Жараён 13.09.2019 171

ШАҲРИСАБЗ ТУМАНИДА ИККИТА МИКРОГЭС ҚУРИЛАДИ

Инвестиция лойиҳалари

"Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти 2020 йилнинг охиригача вилоятимизда иккита янги микроГЭСни қуриб фойдаланишга топширишни режалаштирмоқда. Уларнинг умумий қуввати 2260 киловаттга тенг бўлиб, қурилиш харажатлари 1 миллион 460 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга қараганда, 2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури доирасида Қашқадарёда қурилажак бу микроГЭСларнинг иккаласи ҳам Шаҳрисабз тумани ҳудудида - собиқ "Оқсув" кичик гидроэлектрстанциясида ва "Ҳисорак ГЭС" унитар корхонаси қошида бунёд этилади.

"Оқсув" микроГЭСининг ҳисоб-китоб қуввати соатига 1260 киловаттни ташкил қилиб, лойиҳа қиймати 760 минг доллар атрофида бўлиши кутилмоқда. У ерда сув оқими режимининг давомийлиги бир йилда 10 ойдан иборат деб баҳоланмоқда. Ҳисорак гидроэлектрстанцияси қошида қуриладиган микроГЭСда мазкур кўрсаткич 6 ойга тенг бўлиб, қуввати 1000 киловаттга етиши назарда тутилган. Ушбу иншоотни барпо қилишга 700 минг доллар миқдорида инвестициялар йўналтириш мўлжалланмоқда.

Ўтган ойнинг охирида "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти вилоятимизда қуриладиган бу икки объект учун гидроэнергетик асбоб-ускуналар, шу жумладан, гидротурбиналар ва гидрогенераторлар, шунингдек, микроГЭСдаги технологик жараёнларнинг автоматлаширилган бошқарув тизими жиҳозларини сотиб олиш бўйича энг яхши таклифлар танловини эълон қилди. Унда ғолиб чиққан компаниялар зиммасига молиялаштириш амалга оширилган кундан бошлаб 8 ой ичида асбоб-ускуналарни олиб келиб ўрнатиш ва монтаж қилиш, шунингдек, маҳаллий мутахассисларни ўқитиб, микроГЭСни ишга тушириш ва синовдан ўтказиш мажбурияти юкланади.

Умуман олганда, мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида республика миқёсида микроГЭСлар қуриш бўйича жами 19 та пилот (тажриба) лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг умумий ҳисоб-китоб қуввати 10 минг киловаттдан ортиқ. Қурилишига жами 12 миллион доллардан зиёд маблағ ажратилади. Жорий йилнинг тўртинчи ва келгуси йилнинг учинчи-тўртинчи чоракларида Фарғона вилоятида битта, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида иккитадан, Жиззахда учта, Самарқандда бешта, Андижон вилоятида эса олтита микроГЭСни ишга тушириш мўлжалланмоқда.

Биродар АЗИЗОВ