Таълим 24.05.2019 111

"СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ"ДА ФАҚАТ ИККИТА СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИ ҚАТНАШАДИ. НЕГА?

"Менинг мактабим - менинг уйим"

Эртага, 25 май куни мамлакатимиздаги барча мактабларда "Менинг мактабим - менинг уйим" шиори остида 2018-2019 ўқув йилини якунлаш ва "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари ўтказилади.

Соҳа ходимларининг хабар беришича, бу йилги "Сўнгги қўнғироқ" тадбирларида фақат 1- ва 11-синф ўқувчилари иштирок этишади.

Хабарга кўра, "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари мактаб ҳовлиси, боғида ёки соя-салқин очиқ майдонларда ўтказилади. Мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахсларнинг киритилмаслиги таъминланади. Ушбу тадбирлар жойлардаги маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ўқув муассасаларига фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади. Битирувчи ўқувчиларнинг турли либослар ҳамда ленталар тақиши тақиқланиши кўпчилик ота-оналарни ҳам хурсанд қилди. Шунингдек, мактаб маъмурияти томонидан йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланади.

- Уч нафар фарзандим мактабда ўқийди, - дейди Қарши шаҳрилик Наргиза Примова. - Янги тартиб ҳақида эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Чунки битирув оқшомларини хонадонлар, ресторан,  қаҳвахоналарда банкет ёки бошқа маросимлар шаклида ўтказишга йўл қўйилмаслиги турли ортиқча харажатларнинг олдини олади.

  С.АЛЛАЁРОВА