Жамият 12.07.2019 85

САЙЛОВ КОДЕКСИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР АКС ЭТГАН?

Қонун ижодкорлиги

Шу йилнинг 25 июнида "Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қонун имзоланиб, кучга кирди. Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси  Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги ва бошқа айрим қонунлар ўз кучини йўқотди, бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қонунлардаги масалалар битта кодексда ўз ифодасини топди. Кодекс улардаги нормаларни ўзида жамлади ва тизимлаштирди.

ОЛДИНГИ ҚОНУНЛАРГА НИСБАТАН ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БОР?

Биринчидан, Сайлов кодексига асосан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантириладиган бўлди. Иккинчидан, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов округлари сони муқаддам 135 та бўлган бўлса, кодексга биноан 150 та бўлди. Учинчидан, аввал овоз бериш соат 6:00 дан 20:00 оралиғида ўтган бўлса, энди 8:00 дан 20:00 гача деб ўзгартирилди.

МАЗМУН-МОҲИЯТИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Ушбу кодексга асосан Ўзбекистонда сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан очиқ ва ошкора ўтказилади. 18 ёшга тўлган фуқароларимиз сайлаш ҳуқуқига эга бўлиб, ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

САЙЛОВ ОКРУГЛАРИ ВА УЧАСТКАЛАРИ ҚАЙ ТАРТИБДА ТУЗИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тақдимномаси асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилиб, ҳар бир округдан биттадан депутат сайланади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш учун олтмиштадан кўп бўлмаган, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи маҳаллий Кенгашлар томонидан тузилиб, ҳар бир округдан биттадан депутат сайланади. Сайлов участкалари туман ва шаҳар ҳокимларининг тақдимномаси асосида округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Сайлов участкалари қоида тариқасида сайловчилар сони камида йигирма нафар ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади.

САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ?

Сайлов комиссиялари тизимига Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари киради. Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан камида ўн беш нафардан иборат таркибда тузилади. Марказий сайлов комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсиясига кўра Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан сайланади. Марказий сайлов комиссияси раиси Президентнинг тақдимномасига биноан комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланади. Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида етти-ўн беш нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади. Бу комиссия раислари тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан комиссия аъзолари орасидан сайланади.

Президент сайлови ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг тавсиясига биноан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланади. Комиссия аъзоларига қўйиладиган талаблар Сайлов кодексида белгилаб қўйилган.

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш-ўн тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар маҳаллалар, жамоат бирлашмалари ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ ҚАЧОН БОШЛАНАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошлангани уларнинг ваколатлари тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлови комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Ўттиз беш ёшдан ошган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси Президент этиб сайланиши мумкин. Диний ташкилотларнинг профессионал  хизматчилари ва қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди. Сиёсий партиялар Президентликка номзод кўрсатиши мумкин. Номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганда бошланади ва қирқ беш кун қолганда тугайди. Президент Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилгач кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади. Президент беш йил муддатга сайланади ва айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиши мумкин эмас.

КИМЛАР ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТИ БЎЛА ОЛМАЙДИ?

Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган 150 депутатдан иборат бўлиб, номзодлар сайлов кампанияси эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган  сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.   Сиёсий партия битта вилоятдан қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкин. Депутатликка номзод кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганда бошланиб, қирқ беш кун қолганда тўхтайди.

Сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистонда муқим яшаётган фуқаролар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкин. Сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистонда муқим яшамаган, содир этилган оғир ва ўта оғир жинояти учун судланган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, ИИВ, Божхона қўмитаси ходимлари ва диний ташкилотлар хизматчилари Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

СУДЬЯ ЁКИ ПРОКУРОР ДЕПУТАТЛИККА НОМЗОДИНИ ҚЎЯ ОЛАДИМИ?

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари кўп партиявийлик асосида беш йил муддатга сайланади. Сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига депутатликка номзодлар кўрсатиш учун тегишли ҳужжатларни тақдим этиши керак. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистонда муқим яшаётган бўлиши керак.

Содир этган оғир ва ўта оғир жинояти учун судланганлар, диний ташкилотлар хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг ходимлари депутатликка номзод этиб рўйхатга олинмайди. Судьялар, прокуратура ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланиб, қирқ беш кун қолганида тугалланади. Бир шахс тегишли маҳаллий Кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизи аёллар бўлиши керак. Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади.

СЕНАТ ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ?

Сенат аъзолари юз кишидан иборат бўлиб, уларнинг 84 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш орқали сайланади. Сенатнинг 16 нафар аъзоси Президент томонидан тайинланади. Сенат аъзоларининг сайлови маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлангандан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади.

Сайлов кодексида сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш, сайловни молиялаштириш, сайловга оид мурожаатларни кўриб чиқиш каби масалаларга оид бир қатор нормалар мавжуд. Ушбу кодекс сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари