Жамият 12.07.2019 104

РОМЛАР ОРАСИДАН 415 ГРАММ МАРИХУАНА ТОПИЛДИ

Инсонлар бошига мислсиз кулфатларни келтиргани сабаб гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни ҳар қандай ҳолатда ҳам оқлаб бўлмайди. Бу борада қанча тушунтириш ишлари олиб борилмасин, афсуски, орамизда бу жиноятдан ўзини тийиб тура олмайдиганлар ҳам бор.

Шундайлардан бири вилоят божхона бошқармаси контрабанда ва божхона қонунчилигига қарши курашиш бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идора ходимлари билан ҳамкорликда Чироқчи туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланди. Фуқаро Ч.О.нинг яшаш хонадони белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ҳовлида 27 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги парваришлаётгани ойдинлашди.

Шунингдек, ҳовлидаги алюмин профилли ромлар орасидан қуритилган ҳолдаги оғирлиги 415 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси ҳам топилди.

Айни пайтда мазкур қилмишга қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ