Жамият 02.04.2019 232

ЎҒРИЛИК НИМА, ҚИЛМИШ ҚАНДАЙ МАЛАКАЛАНАДИ?

Инсон ва қонун

Ўзганинг эгалигида бўлган мулкни олиб қўйиш ўғриликка хос. Бироқ у ишлаб чиқаришда ишчи томонидан хом ашёни ёки тайёр маҳсулотни, вақтинча қараб туришга ташлаб кетилган, магазинда кийиб кўриш учун олинган, бошқа бировга етказиб бериш учун топширилган мулкни ўмариш каби кўринишда ҳам бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғрилик тушунчасига таъриф берилган. Унга биноан, ўғрилик ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишдир. Талон-тарожнинг энг кўп тарқалган шакли айнан "қўли эгри"лик ҳисобланади. Тергов амалиётида ҳам ўғриликни очиш фоизлари унча катта эмас. Чунки у яширин равишда содир этилади. 

Ушбу жиноятнинг субъекти 14 ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо жисмоний шахс бўлиши мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, мулкни яширин талон-торож қилиш ўғирланаётган мулкка нисбатан уни тасарруф этиш, бошқариш, етказиб бериш ёки сақлаш бўйича муайян ваколатларга эга шахс томонидан содир этилган бўлса, бу қилмиш Жиноят кодекси 167-моддаси (ўзлаштириш ёки  растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича квалификация қилинади. Ушбу модданинг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик фақатгина ташкилот, муассаса ва корхоналардан ходим томонидан ўғирланган мулкнинг умумий қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан юқори бўлганда келиб чиқади. Акс ҳолда шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 61-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Агар ўғирланган мулкнинг умумий қиймати Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 61-моддаси 3-қисмида кўрсатилган миқдордан ошиб кетмаса (талон-торож қилинган мулк қиймати энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан ошмаса), неча маротаба майда ўғрилик содир этилганидан қатъи назар, шахс фақатгина маъмурий жавобгарликка тортилади.

Ўғирланган мулкнинг миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган, Республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади. Ўғирланган мулк қийматини аниқлашда ишнинг муайян ҳолатларига қараб, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундаги шартномавий, бозор, биржа баҳоларига асосланилади.

Жиноят кодекси 169-моддасининг 1-қисмида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган.

Киссавурлик, яъни кийим, сумка ёки бошқа қўл юкидаги ашёни ўғирлаш республикамизнинг жиноят қонунига янги киритилган оғирлаштирувчи ҳолатдир. Киссавурликнинг ижтимоий хавфлилиги, биринчидан, унинг анча кўп тарқалганлиги билан, иккинчидан, айбдор бевосита жабрланувчининг ўзида турган мулкни тортиб олиши, агар эгаси ўз мулкига суиқасд қилинаётганини пайқаб қолса, унга нисбатан зўрлик ишлатилиши хавфи туғилиши мумкинлиги билан изоҳланади.

Масаланинг бир жиҳати, ўғрилик содир этилаётган вақтда кийим жабрланувчининг эгнида ёки қўлида бўлиши керак. Агар айбдор гардероб ёки илгичда осиғлиқ турган кийим чўнтагидан ашёни қонунга хилоф равишда олса, киссавурлик таркиби мавжуд бўлмайди.

Агар сумка ёки қўл юки жабрланувчининг қўлида бўлса ёки жабрланувчининг ўзида ёхуд унинг ёнида бўлса (масалан, жомадон, сумкани жабрланувчи хордиқ чиқариш, нимадир сотиб олиш ва ҳоказо учун ёнига қўйган бўлса), яъни бу ашёлар яна йўлга тушганида унинг ўзи билан бирга бўладиган бўлса, бу ҳолда Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисми "а" банди қўлланади.

Ўғриликни очиқ жойда эмас, балки уй-жойга, омборхонага ёки бошқа хоналарга ғайриқонуний равишда кириб содир этишнинг ижтимоий   хавфлилик даражаси юқори. Буни шундай асослаш мумкин. Биринчидан, очиқ жойларда содир этилганда, талон-торож қилиниши мумкин бўлган мулкнинг миқдори чекланган бўлиб, жиноятчи ўша ерда  боринигина олади. Уй-жойга, омборхонага ва бошқа хоналарга кириб ўғрилик қилганда эса, жиноятчининг имкониятлари кенгайиб кетади. Яъни, уйда сақланаётган қимматбаҳо нарсалар, зеб-зийнат буюмлари, жамғарилган пулларга эгалик қилиш имкониятлари пайдо бўлади.

Иккинчидан, ўғрилик очиқ жойда юз берса, жиноятчининг имкониятлари камроқ, жабрланувчининг тажовуздан қутулиб қолиш шароити кенгроқ бўлади. Яъни, жабрланувчи мулкни ўзида сақлаб қолиш учун қаршилик кўрсатиши, қочиб қутулиши, атрофдагиларнинг ёрдамига таяниши, ҳимоя қилишни сўраб атрофдаги одамларга мурожаат қилиши, содир этилган жиноят юзасидан тезкор чоралар кўриш учун ички ишлар ходимларига мурожаат қилиши мумкин. Уй-жой, омборхона ёки бошқа хоналарга ўғри оралаганда эса аксинча: жабрланувчи барча имкониятлардан маҳрум бўлиб, чорасиз қолади. Қолаверса, мазкур ҳолатда ўғриликдан  босқинчилик жинояти ҳам "ўсиб" чиқиши мумкин.

Такроран ўғрилик жиноятини содир этиш деганда, шахснинг икки ёки ундан кўп марта ўғрилик жиноятини содир этганлиги, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланмагани тушунилади. Биринчи ўғрилик жиноятини содир этишда тамом бўлган ёхуд жиноятга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд қилиш босқичида тўхтатилган ёки иштирокчиликда содир этилган бўлса, ўғрилик такроран содир этилган ҳисобланади.

Бундан ташқари, ўғрилик компьютер тизимига рухсатсиз кириб ҳам амалга оширилади. Бунда айбдор  компьютер  тизимига  яширинча  кириб,  ундаги  мол-мулкни  ўзи ёки бошқа шахсларнинг номига ўтказади. Шунингдек, бу жиноятлар интернет  тармоқлари  орқали  содир  этилиши ҳам  мумкин.  Бу  ҳаракатлар  асосан  яширин  содир  этилгани сабабли ўғрилик каби баҳоланади.

Бозор иқтисодиёти шароитида давлат томонидан қатъий нарх белгилаш имконияти йўқлиги сабабли талон-торож қилинган нарсаларнинг қийматини аниқлашда муайян қийинчиликлар юзага келади. Шунинг учун талон-торож этилган мол-мулкнинг қиймати шу қилмиш содир этилган пайтда мазкур минтақадаги ўртача бозор нархлари бўйича белгиланади. Қийматни белгилашда мол-мулк ҳолати, ишлаб чиқарилган вақти, эскиргани, товар кўриниши, шу нарсалардан фойдаланиш имкониятлари даражаси ва ҳоказолар эътиборга олинади.

Ўғрилик жиноятини содир этган шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш жараёнида суриштирув, тергов ва суд амалиётида жиноятчи шахсини аниқлаб, қилмишини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи барча ҳолатлар етарлича баҳолангач, адолатли жазо тайинланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, жиноятлар содир этилишининг олдини олиш тайинланадиган жазонинг адолатли бўлишига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.

Ҳамид БОБОҚУЛОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси