Сўнгги янгиликлар 26.09.2018 166

ШАЙХ МУҲАММАД АВВОМА БУЮК ВАТАНДОШИМИЗ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ

Ташриф

ШАЙХ МУҲАММАД АВВОМА БУЮК ВАТАНДОШИМИЗ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ

Ислом дунёсининг машҳур олими шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари юртимизга ташрифининг бешинчи куни Қарши туманида бўлиб, буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафий абадий қўним топган масканни зиёрат қилди.

Азиз меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилла Усмонов бошчилигидаги имом-хатиблар кутиб олишди.

Шайх Аввома ҳазратлари юртимизга оила аъзолари, жумладан, ўғиллари доктор Муҳиддин Аввома ҳамроҳлигида ташриф буюрган бўлиб, сафар режасида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар мангу қўним топган манзилларни зиёрат қилиш, аҳли илмлар, дин пешволари, мударрис ва толиби илмлар билан учрашиш каби қатор хайрли ишлар кўзда тутилган.

Маълумки, шайх Муҳаммад Аввома машҳур аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг яқин дўсти, сафдоши саналади. Бу зот 1940 йил Суриянинг Ҳалаб шаҳрида туғилган, 1980 йил Мадинаи мунавварага кўчиб ўтиб, у ердаги ислом университетида “Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари ва сийратлари” номли бўлим очган, ислом куллиётига асос солган.

Аллома тадқиқот, таҳқиқ ва таълиқ масаласида беназирлардан бўлиб, шайх Муҳаммад Саид Тантовий раҳимаҳуллоҳ у ҳақида “Оламда тадқиқот бўйича бирон бир кишини Муҳаммад Аввомадан илмлироқ эканини билмайман”, дея таъкидлаган.

Зиёрат асносида шайх ҳазратлари йиғилганлар билан Насафдан етишиб чиққан улуғ алломалар, шунингдек, Ўзбекистон заминининг буюклар, авлиёлар ҳоки ва пойи ётган муқаддас маскан экани борасида суҳбат қурди. Зиёратга келган меҳмонларнинг ҳақларига дуои хайр қилиб, ўз панду насиҳатларини бердилар.

Б.САЙФИЕВ

islom.uz сайти суратлари.