Жамият 07.05.2019 161

СЕНАТОРЛАР МАЪҚУЛЛАГАН 8 ҚОНУН ХАЛҚ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШ ЯСАЙДИ?

Парламент иши

Жорий йилнинг 3-4 май кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, жамият ҳаётининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 23 масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди.

Хусусан, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Қонунга биноан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати 49 йил экани қайд этилиб, бир ва икки босқичли тендер ўтказиш тартиби белгиланди. Унга мувофиқ, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича бир босқичли, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича икки босқичли тендер ўтказиладиган бўлди.

Шунингдек, давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиш мумкин.

"Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонун билан ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатли органлар - Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, "Ергеодезкадастр" қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасининг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Қонун билан ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби ва хусусийлаштирилган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми тартибга солинди. Хусусийлаштирилмайдиган ер   участкаларига аниқлик киритилди. Жумладан, фойдали қазилмалар конлари жойлашган ер участкалари, давлат мулкидаги стратегик объектлар, табиатни муҳофаза қилиш,    соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, ўрмон ва сув фондларининг ерлари, шунингдек, қонунда кўрсатилган бошқа ер участкалари хусусийлаштирилмайди.

Қонунда чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар (норезидентлар), фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ер кодексида ва халқаро шартномаларда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хусусийлаштирилган ер участкаларини олиш ҳуқуқига эга эмаслиги кўрсатилди. Қонун нормаларида ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Национализация қилиш  фақат давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ҳамда ер участкаси мулкдорининг розилиги олинганида амалга оширилади.

Сенаторлар маъқуллаган "Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунда энергия соҳасидаги устувор йўналишлар, Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, ушбу соҳадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари белгиланди. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланди.

Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан озод этиладиган бўлди. Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулк учун уч йил жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи тўламаслиги қонунийлаштирилди. Ушбу қонун иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.

Яйловлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш мақсади кўзланган "Яйловлар тўғрисида"ги Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудий дастурларни тасдиқлаши ва амалга ошириши, яйловларда чорва молларини ўтлатиш нормалари ва муддатларини тасдиқлаши белгилаб қўйилди. "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг вазифалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг иштироки механизми белгиланди.

Яйловлардан фойдаланиш тартиби, яъни улар юридик ва жисмоний шахсларга давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра доимий эгалик қилиш, ижара ва вақтинча фойдаланиш учун берилиши, ўрмон фонди ерларидаги яйловлардан давлат ўрмон хўжалиги органларининг рухсатномаси асосида фойдаланилиши қайд этилди. Юридик ва жисмоний шахслар зиммасига яйловларни ифлослантирганлик, улардан оқилона фойдаланмаганлик, уларнинг таназзулга учраганлиги натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш юкланади.

"Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонунга мувофиқ, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни, ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилганлик учун жарималар миқдорини оширишни, дарахтлар ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилганлик учун жарималар миқдорини оширишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, ов қилиш ва балиқ тутиш қоидаларини, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Сенат ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунлар ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланди. Унга мувофиқ, "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Қонунга ва Бюджет кодексига таҳририй ўзгартишлар киритилди. "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунга пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ойлик иш ҳақининг энг кўп миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз бараваридан ўн бараваригача оширишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилди. "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонун ҳам янги норма билан тўлдирилиб, унга кўра, тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобатига асосланган тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Умуман олганда, Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган ушбу масалалар мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари