Сўнгги янгиликлар 14.06.2019 246

ШАҲРИСАБЗДА ИККИ ОТМНИНГ ФИЛИАЛЛАРИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 11 июнда “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги ва “Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги икки қарорни қабул қилди.

Уларга асосан:

вилоятдаги, хусусан туманлар ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларининг олий маълумотли малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини самарали қондириш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифат даражасини ошириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, ёшларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали;

вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати салоҳиятини янада ошириш ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали ташкил этилиши белгиланди.

 Ҳар иккала филиалда таълим жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети филиалига Шаҳрисабз шаҳри Шаҳрисабз кўчаси 10-уйда жойлашган Қарши давлат университети қошидаги Шаҳрисабз академик лицейининг бино ва иншоотлари, Тошкент кимё-технология институтининг филиалига Шаҳрисабз шаҳри Шаҳрисабз кўчаси 20-уйда жойлашган Шаҳрисабз енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилди. Демак улар ана шу манзилларда фаолият бошлайди. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ҳам ўқишни битиргунларига қадар шу биноларда ўқув жараёнини давом эттиради.

Шунингдек, ушбу қарорлар асосида филиалларнинг асосий вазифалари, уларда ўқув-методик жараёнларни ташкил этиш ва муассасалар фаолиятини молиялаштириш манбалари, моддий-техник ҳамда илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чоралари аниқ белгилаб берилди.

Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳар иккала филиал васийлик кенгаши таркиби ҳам тасдиқланиб, уларнинг ушбу муассасаларни ривожлантиришга қай масалаларда кўмаклашиши аниқлаштирилган. 

 Ўз мухбиримиз