, аксинча, кун давомида оч ва чанқаб юришингизга туртки беради. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда енгил таомланиб, сувдан тўйиб ичиб олишса, шунинг ўзи кун давомида тетик юришларига етарли бўлади.

Кечқурун тайёрланган таомни саҳарлик учун ейиш мумкин эмас. Бироқ кечадан қолган гўшт, сомса ва бошқа таомлар билан саҳарлик қилувчилар ҳам йўқ эмас. Овқатни совутгичда сақлашдан қатъи назар 6-8 соат ичида унинг таркибида зарарли микроорганизмлар кўпайиб, кишини зарарлаши мумкин. Шунинг учун саҳарлик таомини уни истеъмол қилишдан олдин тайёрлаган маъқул. Албатта, тонг саҳарда бунга вақт камлик қилади. Тез пишадиган таомлар, масалан, ҳар хил гуручли, ёрмали бўтқалар ёки тухум қуймоқ (хоҳишга қараб) танлаб олинади ва у нон билан ейилади.

Саҳарликда тегишли миқдорда суюқлик ичиш ҳам муҳим, сабаби, иссиқ кунлари киши организмининг сувга талабчанлиги ошади. Таомланишдан 10-15 дақиқа аввал ичилган бир пиёла сув ошқозонда кечаси билан тўпланган шира, шилимшиқ суюқликларни ичакларга ювиб ўтиб кетади, меъдани навбатдаги таомларни ҳазм қилишга тайёрлайди. Шундан кейин таомлардан хуш кўрганингизни еб, устидан чой ёки яна сув ичсангиз бўлади. Бу ўринда аччиқ бўлмаган кўк чой маъқул. Саҳарликда яхши овқатланиб бўлиб, шартта чўзилиб ётиш жудаям зарарли. Бу ҳолат ошқозон, ичакларимиз иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин.

Яхшиси, таомланганингиздан кейин кўчада ёки ҳовлида 25-30 дақиқа сайр қилинг, жисмоний фаоллик кўрсатинг. Бу ҳол барча аъзоларингиз, айниқса, ошқозон-ичакларингиз самарали ишлаши учун жуда фойдали. Эрталабки тоза ҳаво танангизга ҳам хуш ёқади.

Қайнатилмаган сув ичиш хосияти

10-15 соат овқат емаслик ва сув ичмаслик вужудимизни бироз толиқтириши табиий ҳол. Бу фақат фойдамизга хизмат қилишини ҳам асло унутмаслик керак. Ана шундай синовдан сабот билан ўтган киши ифторликда нимага эътибор қаратиши керак? Аввало бир пиёла тоза қайнатилмаган  сувни қултум-қултум қилиб ичиш тавсия этилади. Нега айнан тоза қайнатилмаган сув?!  Боиси, бундай оби ҳаётда организм учун керакли маъданли моддалар мавжуд, унинг "тирик" сув дейилиши сабаби ҳам шундан. Сув қайнатилганда эса мана шу моддалар чўкмага тушиб, "ўлик" ҳолига келади. Шундай экан, саҳарлик ва ифторликда тоза қайнатилмаган сув истеъмол қилиш кони фойда.

10-15 дақиқа ўтгач, иссиқ овқат тановул қилиш мумкин. Суюқ таом (айниқса, қайнатма шўрва) бўлса, айни муддао. Айрим кишилар овқатдан кейин ҳар хил ширинликлар, масалан, қанд-қурс, пишириқлар, торт ейишни одат қилишган. Буни биз тавсия қилмаймиз. Жуда бўлмаганда, табиий маҳсулот - бироз (бир-икки чой қошиқ) асал истеъмол қилинг, у овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Шундан кейин чой (унчалик иссиқ бўлмаган кўк чой), бироз вақт ўтиши билан тоза қайнатилмаган сув ичиш керак.

Маълум муддат давом этган ҳолсизлик туфайли ифторликдан кейин организм бўшашиб кетади, кишининг ётгиси келади. Бунга асло йўл қўйманг. Бироз дам олгач, кўча ёки ҳовлида аста-секинлик билан 20-30 дақиқа ҳаракат қилиш (кўпинча пиёда юриш) жуда фойдали. Шунда овқат ҳам яхши ҳазм бўлади, тинч ором олиб ухлайсиз.

Уйқуга ётишдан 0,5 - 1 соат олдин эса бир пиёла қатиқ ёки кефир ичсангиз янада яхши. Улар, биринчидан, оқсил манбаи, иккинчидан, ҳазм йўлларидаги патоген (касаллик уйғотувчи) микробларни ўлдиради, организмни заҳарли токсинлардан тозалашда жигарга кўмак беради,  вужудни тинчлантиради.

Жазирама кунлари роса чанқаб қолганлиги туфайли айрим кишилар ифторлик пайтига келиб дарров бир неча пиёла, баъзан эса косалаб сув ичиб қўяди. Бундай қилиш физиологик нуқтаи назардан нотўғри, чунки бунинг натижасида иштаҳа йўқолади. Шундай бўлсада, киши ўзини мажбурлаб таомланади. Натижада овқат ҳазм қилиш жараёни бузилади. Иштаҳа бўлмаганида ейилган овқатга нисбатан ажралган ҳазм ширалари (меъда-ичак ширалари, ўт суюқлиги) таркиби ва миқдори билан яхши иштаҳа бўлганидагидан фарқ қилади. Шунинг учун бундай ҳолатда овқатланмай турганингиз маъқул. Энг мақбули, бир-икки соат ўтказиб, иштаҳа яна уйғонганида тамадди қилиб олсангиз, мақсадга мувофиқ бўлади.

Дабдабали ифторликдан сақланиш жоиз

Рўзадорларга атаб ифторлик дастурхони ёзиш ҳам яхши анъанага айланган. Бизни ташвишлантираётган нарса бундай маросимларнинг жуда ҳашамдор ўтаётганидир. Кўз-кўз қилиш учунми ёки одамлар гапиришидан қўрқибми, дастурхонни турфа ноз-неъматга тўлдириб юборишади, борини тўкиб-сочишади. Ифторликка келган рўзадор эса баъзан мезбоннинг раъйи деб, айримлар нафсига эрк бериб, меъёрдан ортиқ таомланишдан ўзини тиёлмайди. Кунора дабдабали ифторлик устидан чиқадиган ким, қанча?!

Натижада рўзадор рўза тутмаган одатдаги кунларидагидан ҳам кўп миқдорда таомланади. Серёғ, сергўшт овқатларни ҳаддан зиёд тановул қилади. Тўғри, ейиш керак, аммо меъёри билан. Негаки ушбу ҳол организмга (айниқса, ҳазм аъзоларига) катта юклама тушишига олиб келади. Ҳазм ширалари шиддат билан кўп ажралади, қонда ичаклардан сўрилган шакар, аминокислоталар, ёғ ва глицерин одатдагидан кўпаяди.

Охир-оқибат бу нимага олиб келиши ҳам ўз-ўзидан маълум. Юрак-қон томирлари, ички секреция безлари, моддалар алмашинуви тизимлари ишида ўзгаришлар рўй беради. Киши ўзини вақти-вақти билан беҳузур сеза бошайди. Айрим кунлари овқат егингиз келмай, иштаҳа йўқолади. Бу эса организмнинг  ўзини-ўзи юкламадан қутқариш учун кўрган чораси. 

Бундай бўлмаслиги учун қаерда бўлмасин гўшти ва ёғи кам бўлган мастава, қатиқли овқатлар, мева-чевалар, сабзавотли, кўкатли салатлар билан ифторлик қилишингиз ҳар жиҳатдан маъқул, назаримизда. Айтиб ўтилган нохуш ҳолатларга тушиш физиологияда овқатнинг специфик-динамик таъсири деб юритилади. Бунда қон босими кўтарилиши, модда ва энергия алмашинуви кучайиши боис организм қийналади, баъзан эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Рўза тутиш физиологик нуқтаи назардан барча ҳазм аъзоларига вақтинча дам бериш, дегани. 15-16 соат, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт ошқозон-ичакларга на сув, на овқат тушмай, улар дам олади, ўзида тўпланиб қолган озиқ моддалардан тозаланади. Бунинг ўрнига кун узоғида ўзини "супуриш, сидириш" билан банд бўлган ошқозон-ичакларимизни серёғ, сергўшт ва бошқа юқори калорияли таомлар билан янада тўлдириб ташлаш эса организмга жабр қилиш демакдир.

Одатий турмуш тарзимизда биз юқори калорияли таомларни тановул қиламиз ва бу ҳол организмнинг баъзи вазифаларини, масалан, ўзини-ўзи қайта тиклаш қобилиятини бажаришига халақит беради. Рўза тутиш орқали тозаланган организм эса фаолиятини тўлиқ тиклаб олади. Натижада хотира ва диққатни жамлаш қобилияти яхшиланиб, киши ўзини бардам сеза бошлайди. Рўза тутиш орқали анчайин енгиллашган вужуд бошқа функцияларга ўз эътиборини қаратиш имкониятига эга бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидламоқчимизки, саҳарлик ва ифторлик пайтлари иложи борича табиий, эскирмаган, сифати бузилмаган, ҳар хил кимёвий моддалардан холи маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланинг. Ширинликлар ўрнини асал, кўпроқ мева-чевалар, қуритилган ўрик туршаги, олтингугуртда тобланмаган майиз, араб хурмоси кабилар билан тўлдиринг. Рўзани шу тавсияларга  амал қилиб якунласангиз, тани-жонингиз соғ бўлади, енгиллашасиз, кўпгина аъзо-тизимларингиз дам олади. Шу билан бирга, бисёр савобга эга бўласиз, иймонингиз бутун бўлади, эртанги кунга ишонч уйғонади. Бу йўлда сизга Яратганнинг ўзи куч-қувват берсин!

Шониёз ҚУРБОНОВ, 

биология фанлари доктори, профессор

Гулноза БУРАНОВА,

физиолог