Маънавият 09.04.2019 134

СЎЗ АЙТМОҚ САНЪАТИ

10 апрель - Абдулла Қодирий таваллуд топган кун

  XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошларида одамлар ижтимоий-маданий ҳаётини ўзгартириш, янгича яшаш, янгича фикрлаш ғояларини тарғиб қилиш авж олган бу ғоялар тарғиботчилари сифатида илғор маърифатпарварлар, жадидлар майдонга чиқишган эди. Улардан бири Абдулла Қодирий ҳам шундай ҳаракатлар таъсирида улғайди ва кейинчалик ушбу ҳаракатнинг иштирокчиси, тарғиботчисига айланиб борди.

Маълумки, адибнинг илк ижодий иши "Янги масжид ва мактаб" сарлавҳали хабари, кейинчалик "Тўй", "Аҳволимиз", "Миллатимга бир қарор!", "Фикр айлағил" каби шеърлари "Садои Туркистон" газетаси ва "Ойна" журналида нашр этилган. Маърифатпарвар шоир сифатида шеърларида миллатдошларини жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка ундайди.

Айниқса, адибнинг октябрь инқилобидан кейинги ҳаёти ва ижодий фаолияти вақтли матбуот билан янада узвий боғлиқ. Чунончи, 1919 йили "Озиқ ишлари" газетасига муҳаррирлик қилади. Кейинчалик "Инқилоб", "Иштирокиюн", "Қизил байроқ" газеталарида адабий ходим ва мухбир сифатида фаолият кўрсатган ва туркум чиқишлар қилган.

У "Муштум" журнали асосчиларидан бири. Нашр номини ҳам ўзи ўйлаб топган. Журналдаги аксар "жонли" мақолалар, ҳикоялар ҳам унга тегишли. "Тошпўлат тажанг нима дейди?", "Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан" туркумидаги сатирик ҳикояларида одамлар табиатидаги муайян салбий характер ва ҳодисаларни тасвирлашда холис туриб, борича, давр мураккаблиги, зиддиятлари билан кўрсатишга ҳаракат қилган.

Адибда новаторлик кайфияти устун бўлиб, бу журналистика соҳасидаги фаолиятида ҳам яққол намоён бўлади. Бинобарин, ўзбек матбуотида очерк, фельетон каби жанрлар юзага келишига у сабабчи бўлди. Газета, журнал саҳифаларини "Қодирий", "Жулқунбой", "Тошпўлат тажанг", "Калвак маҳзум", "Думбул", "Овсар", "Шиғай" каби тахаллуслар билан ёзилган очерк, фельетонлари, ҳажвий мавзудаги янгича шакл ва мазмундаги таҳлилий, танқидий мақолалари билан бойитди.

Ижодкорнинг "Бахтсиз куёв" драмаси, "Жувонбоз", "Улоқда", "Жинлар базми" каби қатор мавзу жиҳатдан жиддий, бадиий жиҳатдан пишиқ асарлари ва туркум ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги яққол сезилиб туради. Айниқса, "Улоқда" ҳикоясида ёзувчи оддий ташвиқотчи, ҳикоячи сифатида эмас, балки санъаткор сифатида намоён бўлади. Воқеа-ҳодисаларни образлар орқали бадиий гавдалантиради, холис позицияни эгаллайди, жараёнга аралашмайди. Воқеаларни беғубор бола нигоҳи, тасаввури орқали борича ифодалайди ва тасвирлайди. Бу ҳикоя нафақат Қодирий ижодининг, балки ўзбек реалистик ҳикоячилигининг ютуғи, унинг етук намунасидир.

 "Ўтган кунлар" романини яратиш билан адиб ўзбек насрига ўзига хос янгилик киритиб, мавжуд анъаналарни такомиллаштирди, янги қонуниятларни амалда исбот қилди. Ўзининг бу ҳаракати ва мақсадини: "Модомики, биз янги даврнинг янгилиқлар кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янғиришға, халқимизни шу замоннинг "Тоҳир-Зуҳра"лари, "Чор дарвешлари", "Фарҳод-Ширин" ва "Баҳромғўр"лари билан таништиришга ўзимизда мажбурият ҳис этамиз", деб изоҳлади. У ўз даври учун жасорат намунасини кўрсатиб, ўзбек адабиёти учун ҳали кашф этилмаган янги жанр - роман ёзишга журъат топди.

Умри давомида халқини мустабид тузум зулмидан, қора қилмишларидан огоҳлантиришга, одамларга зиё улашишга ҳаракат қилган адиб бошқа зиёлилар сингари, туҳматга учраб, қамоққа олинади ва қатл этилади...

Гарчи адиб жисман йўқ қилинса-да, ундан қолган ўлмас асарлар одамларга ҳақиқат ва адолат, тўғрилик ва ҳурликдан сабоқ беришдан тўхтамади. 

                                   

  Одил БЕГИМОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти доценти, филология фанлари номзоди