Қишлоқ хўжалиги 11.01.2019 331

ШАФФОФ ГУМБАЗ ОСТИДА: ЕТТИ ЁЛҒОН, ЕТТИ ЧИН...

Журналист касбини ўзгартиради

ШАФФОФ ГУМБАЗ ОСТИДА:

ЕТТИ ЁЛҒОН,  ЕТТИ ЧИН...

Янги 2019 йил режаларини бирма-бир хаёлидан ўтказаётганлар орасида "байрам арафасида ярмаркадан помидору бодрингни шунча пулга сотиб олдим-а, бу йил байрам дастурхонига ўзимнинг иссиқхонамдан узиб чиқмасамми?!", деган иссиқ-иссиқ ниятларни дилига тукканлар ҳам кўпчилик бўлиши табиий. Уларга ниятлари муборак ва албатта ижобат бўлсин, деймиз.

Ва бемалол ниятни янада каттароқ қилишларини сўраймиз. Яъни нафақат хонадонидаги байрам дастурхони учун, балки бозор учун ҳам маҳсулот етиштириб, харидорларнинг дуосини олиш баробарида даромаднинг "дада"сига эга бўлишни мақсад қилишсин.

Бу борада экспертимиз, ёш бўлса-да, малакали агроном ва тадбиркор Умаржон Қосимовнинг эксклюзив тавсияларига қулоқ тутамиз. Воҳамизнинг кўпгина томорқачиларига номи яхшигина таниш бўлиб қолган Умаржон асли Андижон вилояти, Асака туманидан. Мустақиллик тенгдоши. Бир неча йилдан бери иссиқхона бизнеси билан шуғулланади. Қашқадарёда (Миришкор, Касби, Қарши, Ғузор ва Яккабоғ туманларида) беш йилдан бери томорқа ва катта майдонларда иссиқхона қуриш, сифатли кўчат билан таъминлаш, томорқачиларга маслаҳат бериш фаолияти билан шуғулланмоқда.

Очиғини айтсам, Умаржон - менинг устозим. У ўтган йили 1 сотих майдонда ихчамгина иссиқхона қуриб берди. Унда эртачи помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштириш сирларини ўргатди. Ҳозир ҳам "Telegram" орқали деҳқончиликка оид маслаҳатлар бериб туради. Буларни бежизга таъкидлаётганим йўқ. "Бошдан ўтказган табиб", дейдилар-ку. Қуйида келтириладиган тавсияларнинг юракка ҳам, чўнтакка ҳам хуш ёқадиган самараларига ўтган бир ярим йиллик муддат давомида шахсан ўзим гувоҳ бўлганман.

Демак, томорқасида иссиқхона қуриб, помидор ва бодринг етиштириш ниятида бўлиб, бунга ҳадик билан ёндашадиганлар ўзларини ўзлари қандай алдашади? Ва мутахассиснинг бунга жавоблари қандай?

1-ЁЛҒОН: "БУ МЕНИНГ ҚЎЛИМДАН КЕЛМАЙДИ..."

Қизиқ-да, ўзи уриниб ҳам кўрмаган одам иш бошлаётган кишини  айнитиш пайида бўлади: "Бўлмайди, буни қиладиган ўзининг одамлари бўлади, сен билан менга тўғри келмайди, ана, палончи бир кечада совуққа олдириб қўйди, миллион-миллион харажатига куйди..."

Бу борада тасаввур ҳосил қилишнинг энг осон йўли мана бундай. Ишонаверинг, бу фаолият қорамол боқишдан ўн карра осонроқ. Вақтида иссиқликни, сувни, ўғитни берсангиз, вақтида шамоллатсангиз бас. Қолаверса, "чорваники - қирқ йилда, деҳқонники - бир йилда", деган гаплар ҳам бор... Молга ёз бўйи ем-хашак жамғарасиз. 1 сотих ерга молхона ва сомонхона жойлаштиргандан кўра шу майдонда иссиқхона қурсангиз, бир мавсумда бундайроқ тўрт ҳўкизнинг даромадига эга бўласиз.

Қарши туманидан бир томорқачи аёлни яхши биламан. Тўрт йил илгари болалари билан қўшниларининг ишларини қилиб бериб, тирикчилик қиларди.  Ҳозир ўн сотих иссиқхонасида кўчат етиштиради, энди у қўшниларини ёллаб ишлатаяпти.

2-ЁЛҒОН: "ҚУРИШ ХАРАЖАТЛАРИ ҚИММАТ, ҚОПЛАМАЙДИ..."

Бу ҳам ёлғон тасаввурлардан бири. Агар тўрт миллион сўм маблағингиз бўлса, бир сотих майдонда ўзингиз иссиқхона қуриб, ёпиб олишингиз мумкин. Қўлбола иситиш ва томчилаб суғориш тизими харажатлари ҳам шунинг ичида. Иссиқхона учун мўлжалланган махсус плёнка 3 йилдан кейингина алмаштирилади. Қурилиш харажати бир мавсумнинг ўзидаёқ қопланиб, яхшигина фойда ҳам қиласиз.

Дарвоқе, якунланаётган йилда очиқ майдондаги помидор ва бодрингни гармсел уриб кетганидан хабарингиз бор. Ёзнинг ўзида ҳеч қандай ташвишсиз, ёқилғию ўғитсиз иссиқхонада етиштирилган помидорнинг нархи 2 минг, бодрингники эса 1,5 мингдан тушмади. Бу 1 сотих жойдан яна ўртача 2,5 миллион фойда дегани.

Ҳозир иссиқхона қуриш учун банкдан йиллик 7 фоизли кредитлар берилаяпти. Шу йўлдан борсангиз, қурувчилар 6 миллион сўмга 1 сотих иссиқхонани тайёр ҳолда "калити билан" сизга топширишади. 11 миллион сўмга эса - замонавий иситиш тизими билан.

Бу борада бир-икки тавсияни айтиб ўтсам. Унутманг, иссиқхонада энг муҳим тушунчалар - бу ҳарорат, намлик, ёруғлик ва атмосфера босими. Негадир кўпчиликда "парник"ни қанчалик паст қурсам, иссиқроқ бўлади, деган тушунча бор. Бу ҳам нотўғри тасаввур. Тепа қисмдаги плёнка музлаганида совуқни пастга ўтказиб юбориши мумкин. Бундан ташқари баланд қурилган иссиқхона ёруғроқ бўлади.

3-ЁЛҒОН: "МЕНИНГ ТОМОРҚАМДАГИ ТУПРОҚ ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИ..."

Бу ҳам бекор гап. Шағал ва қумда ҳам, керак бўлса, асфальтнинг устида ҳам маҳсулот етиштириш мумкин. Халтага тупроқ ва гўнгни аралаштириб солсангиз бас. Қурилиш чиқиндилари, ғишт синиқлари орасида ҳам помидор етиштирганмиз. Ҳатто шўрхок ва зах ерлар учун мўлжалланган махсус навлар бор. Яқинда бир киши "тупроғимиз "саққиз" (қизил), бетондай қотиб қолади, бемалол тандир ясаса бўлади", деди. Қизиғи, айнан шу тупроқда етиштирилган помидорнинг мазаси бошқача бўлади.

4-ЁЛҒОН: "КЎП СУВ КЕРАК... СУҒОРИШ МУАММО БЎЛАДИ..."

Бир сотих ерга 300 туп помидор ниҳоли қадалса, дастлабки пайтларда ҳар тупга бир литрдан 300 литр сув томчилатиб берилади. Ўртача 20 кунда бир суғорилади. Кейинроқ тупига 3 литрдан берилади. Мавсум давомида кўпи билан 4 тонна сув сарф бўлади. Бу сизга бор-йўғи 50 000 сўмга тушади.

Таркибини махсус лабораторияларда текширтириб, ер ости сувларидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Айтганча, томчилаб суғориш тизими унчалик катта харажат талаб қилмайди. Қолаверса, бу тизим ўрнатилган бўлса, экин тагини чопиқ қилишга асло ҳожат қолмайди. Қайтага чопиқ қилинганида ўсимликнинг майда илдизларига зарар етказиб қўйишингиз мумкин.

5-ЁЛҒОН: "КЎП ЁҚИЛҒИ ЁНАДИ. ХАРАЖАТИ ҲАМ ЧИҚМАЙДИ..."

Бодрингга плюс 15 дан юқори, помидорга бошланишида 15, кейинроқ 10-12 даража иссиқликни таъминлаш керак. Газ бўлса-ку, яхши. Аммо унинг таъминотида узилиш бўлмаслигига кафолат борми? Хуллас, ундан бошқа шароитда кўмирдан яхшироқ ёқилғи йўқ. Тараша, "тезак" ва "чалма" сингари маҳаллий ёқилғилар ҳароратни кўмирдай бир меъёрда ушлаб тура олмайди. Бир мавсумда ўртача 1,5 тонна кўмир бир сотихли иссиқхонани иситиш учун етарли. Албатта, асосий плёнкадан ташқари яна икки қаватли "термос усули"да ёпилган, дудбуронларга махсус тутун тортгич мосламалар ўрнатилган шароитда...

Кўмирнинг кукунини ҳам асло ташлаб юборманг. Қўлбола шароитда тайёрланган "брикет" ҳатто музлаган ҳолда ҳам салкам кўмирдай самара беради.

6-ЁЛҒОН: "МАҲСУЛОТНИНГ ТУРГАН-БИТГАНИ - "ХИМИКАТ"

Машҳур фильмда айтилганидай бу - "ғийбатчиларнинг ғийбати". Хорижда шундоққина қум ё сувнинг ўзида ёки кокос пўчоқлари орасида маҳсулот етиштиришаяпти. Ана уни "химикат"    десангиз бўлади. Инсофи бор томорқачи минерал ўғитлардан меъёрида фойдаланади. Масалан, "азот" иссиқхонада умуман қўлланилмайди.

Аслида тупроғимизнинг ўзи - мўъжиза. Маҳаллий ўғитнинг хосиятларини айтмайсизми?! Агар минерал ўғитдан бир грамм қўлламаганингизда ҳам ўсимлик ўзига керакли озиқани ердан олаверади. Бироқ иссиқхонадан мақсад тезроқ ва кўпроқ ҳосил олиш бўлганидан кейин  ўсимликка мадад бўладиган фосфор ва калийли ўғитлар, магний, бор, рух сингари микроэлементларни тегишли миқдорда етказиб беришингиз зарур. Мавсум давомида айтайлик, 1 сотих майдондаги помидор учун қишда ишлатиладиган минерал ўғитлар экин экилганидан ҳосил терилгунига қадар  беш-олти килограммдан ошмайди.

 "Аптекачи"нинг маслаҳати билан деҳқончилик қилиш ярамайди. У ҳам дорисини ўтказишни билади. Масалан, иссиқхонада бодрингнинг гул ташлайдиган даври бор. Бу - табиий жараён. Шунда томорқачилар ҳовлиқиб агродорихонага югуришади. Сотувчига нима, мана шуни сепинг, деб қўлига бир нарсалар тутқазади. Аслида улардан зиғирча ҳам наф йўқ.

Дарвоқе, ҳамиша "химикат"га ружу қўявермасдан бу борада ҳам керакли ўринда "халқ табобати"га мурожаат қилиш керак.

Ишонасизми-йўқми, мумтоз мусиқа ҳам ҳосилдорликни оширишга катта ёрдам беради. Мусиқаларни танлаб ёздириб бориб, Яккабоғда буни синаб кўрганмиз.

7-ЁЛҒОН: "ОДАМЛАР ГЕКТАРЛАБ "ПАРНИК" ҚИЛИШАЯПТИ. МЕНИНГ МАҲСУЛОТИМ БОЗОРДА КЕТМАЙДИ..."

Бу маҳсулотни қачон чиқаришингизга боғлиқ. Янги йил арафасида помидор ёки бодрингни яхшироқ нархда сота оласиз. Бироқ январда бу борада бозорингиз касод бўлиши тайин. Ҳатто февралнинг ўрталаригача ҳам одамлар "свежий" помидор ўрнига банкадаги тузламаларни маъқул кўришади. "Илик узилди" бошлангач, аниқроғи март ва апрель ойларида харидор растада турган помидор ё бодринг ёнидан тамшанмасдан ўтиб кета олмайди. Бу бизнинг маркетингларимизда кўп бора ўз исботини топган. Йилнинг салатга энг кўп эҳтиёж сезиладиган даври мана шу ойларга тўғри келади. Табиийки, сиз ҳатто Янги йилдагидан икки баробар баландроқ нархда маҳсулотингизни сота оласиз.

"Гектарлар" сизни асло ташвишлантирмасин. Ҳали-бери улар ички бозоримизни тўлиқ таъминлашга улгурмайди. Қолаверса, бу ёқда экспорт ҳам бор. Бу борада сизга агрофирмалар ёрдам бериши керак. Ана, водийлик тадбиркорлар бир неча йилдан бери воҳангизда уйма-уй юриб, маҳсулот йиғиб, Россияга жўнатишаяпти.

Дарвоқе, "парник" маҳсулоти деганда фақат помидор мевасини тушунмаслик керак. Ҳатто унинг "чиқинди"си - бачкисидан кўчат тайёрлаб ҳам яхшигина даромад қилиш мумкин. Бу ҳеч қандай харажат талаб қилмайди.

Даромад дейсизми? Оддий арифметика: сув, ўғит, ёқилғи ва бошқа харажатларни чиқариб ташласангиз, 1 сотихдаги помидор (300 туп)нинг ҳар биридан камида 5 килодан мева (ҳа, помидор сабзавот эмас, мева ҳисобланади) олсангиз, 1500 кило маҳсулот ўртача 8-10 мингдан сотилганида ҳам 15 миллион сўм атрофида бўлади.

***

Бу рўйхатни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин. "Мени андижонлик ҳамкасбларим хушлашмай қўйишган, - дейди Умаржон қўшимча қилиб. - "Ўргатманг, билишмасин!", дейишади ҳазил-чин аралаш. Нега ўргатмаслик керак экан? Уйда бобом шу иш билан шуғулланарди, сўнг АҚШда мазкур соҳага ўқиб келган шаҳрихонлик моҳир агрономдан ўргандим,  кейинроқ Жанубий Корея ва германиялик малакали мутахассислар семинарларига қатнадим...  Мен сизга билганимни айтсам, сиз ҳам ирим қилиб, исириқ тутатиб, кўзмунчоқ осиб, яшириб ўтирмасдан, "парник" эшигини очиб қўйиб, қўшнингизга кўрсатсангиз, у қариндошига... Бунинг савобига нима етсин! Бозор обод бўлади. Рўзғор обод бўлади. Иш ўрни яратилади. Хорижга иш излаб чиқадиганлар сони камаяди. Дўхтирга ҳам, муаллимга ҳам,  "шопир"га ҳам, ҳокимга ҳам... қўшимча даромад манбаи яратилади..."

Мутахассис барчани ўтган байрам билан қутлар экан, энди иш бошлашни режалаган ҳаваскор     томорқачиларга "илоҳим, жорий йилда ҳам Янги йил байрами арафасида ярмаркага чиқинг!", дея тилак билдирди. Фақат бу сафар "биринчи қўл" - томорқачи деҳқон сифатида, сархил маҳсулот билан!

Нуриддин ЭГАМОВ