Таълим 29.09.2018 67

РУТБАСИ УЛУҒ ЗОТ

Қалб меъмори

РУТБАСИ УЛУҒ ЗОТ

Абдулла Авлоний:

Ҳар бир муаллимнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир.

Инсоннинг дунёга келиши ва яхши  ҳаёт кечириши учун моддий томонлама ота-онанинг ҳиссаси кўпроқ бўлади. Лекин маънавий жиҳатдан баркамол бўлишида зиёли инсон - устозларнинг ўрни алоҳида. Шу сабаб ҳам халқимизда устоз отангдек улуғ деган ҳикмат юради. Кишининг икки дунёда саодатли бўлиши учун ҳам уларнинг хизматлари беқиёс. Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Зеро, улар туфайли инсонлар тўғри йўлни топади ва уларнинг шарофати ила жаҳолат зулматидан омонлик қирғоғига етишадилар.

Ислом дини пешвоси ва фиқҳшуноси, “Ҳидоя” асари муаллифи, ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний шундай ҳикоя қиладилар: “Бир куни Бухоронинг олимларидан бири илм даргоҳида шогирдларига дарс бериб ўтирар экан, дарс асносида гоҳ-гоҳ ўринларидан туриб, сўнг яна қайта ўтирарди. Бу ҳол бир неча бор қайтарилгандан сўнг, шогирдлари бунинг сабабини сўрашди. Ул зот: “Устозимнинг кичик ёшли ўғли болалар билан кўчада ўйнаб юрибди, гоҳида эшик олдига келаяпти, ҳар келганида устозимга ҳурмат ўлароқ ўрнимдан тураяпман”, деб жавоб берганлар”.

Эътибор беринг, бу ҳикоятда биз учун нақадар гўзал фазилат, ибратлар мавжуд. Олимлик мақомига етиб, ўзининг илм ҳалқасига эга бўлган олим ўз устозининг ҳали эсини танимаган фарзандини кўрганда ҳам устозга ҳурмат сифатида ўрнидан тураяпти.

Устоз мисли ёниб турган шамга қиёс. Ўзи ёниб, атрофга зиё сочади. Бошқалар ана шу нурдан баҳраманд бўлади. Шу сабаб, ҳар бир инсон ёшидан, мавқеидан, даражасидан қатъи назар, сабоқ берган устоз-мураббийи олдида мудом таъзимда.

Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!”.  Зотан, устоз - муаллимларнинг ҳурматини жойига қўймаган шогирддан келажакда жамиятга ва халққа, шунингдек, инсонларга манфаати етадиган етук мутахассис ёки олим чиқиши даргумон.

Шундай экан, устозларимизга итоатли бўлишдек азизликка, уларни улуғлашдек фахру-ифтихорга ҳамда уларга тавозеъли бўлишдек обрў-мартабага Аллоҳ барчамизни муваффақ қилсин ва бу саодатдан ҳеч қачон бизларни айирмасин.      

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

  Қарши шаҳридаги Қумқишлоқ жомеъ масжиди имом-хатиби