Таълим 16.11.2018 127

“СЕН УМРЛАР БАҲОРИСАН...”

Бугун - Халқаро талабалар куни

“СЕН УМРЛАР БАҲОРИСАН...”

Ёхуд машаққат, матонат, маҳорат ва муҳаббат фасли

 

Талабалик даврим менинг,

Давронларнинг зўрисан.

Сен умрлар баҳорисан,

Сен умрлар ёзисан.

Машҳур хонанда томонидан куйланган бу қўшиқни эшитган борки, кўз олдида энтикиб эсланадиган талабалик даврининг унутилмас лаҳзалари ўтиб, қалбида гўзал ҳисларни туйиши табиий.

Бир даврада “Нега бу даврни олтин деб атаймиз, энтикиб эслаймиз?” деган савол ўртага ташланди. Кимдир: “Талабалик – бу эркинлик демак. Ёшлар бу даврда ота-она назоратидан салгина чекиниб, илк бор мустақил ва эркин ҳаётнинг гоҳ ширин, гоҳ аччиқ таъмини татиб кўрадилар”, деди. Яна кимдир: “Бу – изланиш, интилиш, ҳаракат ва меҳнат фасли бўлгани боис ҳам биз учун олтиндай бебаҳо”, дея фикр билдирди. “Асосий сабабни унутиб қўяяпсиз, – дея эътироз билдирди учинчи даврадошимиз. – Муҳаббат-чи? Дилларни орзиқтирадиган гўзал туйғуларга бой бўлгани учун ҳам олтин-да бу давр...”.

Назаримизда даврадошларимизнинг барчаси ўзларича ҳақ эди. Ҳа, талабалик даври бежизга олтинга менгзалмайди. Бу давр – киши ҳаётига   мустаҳкам пойдевор қўядиган, дўстлар орттирадиган, касб-кор танлаб, етук мутахассис бўлишга чоғланадиган фасл бўлгани билан  ҳам қимматли.

17 ноябрь – халқаро талабалар куни санаси тарихи иккинчи жаҳон уруши вақтида Чехославакияда бошланган фожиали воқеалар билан боғлиқ. 1939 йил 28 октябрь куни талабалар ва ўқитувчилар собиқ Чехословакиянинг Прага шаҳри марказига таълим байрамини нишонлаш учун намойишга чиқишади. Босқинчилар намойишчиларни тарқатишаётганда тиббиёт факультети талабаси Ян Оплетал отиб ўлдирилади. 1939 йил 15 ноябрь Ян Оплетални дафн этиш маросими норозилик намойишига айланиб кетди. 17 ноябрь куни эрталаб гестапочилар ва эсэсчилар талабалар ётоқхонасини ўраб олишади ва 1200 дан ортиқ талаба ҳибсга олинади. Урушнинг охиригача бу мамлакатдаги ҳамма олий ўқув юртлари ёпилади...

1946 йил 17 ноябрда - Прага бутундунё талабалар конгресси ўтказилди. Унда мазкур сана Халқаро талабалар куни сифатида эълон қилинди.

 Ҳар йили мазкур сана муносабати билан юртимизда, хусусан вилоятимиздаги мавжуд олийгоҳларда турли тадбирлар, кўнгилочар дастурлар, кўрик-танловлар ўтказилади.

Вилоят статистика бошқармасидан олинган маълумотга кўра вилоятимиздаги олий ўқув юртларида 16 мингдан ортиқ ёшлар олий таълимни давом эттиришмоқда. Уларнинг мингга яқини ўз истеъдоди, билими, яратувчанлиги, ихтиролари ва инновацион ғоялари билан тенгдошларига ўрнак. Йил сайин олий маълумотли бўлиш истагидаги ёшлар кўпаяётгани эса қувонарли.

***

– Юртимизда олий маълумот олиш имкони ортаяпти, – дейди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали 4-босқич талабаси Сардор Бердиев. – Бу борада Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва республикамиздаги олий ўқув юртлари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш бўйича келишувлар йўлга қўйилди. Шунга кўра, юртимизда Россиянинг қатор олийгоҳлари филиаллари очиладиган бўлди. Масалан, (Москва энергетика институти) Миллий тадқиқотлар университетининг Тошкент шаҳрида иш бошлайдиган филиалида энергетика, электротехника, электроника, информацион технологиялар ҳамда радиотехника каби соҳалар бўйича мутахассислар тайёрланади. Демак, яқин йиллар ичида бу соҳаларда кадрларга бўлган эҳтиёж қопланади.

Сардор Бердиев изланишлари туфайли Беруний номли давлат ҳамда ал-Хоразмий номидаги стипендияларига сазовор бўлди. Билимли, фаол талаба сифатида республика ва халқаро миқёсдаги фестиваллар, танловларда мунтазам қатнашди. 2017 йилда Россиянинг Сочи шаҳрида ўтган Бутунжаҳон талабалар ва ёшлар фестивали, Оренбургдаги “Евразия - 2018” халқаро ёшлар форумида     Ўзбекистон делегати сифатида иштирок этиб, ўз лойиҳалари, дастурларини намойиш этди.

***

Қарши давлат университетининг ўзбек филологияси факультети 4-босқич талабаси Достон Абатов ҳам иқтидорли ёшлардан. Янги ўқув йили унинг учун омадли келди. Тинимсиз изланиши, яхши ўқиши эвазига Навоий номли давлат стипендиясига лойиқ кўрилди. Вилоятда ўтказилган “Йил талабаси” республика кўрик-танловида энг билимдон талаба сифатида ғолиб бўлди. Айни кунда 25 ноябрда бўладиган танловнинг республика босқичига тайёргарлик кўрмоқда.

- Жорий ўқув йилида кириш имтиҳонлари мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида адолатли, холис ва шаффоф ўтди, - дейди Достон. – Тест синовларида университетда ўқиш истагидаги 30 минг 937 нафар ўғил-қизларнинг билимли ва иқтидорлилари сараланди. Бу эса ёшларда эндиликда ўқишга кириш учун турли қинғир йўллар билан эмас, балки бунга фақат ўқиб-ўрганиб эришиш мумкин, деган тасаввур уйғотди.

***

Илгари масофадан бошқариш қурилмалари, қуёш батареялари  ҳақида телевизорларда кўрган бўлсак, бугун бундай қурилмалар ўзимизда, маҳаллий олимлар ва иқтидорли ёшларимиз томонидан яратилмоқда. 7 мингдан ортиқ ўғил-қиз сабоқ олаётган Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида изланувчанлик қобилиятига эга талабалар кўп.

Бобурбек Ражабалиев муассасанинг нефть ва газ факультети технологик жараёнларни автоматлаштириш йўналишида ўқийди. Унинг ўз соҳасига бўлган қизиқишини илмий тадқиқот ишларида кўриш мумкин. Ўтган йиллар давомида у температурани автоматик назорат қилиш, кўча чироқларини автоматик ўчириб-ёқиш, намлик сигнализатори, электромоторни масофадан бошқариш, эшикларни ёруғлик нурига нисбатан очиб-ёпиш ҳамда  донадор маҳсулотлар сарфини ўлчаш (санаш), сув насосларининг иш режимини автоматик бошқариш қурилмалари бўйича тадқиқот ишлари олиб борди.

– Кейинги йилларда таълим тизимида  олиб борилган улуғвор ислоҳотлар барчамизнинг кўнглимиздаги иш бўлаяпти, - дейди талаба. – Биргина ўқитувчи ва талабаларнинг мажбурий меҳнатдан озод этилишини олайлик. Бу эса ўқиш, янгиликлар яратиш, ўз устида ишлаш учун айни муддао бўлди. 

Бобурбекнинг сув насосларининг иш режимини автоматик бошқариш қурилмаси насосларнинг ишлаш самарадорлигини ошириб, электр энергиясини тежаш имконини беради. Ақлли насос идишдаги сув сатҳи белгиланган миқдорга етиб борганда қурилмани манбадан ўчиради ва  сув сатҳи меъёрдан пасайиб кетганда насосни автоматик яна ишга туширади. Унга сезгир элементлар (датчиклар) ва транзисторлар ўрнатилган.

Талабалар – жамият умиди, давлат ишончи, инсониятнинг оқил, доно ва билимдон табақаси ҳисобланади. Уларнинг ўқиши, изланиши учун яратилган бугунги шароит эртанги кунга кафолатдир.

Олтин давр... Машаққат, матонат, маҳорат ва муҳаббат фасли бу...

Сожида АЛЛАЁРОВА