Сўнгги янгиликлар 25.10.2018 85

ЎРМОНБЕГИ НЕГА ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ?

Назорат ва натижа

ЎРМОНБЕГИ НЕГА ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши техникалари ҳамда соҳада фойдаланиладиган ўзиюрар  бошқа воситаларни  рўйхатдан ўтказиш, уларга техник паспорт ҳамда махсус давлат рақами беришнинг янги тартиби жорий этилган. Бу ишни ташкил этиш ҳамда назоратини амалга ошириш эса Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси (“Ўздавтехназорат”) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юклатилган эди.

Не ажабки, ўтган давр мобайнида ишларнинг тўғри йўлга қўйилмагани ҳамда назоратнинг етарли даражада амалга оширилмагани оқибатида ҳозирги кунда ҳам жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги, йўл қурилиши ҳамда мелиорация соҳаларида фойдаланилаётган кўпгина техника воситалари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳамда уларнинг ҳужжатлари талаб даражасида эмас. Бу эса соҳада фойдаланилаётган техника воситаларини тўлиқ ҳисобга олиш, уларнинг ҳолатини назорат қилиш имконини бермайди.

 Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги тегишли фармонига биноан, “Ўздавтехназорат” тугатилиб, унинг вазифа ва функциялари Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясига ўтказилди.

Айни вақтда, қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш борасида белгиланган тартибларга риоя этилишини назорат қилиш бўйича инспекциянинг Деҳқонобод тумани бўлими томонидан ҳам назорат тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Улар натижасида 38 нафар фуқаро қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишда белгиланган талабларга риоя этмаганлиги аниқланиб, тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Жумладан, Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигида фойдаланилаётган техникалар ҳолати ўрганилганда, мазкур субъектга тегишли бўлган “ДТ-75” русумли тракторга давлат рақами  белгиси олинмагани ҳамда техник кўрикдан ўтказилмагани аниқланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 139-моддаси 1-қисмида белгиланган тартибда рўйхатдан ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситаларини йўлга чиқариш ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган. Шунга кўра, ўрмон хўжалигида ўрмонбеги вазифасида ишлаб келаётган ҳамда бевосита мазкур техника воситасининг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ва техник кўрикдан ўтказилиши учун масъул бўлган Абдусаид Жўраевга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, у энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдоридаги жаримага тортилди.

Шунингдек, туманнинг Хўжамаҳмуд қишлоғида яшовчи Маҳмарежаб Янгибаев ҳам ўзига тегишли бўлган махсус қишлоқ хўжалиги техникасини техник қаровдан ўказмасдан, хавфсизлик қоидаларига зид равишда  бошқариб келган. Натижада унга нисбатан ҳам белгиланган тартибда жарима жазоси қўлланилди.

Айтиб ўтиш керакки, инспекциянинг туман бўлими томонидан назорат тадбирлари билан бир қаторда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Натижада мулкдорлар томонидан ихтиёрий равишда ўзига тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ишлари ҳамда йўл қурилишида фойдаланилаётган техникаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда давлат белгиси рақамларини олиш кўрсаткичлари ошмоқда. Ўтган қисқа вақт мобайнида туманда 27 та шу турдаги техника воситасига давлат рақами олингани, 25 нафар фуқаро мазкур техникаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи рухсатномага эга бўлгани бунинг далилидир.

Шерали ҒУЛОМОВ,

инспекциянинг туман бўлими бошлиғи, 1-даражали юрист