Маънавият 10.09.2019 136

РУХСАТСИЗ ЎЗГАНИНГ ТЕЛЕФОНИДАГИ СМСНИ ЎҚИШ ГУНОҲМИ?

Дин ва давр

Ислом - ғоят гўзал дин. Барча замон ва ҳамма маконларга мос. Гўзаллиги шундаки, динимиз ўз таълимотлари билан инсониятнинг бахтли-саодатли яшаши ғоясини илгари суради. Унга риоя қилган кишининг қайғуриши у ёқда турсин, ҳатто бир лаҳза бўлса-да, ноқулай вазиятга тушиб қолмаслиги кафолатланган.

Имом Абу Довуд Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман", дея баён этилади.

 Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. "Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар экан", деганлар" (Имом Абу Довуд ривояти).

Юқоридаги икки муборак ҳадисни бежиз келтирмадик. Чунончи, бугун кўплаб оилаларга дарз кетиб, Аршнинг ларзага келишига, маъсум гўдакларнинг тирик етим бўлиб қолишига, ўсмирларнинг боши берк кўчага кириб, жиноятга қўл уришига, қизлар баҳорида хазон бўлишига аксар ҳолларда мобиль телефон, шу матоҳ орқали қурилаётган сўзлашув, алмашинилаётган хабару суратлар, видеолар сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Аслида исломда шахснинг дахлсизлиги юқори даражада ҳимояланган. Бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки тортиб олиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар. Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Бугун бировнинг мобиль телефонидаги хабарларга, сурату видеолавҳаларга назар солишнинг ҳукми ҳам шундай.

Бутун бошли ўрмоннинг куйиб кул бўлишига бир гугурт донаси кифоя қилганидек, жамиятнинг таназзулга учрашига ҳам арзимас омил ва баҳоналар сабаб бўлади. Қолаверса, халқ орасида юриб, уларнинг мурожаатлари, саволларини тинглаб, мобиль телефондан тўғри фойдаланилса, кони фойда экани, акс ҳолда, бу матоҳ аср муаммосига айланаётганига гувоҳ бўлдик. Шу боис динимиз таълимоти асосида мобиль телефондан фойдаланишнинг тартиб-таомиллари, қоидаларини келтириб ўтишни лозим топдик.

Аввало рўпарамиздаги одам билан мулоқот қилганда нималарга эътибор қаратсак ва ўзимизни қандай тутсак, қўнғироққа жавоб беришда ҳам шуларни инобатга олиш лозим.

Бировнинг телефонига эгасининг рухсатисиз тегмаслик, унинг хотирасидаги қайдларни ўқимаслик ва сурату видеоларни очиб қарамаслик;

беҳудага, давлат қонунлари, одоб-ахлоқ меъёрлари, шариат ҳукмлари ва миллий қадриятларимизга зид нарсаларни ёзмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;

бировнинг суҳбатига қулоқ тутмаслик, уни пойламаслик;

бировга қўнғироқ қилганда ҳар бир такрор орасида тўрт ракат суннат намози ўқиш вақтига тенг фурсат  ўтиши, шу тартибда уч марта йўқлов қилингач ҳам жавоб бўлмаса, сўнг лозим топилса, бир муддат ўтгандан кейин қўнғироқ қилиш;

мобиль сўзлашувдан сўнг суҳбатдош телефонини ўчиришни унутган бўлса, дарҳол алоқани ажратиш;

телефонда суҳбатдош вақтини кўп олмаслик;

қўнғироққа жавоб қайтаришда ёнидагилардан изн, рухсат сўраш;

суҳбатдош, ёнингиздаги одамлар олдида телефон ўйнамаслик (айниқса, ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсонлар, болалар олдида);

сўзлашувни турли ажнабий сўзлар билан эмас, "Ассалому алайкум"дан бошлаш, бунда "алооо", "hello", "алё", "да" ўрнига "лаббай", "эшитаман", "қулоғим сизда" каби миллий қадриятларимизга хос ва мос сўзларни қўллаш;

суҳбат сўнгида суҳбатдош билан хайрлашиб, унга яхши тилаклар тилаш;

бировга қўнғироқ қилганда, саломдан сўнг ўзини таништириш, суҳбатдошнинг вақтини олганини айтиб, узр сўраш;

ота-она, устоз, раҳбар, ёши катта, улуғ инсонлар билан суҳбат якунида телефонни олдин ўчирмаслик;

қўнғироққа жавоб берувчи томон  суҳбатни аввал тугатмаслиги;

жамоат жойларида (шифохона, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, поезд, автобус ва ҳоказо)ларда бўлганда, телефон овозини ўчириб қўйиш, гаплашиш зарурати бўлса, четроққа ўтиш ёки паст овозда гаплашиш жоиз.

Ушбу тавсиялар ислом дини кўрсатмаларига ҳам мос тушиши билан ғоят аҳамиятлидир. Бинобарин, уларга тўкис амал қилсак, кўпгина кўнгилсизликларга барҳам берган бўламиз.

Хулоса ўрнида эслатиш жоиз: муқаддас динимизни пок сақлаш, уни турли ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, исломнинг асл моҳиятини ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, унда мужассам эзгу ғояларни кенг тарғиб этиш - ҳар бир ота, она учун, бугунги давр зиёлилари учун энг муҳим вазифа!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари