Қишлоқ хўжалиги 15.06.2017 983

САРХИЛ МЕВА-ЧЕВА – ҚАЙТА ИШЛАШ УЧУН МУҲИМ ХОМАШЁ

Қишлоқ хўжалиги

САРХИЛ МЕВА-ЧЕВА – ҚАЙТА ИШЛАШ УЧУН МУҲИМ ХОМАШЁ

Маълумотларга кўра, ўтган йили вилоятимизда 142,7 минг тонна  мева етиштирилган. Бу борада аввалги йилга нисбатан салмоқли ўсиш қайд этилган. Боғдорчилик тармоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилгани воҳамизда бу турдаги қишлоқ хўжалиги ноз-неъматларининг ишлаб чиқариш ҳажми кўпайишида муҳим аҳамият касб этди. Эътиборлиси, ҳудудда етиштирилган мева-чеванинг бир қисми қайта ишлашга йўналтирилди, катта улуши ички бозорга етказиб берилди. Аҳоли истеъмолидан ортгани эса чет эл мамлакатларига экспорт қилинди.

Айтиш жоизки, бу маҳсулотларга бўлган мавжуд эҳтиёжни самарали қоплашда боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари асосий ўрин эгаллайди. Бугунги кунда ушбу субъектлар соҳага замонавий, энергиятежамкор технологияларни жалб этиш орқали маҳсулдорликни кўтаришга эришмоқда.

Ўн йилдан ошибдики, боғдорчилик Касби туманидаги “Умрқулов Сардорбек Алишерович” фермер хўжалигида етакчи тармоқ ҳисобланади. Сархил мева етиштиришда хўжалик аъзолари катта тажриба тўплаган. Бу ерда асосан маҳаллий навларга мансуб, ҳосилдор мевали дарахтлар парваришланмоқда.

- Хўжалигимиздаги 1,5 гектар майдон боғ учун ажратилган, - дейди фермер Умрқул Маматқулов. – Шунинг 1 гектарида олма, қолганида ўрик ва бодом етиштираяпмиз. Бултур боғимиздан кўп миқдорда мева-чева йиғиштириб олгандик. Маҳсулотимизни аҳолига сотдик, бозорга чиқардик. Бу йил ҳам ҳосил кўнгилдагидек. Пишиб етилган ўрикларни харидорларга пешма-пеш тақдим этаяпмиз.

Яна бир эътиборли жиҳати, 2016 йилда вилоятимиз бўйича 1328 гектар майдонда янги маҳаллий ва интенсив боғлар барпо қилинган. Бу йўналишдаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун 14,3 миллиард сўм маблағ сарф этилган. Жорий йилда ҳам бу борада кенг кўламли ишларни адо этиш мақсад қилинган. Ушбу тадбирлар келгусида вилоятимизда сархил мева-чева етиштириш ҳажми янада кўпайишига кенг шароит ҳозирлайди. Бу ўз навбатида ички бозорни тўлдириш, қайта ишлаш корхоналарини муҳим хомашё билан муттасил таъминлаш, экспорт қилинажак шу турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари салмоғини оширишга имкон бериши билан муҳимдир.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: фермер хўжалиги фаолиятидан лавҳа.

 

Cаҳифа суратларини Собир НАРЗИЕВ олган.