Жамият 26.02.2019 243

САЙЛОВЛАР ОЧИҚ, ОШКОРА ВА ЖАҲОН СТАНДАРТЛАРИГА МОС ЎТИШИ НИМАГА БОҒЛИҚ?

Амалдаги тартиб

САЙЛОВЛАР ОЧИҚ, ОШКОРА ВА ЖАҲОН СТАНДАРТЛАРИГА

МОС ЎТИШИ НИМАГА БОҒЛИҚ?

Иккинчи мақола

Фаол ва пассив сайлов ҳуқуқи нима?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси сайловга оид муносабатлар ва сайлов тизимига бағишланган. Унда ҳар бир фуқаро давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи тенглиги ва эркинлиги кафолатланган. Айтиш жоиз, демократиянинг вакиллик ва бевосита шакллари мавжуд. Вакиллик шаклида фуқаролар давлатнинг қонунчилик, ижроия ва бошқа функцияларини бажарувчи органларини сайлаб, ўзлари унда бевосита иштирок этмайдилар. Сайлаш - фаол сайлов ҳуқуқи, сайланиш - пассив сайлов ҳуқуқи ҳисобланади. Давлат бошлиқларини сайлаш ва умумхалқ овоз бериш (референдум) йўли билан иштирок этиш демократиянинг бевосита шакли ҳисобланади.

Сайловда кимлар қатнашади ва кимлар қатнашмайди?

Аввало, фуқаролар ижтимоий аҳволи, миллий мансублиги, тили, динга муносабати ва жинсидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгалигини таъкидлаш жоиз. Ҳар бир фуқаро - сайловчи бир овозга эга. 18 ёшга тўлган фуқаролар сайлаш, 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланиши мумкин. 21 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил    Ўзбекистонда муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий вакиллик органига сайланиши мумкин. Маҳаллий вакиллик органига сайланган ва 25 ёшга тўлган фуқаролар Сенат аъзолигига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Ўз навбатида бир фуқаро бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар ва суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда сайловда қатнашмайдилар.

Қачон ўтказилади?

Асосий қонунимизда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Қонунчилик палатасига ва маҳаллий вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда - декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Демак, жорий йилнинг декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади, Сенат шакллантирилади.

Қайси орган масъул?

Марказий сайлов комиссияси Президент, Олий Мажлис сайловини, Ўзбекистон Республикаси Референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун тузилади. Марказий сайлов комиссияси фаолияти самарадорлигини ошириш, сайловларни ўтказишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, замонавий халқаро сайлов стандартларини жорий этиш, сайлов комиссиялари аъзолари ва ходимларини моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш мақсадида Президентнинг 2018 йил 6 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кодекс лойиҳаси айни пайтда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда ва қабул қилиниш арафасида.

Экопартияга яна аввалгидек махсус ўрин ажратиладими?

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонунга кўра, Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун 135 та ҳудудий сайлов округи тузилиб, ҳар бир округдан бир нафар депутат сайланади. Марказий сайлов комиссияси сайлов округлари рўйхатини уларнинг чегаралари ва сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда сайловга камида 75 кун қолганда эълон қилади.

Бугунги кунга қадар Қонунчилик палатасининг 135 депутати кўппартиявийлик асосида ва 15 нафари Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланар эди. 2018 йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилиб, жорий йилнинг 24 январь куни юртимиздаги бешинчи сиёсий партия сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Бунга қадар, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси мавжуд эди. Парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун 15 та махсус ўрин ажратишдан воз кечилиб, бошқа партиялар билан тенг шароитда курашиш жорий қилинди. Бу борада қонунларимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Депутатликка номзод кўрсатиш учун қанча имзо йиғиш керак?

Сайлов комиссияси бошланганлиги аввалги чақириқ Қонунчилик палатаси депутатларининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади. Қонунчилик палатасига сайлов Марказий сайлов комиссияси, округ, участка сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Сиёсий партия сайловда иштирок этиш учун сайловга камида 70 кун қолганда Марказий сайлов комиссиясига ҳужжат топшириши керак. Сиёсий партия сайловда иштирок этишни қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин. Вилоятларнинг ҳар бирида сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.

Партиясиз киши депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкинми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга. Мазкур жараён сайловга олтмиш беш кун қолганда бошланади ва қирқ беш кун қолганда тугайди. Номзодлар сиёсий партиянинг юқори органлари томонидан кўрсатилади. Хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим. Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзосини ёки партиясизларни номзод қилиб кўрсатиши мумкин. Сиёсий партиянинг раҳбари депутатликка номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганда тугалланади.

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин. Сиёсий партия шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги қарорини сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Депутатликка номзод сайловга қадар истаган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин, бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилиши керак.

Агар сайловда рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 33 фоизидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган ҳисобланади. Овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини олган номзод депутат этиб сайланган ҳисобланади. Иккитадан ошиқ номзод қўйилиб, ҳеч бири сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод учун такрорий овоз бериш ўтказилиб, кўп овоз олгани сайланган ҳисобланади. Кўпи билан иккита номзод қўйилиб биронтаси ҳам сайланмаса ёки сайлов ўтмаган деб топилса бир ой ичида такрорий сайлов ўтказилади.

Сенат қандай шакллантирилади?

Юз кишидан иборат Сенат аъзоларининг бир қисми тенг миқдорда - олти кишидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланиб, ўн олти нафари Президент томонидан тайинланади. Сенатга сайлов маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайланганидан кейин бир ойдан кечиктирилмай ўтказилади. Сенат аъзолари вилоят, шаҳар ва туман вакиллик органларининг қўшма мажлисида сайланади. Бошқа номзодлардан кўпроқ, башарти жами депутатларнинг эллик фоизидан ортиғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.

Маҳаллий вакиллик органларига сайловлар эса маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади. Бу сайловлар вилоят сайлов комиссияси, туман ва шаҳарлар, округ, участка сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайловга камида саксон кун қолганда комиссия раиси ва 6-14 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади. Фаолиятини кейинги сайлов компанияси бошлангунга қадар давом эттиради. Вилоят Кенгашига сайлов ўтказишда 60 тадан кўп бўлмаган, туман ва шаҳар Кенгашларига 30 тадан кўп бўлмаган ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир округдан битта депутат сайланади. Сайлов участкалари, қоида тариқасида, камида 20 нафар ва кўпи билан 3 минг нафар сайловчидан иборат этиб тузилади. Сайловлар эрталаб соат 6 дан кеч соат 20 га қадар ўтказилади.

Маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайловлар қандай ўтади?

Вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар сиёсий партиялар, туман, шаҳар Кенгашига депутатлар сиёсий партиялар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатилади. Номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланиб, 45 кун қолганида якунланади. Номзодларни сиёсий партияларнинг вилоят, туман, шаҳар органлари ва фуқаролар йиғинлари (вакиллар йиғилиши) кўрсатади. Депутатликка номзодлар уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин. Сиёсий партия, фуқаролар йиғини шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш қарорини сайловга кечи билан беш кун қолгунча бекор қилиши мумкин. Номзод сайловга қадар истаган вақтда номзодликдан воз кечишга ҳақлидир.

Округ бўйича сайлов натижалари сайлов комиссияси мажлисида аниқланади ва баёнда акс эттирилади. Сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч   фоизидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган ҳисобланади. Овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз бериш икки ҳафта, такрорий сайлов эса бир ой ичида ўтказилади.

Қайд этиш лозим, сайловлар жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, фуқароларимизнинг доимий ва вақтинча яшаш жойларига аниқлик киритиш борасида ишлар бошлаб юборилган. Сайловлар бошлангунга қадар сайловларга оид қонунларимизга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Мақсад сайловларни очиқ, ошкора ва жаҳон стандартларига мос равишда ўтказишга қаратилган. Сайловларга оид қонун талабларини бузганлик учун жавобгарлик, сайловлар ўтказиш жараёнида ҳуқуқий маданият масалалари хусусида кейинги мақолада фикр юритамиз.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари