Тиббиёт 03.05.2019 252

"САЛОМАТЛИК ПОЕЗДИ" - ДЕҲҚОНОБОДДА

Хайрия акцияси

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида республикамизнинг экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларида яшовчи аҳолига "Саломатлик поезд"ларини ташкил этиш йўли билан тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ  ҳамкорлигида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси учун ташкил этилган Тошкент-Сариосиё-Қумқўрғон-Бойсун-Дарбанд-Оқработ-Деҳқонобод-Тошкент йўналишидаги "Саломатлик поезди" 29-30 апрель кунлари Деҳқонобод туманида бўлди.

29 апрель куни Оқработ темир йўл бекатида, 30 апрелда Деҳқонобод темир йўл бекатида малакали мутахассислар томонидан болалар, хотин-қизлар, кўп болали оилалар аъзолари ва бошқа тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтожлардан иборат 750 нафарга яқин киши тиббий кўрикдан ўтказилди. Хасталик аниқланганларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Шу билан бир қаторда, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувлар ташкил этилди.

- Малакали шифокорлар билан бирга фонднинг вилоят кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатди, - дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди вилоят филиали директори Гулнора Шарипова. - Инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат, кийим-кечак, оёқ кийимлари, дори-дармон, тиббиёт анжомлари ва жиҳозлар, санитария-гигиена воситалари ҳамда ногиронлик аравачаларидан таркиб топган.

Сафар давомида кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ҳамроҳлигида марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплекслари, кўзи ожиз, ақли заиф, кар-соқов болалар махсус мактаб-интернатларига ҳам хизмат кўрсатилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА