Маданият 11.10.2018 172

“САВТИ САРВИНОЗ” – МАҚОМ БАСТАКОРЛАРИ ҲАҚИДАГИ БИРИНЧИ РОМАН

Янги асар

“САВТИ САРВИНОЗ” – МАҚОМ БАСТАКОРЛАРИ ҲАҚИДАГИ БИРИНЧИ РОМАН

Шаҳрисабзлик ижодкор Неъмат Арслон мақом санъати тарихидан ҳикоя қилувчи “Савти сарвиноз” асарини ёзиб тугатди.

Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева “Романни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Унда Шаҳрисабз беклигининг нуфузли шахсларидан бири мумтоз бастакор Абдураҳмонбекнинг (ХIX аср) ҳаёт йўли ва санъатимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси бадиий, тарихий ва публицистик-мушоҳадавий талқин қилиб берилган”, дея фикр билдиради.

Маълумки, XIX асрда яшаб ижод қилган шаҳрисабзлик Абдураҳмонбек улкан истеъдод соҳиби бўлиб, “Абдураҳмонбеги” мақом ва ашулалар муаллифи ҳамда талқинчиси сифатида ўзбек миллий мусиқаси ва мақом санъати тарихидан муносиб жой олган. Бузрук мақомининг савти сарвиноз шуъбасига оҳангдош сарахбор, соқийнома ва уфор усуллари билан ижро этиладиган мақомлар мазкур санъаткор номи билан боғлиқ. Ҳожи Абдулазиз Расулов, Юнус Ражабий “Абдураҳмонбеги” йўлларини мукаммал ўзлаштириб, айнан шу услуб йўналишида куйлар яратишган.

Илмий фантазия йўлидаги романда Абдураҳмонбек орқали “Шашмақом” руҳияти очиб берилади, шунга монанд, асар шундай сўзлар билан бошланади: “Агар қалбим тошга айланмасин десанг, Бухоро Ироғини тингла”.

Роман муаллифига тўхталадиган бўлсак, Неъмат Арслон 1941 йил Шаҳрисабз туманида туғилган. Озод Шарафиддинов номидаги адабий мукофот совриндори (2016). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Адибнинг “Аёл сувратига чизгилар”, “Олдинда яна тун бор”, “Бигиз”, “Қизил шиша синиқлари”, “Маҳбуснинг иккинчи ҳаёти”, “Адам водийси”, “Мавҳумот” каби ҳикоялар, қисса ва романлардан иборат китоблари нашр этилган.

Б.САЙФИЕВ