Жамият 16.04.2019 365

СЕКТОР ШТАБИ УЧУН "НУРОНИЙЛАР МАСКАНИ"ДАН БОШҚА ЖОЙ ЙЎҚМИ?

Фармон ва ижро

Қариси бор уйнинг париси бор, дейди халқимиз. Шунинг учун ҳар бир ўзбек хонадонининг тўри, маслаҳатнинг аввали кексаларники. Давлат раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу ҳақиқатни бизга яна бир бор англатиш билан бирга, кексаларни эъзозлаш йўлида муҳим ўрин тутганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Ёдингизда бўлса, ана шу фармоннинг 4-бандида ҳокимликлар ҳар бир туман ва шаҳардаги маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида "Нуронийлар маскани" мажмуалари фойдаланишга топширилишини таъминлаши, бу ерда "Нуроний" жамғармасининг ҳудудий бўлимлари фаолият кўрсатиши белгиланган эди.

- Ўтган давр ичида Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари, Деҳқонобод, Касби, Қарши, Китоб туманларида "Нуронийлар маскани" мажмуалари фойдаланишга топширилди, - дейди Нуроний жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. - Ушбу мажмуаларда бой китоб фондига эга заллар, шахмат, шашка хоналари, даволаш-жисмоний тарбия заллари, ошхона ва тиббий хоналар ташкил этилиб, зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозланди.

Албатта, бундай шароит кекса-нуронийларнинг вақтини унумли ўтказиши, саломатлигини мунтазам назорат қилиб боришида муҳим аҳамиятга эга. Тўғри-да, уйда биқиниб ётгандан нима фойда? Кўчага чиқиб, ўз тенг-тўшлари билан у ёқ-бу ёқдан гурунглашганга нима етсин?! Қолаверса, китоб, газета-журнал мутолааси, спорт машғулотлари ҳам кони фойда.

Гапнинг қисқаси, "Нуронийлар маскани" мажмуаларидан шу каби мақсадлар кўзланганди. Шу ўринда вилоятнинг барча туманларида ҳам бундай масканлар ташкил қилинмаганини таъкидлаш жоиз. Маҳаллий ҳокимликлар нега бу ишга ҳали-ҳамон қўл урмаётгани алоҳида мавзу. Ҳозир эса фойдаланишда бўлган масканлар фаолиятига бир қур назар ташласак.

Қарши туманидаги "Нуронийлар маскани" 2018 йилнинг июнь ойида кексалар ихтиёрига берилган. Мажмуа учун қарийб 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Зарур шароитлар ҳозирланган. Кексалар аримайдиган, дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган гўша бўлиши кўзда тутилган.

Бироқ бугун бу ерда кекса-нуронийлар ўрнига 2-сектор штаби жойлашиб олганини қандай тушуниш мумкин? Бир муддат масканда мактабгача таълим бўлими ҳам фаолият юргизди. Савол туғилади: бу идоралар кексалар мажмуасида нима қилиб юрибди ўзи? Камига бино тепасидаги "Нуронийлар маскани" деган ёзув ҳам олиб ташланган.

"Нуроний" жамғармаси туман бўлими раиси Полвон Тўлиевнинг маълум қилишича, кутубхона, шахмат-шашка, тиббиёт ва дам олиш хоналари, спорт анжомлари билан жиҳозланган залга нуронийлар хоҳлаган пайтда келиб, бемалол дам олишлари мумкин. Пешлавҳани эса шамол учириб кетган. Бир неча бор шу ҳолат такрорлангач, охири лавҳани илмай қўйишган.

Шу ўринда бир савол туғилади: нега шамол "Нуронийлар маскани" деган ёзувни учириб кетадию, прокурорнинг "2-сектор" деган лавҳасига бирор зиён етмайди? Бу жойга келган ҳар қандай қария "Ҳа, энди бу ерда штаб ишлаётган экан, дамни уйда оларканмиз-да" демайдими. Яхшиямки, прокурорнинг дами устун келиб, "Нуроний" жамғармасидагиларнинг ўзи бу ердан чиқиб кетмагани...

- Аслида штабимиз Хушвақт қишлоғидаги коллежда жойлашган, - дейди туман прокурори ўринбосари Абдулла Сафаров. - Айни пайтда у ерда таъмирлаш ишлари кетаётганлиги сабабли вақтинча шу ерда фаолият олиб бораяпмиз. Таъмир тугагандан кейин яна коллеж биносига кўчиб ўтамиз.

Демак, "Нуронийлар маскани"ни прокурор сектори ўзиники қилиб олмаган.  Кекса-нуронийлар бу ерга бемалол қадам ранжида қилишлари мумкин. Бироқ бу ердаги муҳит бемалол дам олиш имконини берармикан? Ё кексалар қайсидир ташкилот ўзига бино топгунча, ё қай биридир "ремонт"ини битириб олгунча кутиб ўтирадими?

Шоҳиста БОЗОРОВА