Таълим 29.09.2018 119

САОДАТЛИ КАСБ

Қалб меъмори

САОДАТЛИ КАСБ

Албатта, жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабат билан ҳам ифодаланади. Шунга ҳамоҳанг юртимизда мазкур залворли ва масъулиятли касб эгаларига бўлган ҳурмат эътирофи ўлароқ ҳар йили  1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрам сифатида кенг нишонланади.

Жамиятнинг асосий қатламини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимиз ҳар қанча  эъзозга лойиқ. Зеро, униб-ўсиб келаётган навқирон авлод нафақат дунёвий билимларни ўзлаштириши, балки маънан баркамолҳамда ахлоқан етук мутахассис бўлиб етишишида улар берган таълим ва тарбия, сабоқнинг аҳамияти катта.

Дарҳақиқат, ота-она фарзандини    дунёга келтирган бўлса, устоз унга ҳаётда бир умрга етгулик одамийлик илмидан сабоқ беради. Бир машҳур зотдан: нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганди. У бунга жавобан: отам бу ёруғ дунёга келишимга сабаб бўлган бўлса, устозим руҳимни тарбиялаб, камолга етишишимга сабаб бўлди, деган экан.

Имом Саффорий айтганларидек,  муаллимни эҳтиром қилиб, улуғлаш ва унга тавозеъли бўлиш лозим. Ҳатто уламолар муаллимнинг ҳаққи отанинг ҳаққидан кучлироқ эканлигини таъкидлаган. Чунки, муаллим абадий ҳаётга эришиш сабаби, ота эса фоний ҳаётга эришиш боиси ҳисобланади. Киши ўз муаллимига итоат қилиши вожиб бўлиб, унинг раъйига хилоф иш тутиш ҳаромдир.

Динимиз таълимотида ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий айтганларидек, “дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмайди ҳам”.

Муқаддас каломи шарифда илм ва ўқиш ҳақида жуда кўплаб оятлар келган. Инсоният илм билан Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрату матонати билан эгалланади.

Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шон-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят).

Яна бир оятда: “Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У аларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадилар, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатадир. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (“Оли Имрон” сураси, 164-оят) дея баён этилади. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўзлари: Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман, деганлар.

Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада мўътабар, улуғ мартаба эканлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳақига дуо қилиб туради. Пайғамбаримиз бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто ковагидаги чумоли ва ҳаттоки балиқлар одамларга яхшиликни таълим берувчига саловат айтадилар” (Термизий ривояти).

Хулоса шуки, устозлик астойдил, масъулият билан қилинса, у инсонни икки олам саодатига элтади. Ҳақиқий Устоз номига эса фақатгина муносиблар эришади.

Нуриддин МАННОНОВ,

Қарши туманидаги Қуйи Бешкент жомеъ масжиди имом-хатиби