Таълим 02.10.2018 169

ЎРТАНГАНЛАРИМИЗ, “ЎРГАНГАН”ЛАРИМИЗ, ЎРГАНАДИГАНЛАРИМИЗ...

Кундан-кун яхши...

 ЎРТАНГАНЛАРИМИЗ, “ЎРГАНГАН”ЛАРИМИЗ, ЎРГАНАДИГАНЛАРИМИЗ...

 Назаримда кўпчилик гўё ҳамиша шундай бўлиб келгану шу тарзда давом этаётгандай тасаввурга бориб қолгандай. Аслида эса... мана шу биз ўрганган, кўзимиз кўниккан ўзгаришлар яқин-яқингача кўплаб юртдошларимизнинг орзуси эди.

 

Янги ўқув йилининг илк ойида таълим муассасаларида қайнаган жўшқин ҳаёт тарзини кузата туриб, мана шундай ўзгаришлар тўлқинига гувоҳ бўлдим. Ҳа, қўшиқларда айтилганидек, “Аввалгиларга ўхшамас”, “Янги ва янги, хилма-хил”, “Кундан-кун яхши”...

 Бир қиёслаб кўрайлик-а... Илгари шундай кезларда ўқитувчи ва мураббийларимиз қандай ташвишлар билан банд бўлишарди?

 * * *

 Энг аввало янги ўқув йили тараддуди ҳатто аксарият ҳолларда номигагина ўтадиган август кенгашларидан эмас, фермернинг шийпонини таъмирлаб беришу этакка кўрпа-тўшак тугишдан бошланмасмиди? Пахта йиғим-терими ҳозирлиги олдида бировнинг қулоғига синфхонани тартибга келтириш, кўргазмали қуролларни янгилаш, янги педтехнологияларни ўрганиш деган гаплар кирармиди?! Шу қадар ўрганиб қолишган эканки, айрим “ўқитувчи”ларимиз (оғирроқ ботса, узр) ҳатто ҳали-ҳануз – халқ таълимида шундай жадал ислоҳотлар кетаётган бир пайтда ҳам инновация, ноанъанавий дарс услублари ҳақида ўйлаш ўрнига “ёталай” пахта теришга иссиқроқ кийимларни тайёрлаш ҳақида гапириб юришибди...

 Ўқитувчилар сулоласидан эканимдан ҳамиша фахрланиб юраман. Кўплаб қариндошларим, акам, укам, опаларим, жиянларим, турмуш ўртоғим – ҳаммаси шу соҳада ишлашади. Аммо... Минглаб ҳамкасблари сингари улар ҳам ҳар йили касб байрамларини далада, эгат бошида, “фермер бува” ҳиммат кўрсатиб, улоқ сўйган бўлса, шийпондаги қозонда дамланган бир чўқим ош устида “нишонлаш”га ўрганиб ҳам кетишган эди.

 Бундан бир неча йил аввал яқинларим, жигарларим, устозларим дардини тинглаб туриб, алам устида ўртаниб, машҳур шоирнинг машҳур шеърига бир пародия қоралаган эдим. Унда шундай сатрлар бор эди:

 Саратон тиғида, йўлнинг бўйида,

 Недан хавотирда, ненинг ўйида,

 Дафтари қўйнида, нони қўйнида,

 Янтоқ чопаётган ҳув жонсарак ким?

 Оддий муаллим-да, оддий муаллим...

 ...Тилимиз ғалати, тил – бу улуғ сир,

 Оддий прокурор ё оддий банкир, –

 Деб кўринг-а, сира қовушмас ахир,

 “Оддийлик” бўйнида занжир, илгак ким,

 Оддий муаллим-да, оддий муаллим...

 Ҳа, сир эмас, яқиндагина ҳудудимизда каттароқ анжуман ўтказиладиган, нуфузли меҳмонлар кутиладиган бўлса, йўл ёқасидаги янтоғу шўрани ким тозаларди? Ҳа, албатта биринчи навбатда “комхоз”нинг юкини елкага олган устозлар... Хўш, бу йил янтоқлар чопилмай қолдими? Ободонлаштириш идораларининг ўзлари дуппа-дуруст эплашаркан-ку...

 Туновгина эмасмиди, йўқ қарзини бартараф этгани, “қарзи йўқ” деган “пишак”нинг қулоғидай қоғоз олгани ўқитувчиларни ёппасига электр ёки газ таъминоти идорасига ҳайдашгани, ўша “пурвиқор” идоралар эшигида    соатлаб сарғайтиришгани?! Устига-устак қишлоқдаги аҳолининг қарздорлигини бартараф этиш тадбирларига жалб этишгани-чи? Мана, шу ғалваларсиз ҳам коммунал муаммоларни ҳал этса бўлар экан-ку...

 * * *

 Мана бу сатрларни ҳам бир ҳамкасбим билан бир неча йил илгари эълон қилинган “Аломат “иш” ёхуд ТВда берилаётган машҳур ижтимоий реклама ролигига бадиий ўхшатма” сарлавҳали мақоламизда келтирган эдик:

 “ – Ана энди асосий масалага ўтсак. Маош масаласи Сизни қизиқтирадими?.. Агар асосий ишингизда оладиган ойлигингизни ҳисобга олмасак, маҳалла вакиллари, электрчилар, газчилар, сувчилар, пенсиячилар билан уйма-уй юрганингиз, далада ягана, ўтоқ қилганингиз, шийпонни ремонт қилганингиз, катта йўл ёқаларида ишлаганингиз, металлолом, макулатура топширганингиз ва ҳоказолар учун Сиз... Сиз... Сиз...

 – Хўш-хўш?

 – ...Бунинг учун Сиз... ҳеч қанча маош олмайсиз!

 – Қанақасига? Шунақаси ҳам бўларканми? Қайси одам текинга ишлашга рози бўлади?

 – Рози бўлади. Айнан шу ишда индамай, елиб-югуриб, ҳеч кимга нолимасдан, хафа ҳам бўлмасдан ишлаб юрган минглаб одамлар бор.

 – Ишонмайман!

 Бўлиши мумкин эмас!

 Хўш, ким улар?”

  Кимлигини ўшанда ҳам ҳамма яхши биларди.                  

 Ҳа, кечагина эмасмиди, муаллим  ноинсоф фермернинг даласига маҳаллий ўғитгача ташиб берган, таъбир жоиз бўлса, “елкаси қичишса, қашиб берган” кезлар? Ёки маҳалла идорасидагилар билан уйма-уй юриб, томорқаю дов-дарахт, паррандаю эчки-улоқнинг рўйхатини олиб юрган дамлар?

 Ҳамма ўзининг ишини қилса бўлар экан-ку...

 * * *

 Бундан тўрт-беш йиллар аввал ўқитувчиларни “ташаббус кўрсатиб” йўл четларини ободонлаштиришга жўнатишга одатланган халқ таълими тизими раҳбарларидан бири қўнғироқ қилиб қолди. Ёш мухбиримизнинг газетада босилган “Устозми, “комхоз”ми?” мақоласи юзасидан норозилик билдирди бу жаноб. Айтишича, аксинча, унинг раҳбарлиги остида ҳудуддаги мактабларда бир қанча ютуқларга эришилаётган эмиш...

 Мен эса айнан унинг раҳбарлиги остида ўқитувчилар севимли ишидан қолиб, сарсон бўлиб, вазифасига кирмайдиган турли юмушларга мажбуран жалб қилингани учун биргина болаларим ўқийдиган мактабда физика, математика, кимё, ўзбек тили ва адабиёт, чет тили сингари фанлардан бир қатор дарслар ўтилмай қолаётгани, мен ва бошқа ота-оналар бу дарсларни репетиторлардан “сотиб” олишга мажбур бўлаётганимиз, шу сабабли икки нафар фарзандимнинг репетиторлик тўловига тўлаётганим 300 минг сўмни айнан ундан суд орқали ундиришим мумкинлигини айтдим.

 Суҳбатдошим узр сўраб, дарҳол хайрлашди...

 * * *

 Бу йил таътилни тамомлаб, ишга чиққан ўқитувчиларнинг чеҳрасига бир қаранг. Жамиятда ўқитувчининг нуфузини юксалтириш, маошини ошириш, имтиёзлар яратиш ҳақидаги хушхабарлар уларнинг бир ғайратига ўн ғайрат қўшгандек...

 Қолаверса, бу йил касб-ҳунар коллежларидаги малакали педагогларнинг каттагина қисми мактабга қайтди. Шу билан бир қаторда мактабга тирикчилик кўйида ўзга ҳунарнинг бошини тутиб кетган ёхуд иш излаб, хориж сари юзланган эркак ўқитувчилар ҳам аста-секин қайтаяпти.

 Бир пайтлар бу гаплар эртак саналарди. Юқорида айтганим, ўқитувчи ака-ука, опаларим ва бошқа яқинларим барчамиз йиғилишиб, қишлоғимизда хусусий мактаб очсакмикан, деган хайрли орзулар билан ишлашаяпти...

 Ўқув йилининг илк куни деярли барча мактабларга шу илм даргоҳларини  тамомлаган собиқ битирувчилар – кўпчилик ҳавас қиладиган инсонлар, тадбиркорлар, раҳбарлар ташриф буюришиб, ўзининг ҳаётидан мисоллар келтириб, эришган муваффақиятларида мактабдаги таълим ва тарбиянинг роли катта бўлгани, қолаверса, ўқувчиларга мактаб даврида яхши ўқиб, вақтдан унумли фойдаланиш муҳимлиги ҳақида қисқача маъруза қилишди. Айрим меҳмонлар ҳатто Мустақиллик дарсларини ҳам ўтиб беришди.

 Санайверсак, ўзгаришларнинг адоғи кўринмайди.

 Бу йилги сентябрнинг шукуҳи мана шулар билан ҳам бошқача кечмадими?

 Мактабларимизда янгича ҳаёт қайнаётир. Ўзгача жонланиш, ўзгача руҳ ва кайфият ҳукмрон энди...

 Яқиндагина Президентимиз тизимни янада тараққий эттиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат – “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат билан халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгиланди. Демак, яна янги ва янги, хилма-хил ўзгаришлар арафасида турибмиз...

 Тунов куни интернетда электрон адабиётларни юклаб олаётган ўқитувчи танишим билан гурунглашиб қолдим.

 – Ўргатиш учун аввало ўрганиш, изланиш керак, – деди у кўзлари чақнаб. – Энди изланадиган, ишлайдиган давр келди.  Ишлаганда ҳам жонингни бериб, куйиб-пишиб, ёниб ишлайдиган давр...

 * * *

 Қорақалпоғистондаги Бўстон шаҳрида севимли шогирдини порлоқ келажак – илм йўлига бошлаб бораётган ўқитувчи, мураббий сиймоси акс этган “Устозга эҳтиром” ҳайкали қад ростлаган. Табиийки, дунёда турли муносабатлар билан барпо этилган майдонлар, хиёбонлар, уларда улуғ шахсларга қўйилган ҳайкаллар кўп. Лекин юртимизда устоз ва мураббийларга бағишлаб ўрнатилган ҳайкал ҳам, майдон ҳам ягона.

 Бироқ... Аслида ҳар биримизнинг шундай ягона ҳайкалимиз бор... Бу ҳайкал барчамизнинг юрагимизда!

 Ҳа, устозларга эҳтиром ҳамиша қалбимизда!

 Нуриддин ЭГАМОВ