Қишлоқ хўжалиги 08.10.2019 95

ШИФОСИ ҲАМ, ДАРОМАДИ ҲАМ БИСЁР

Анор энг фойдали ўсимликлардан бири саналади. Хусусан, унинг бутаси илдизи шифобахш, баргларини дамлама қилиб ичиш инсонга наф келтиради. Қуритилган анор гуллари чой сифатида дамлаб ичилса, гипертоникларга катта фойда беради.

Меваси эса витаминларга бой. Уни айниқса, камқонлик, атеросклероз, нафас олиш йўллари инфекциялари, бронхиал астма, ангина ва радиоактив нурланишда истеъмол қилиш жуда фойдали. Буюк бобокалонимиз ибн Сино ҳам анор шарбатининг қонни тозалашда беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, қондаги гемоглабин миқдорини ошириш, қон босимини тушириш, юрак фаолиятини яхшилаш, гижжаларни ҳайдаш, шамоллаш ва ошқозон-ичак касалликларида ҳам анор шарбати ва меваси пўстлоғидан тайёрланадиган дамламалар жуда яхши самара беради. Бу илмий тадқиқотларда ҳам ўз исботини топган.

Қолаверса, анордан бир неча хил табиий ранг олиш мумкин. Сувда қайнатилган пўстлоғи - кулранг, унга сода қўшилса - тўқ жигарранг, темир купораси қўшилса - тим қора, гулларидан эса қизил ранг ҳосил бўлади.

Айниқса, анор меваси ўзининг қатор доривор хусусиятлари, озиқлик қиймати билан ҳам ички, ҳам ташқи бозорда бирдек харидоргир маҳсулотлар сирасига киради. Аммо бир томони борки, анор буталари ҳамма жойда ҳам ўсавермайди, у қуруқ ва нами кам, шўрланмаган тупроқни, тоза ҳавони, зилол сувни ва салқин шабадани хуш кўради.

Вилоятимизнинг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Косон ва Касби туманларининг бир қатор ҳудудлари анорчилик учун қулай тупроқ, иқлим шароитига эга бўлиб, бу ерларда деҳқон ва фермер хўжаликлари ер майдонларида ҳам, аҳоли томорқаларида ҳам анор кўп етиштирилади.

Косон туманининг Пудина қишлоғида ҳам анорчилик кенг ривожланган. Бу ерда ўз соҳасининг сир-асрорларини пухта ўзлаштирган уста боғбонлар кўп. Тошмурод Каримов ҳам улардан бири. 40 йил давомида қишлоқдаги мактабда ёшларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ берган домла анорчилик билан ҳам мунтазам шуғулланиб келади.

- Ёшлигимдан шу ишга қизиқиб, ҳар доим томорқамда анор парваришлаганман, - дейди у. - Уч ўғил, икки қизим бор. Уларнинг ҳаммаси оилали, ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишган. Уларни ўқитишим, уйли-жойли қилишимда ана шу меҳнатларимнинг самараси беқиёс албатта. Ҳозир икки ўғлимга ҳам ўзим барпо этган иккита анорзорни берганман. Улар ҳам давлат ишида ишлаш билан бир қаторда, анорчилик билан ҳам шуғулланишади. Ўзим эса 5 йил аввал нафақага чиқиб, 9 сотих томорқада янги анорзор барпо этгандим. Невараларим билан бирга шу ерда меҳнат қиламан. Ҳозир унда 120 туп анор буталари бор, ҳали ёш, айни пайтда ҳар бири ўртача 25-30 килограммдан ҳосил бермоқда. Бу бир йилда 3 тоннага яқин ҳосил дегани. Яна икки-уч йилдан сўнг ана шу жойнинг ўзидан камида 5-6 тонна сара мева олиш мумкин.

Уста боғбоннинг таъкидлашича, анор буталарини парваришлашнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Кутилган ҳосилни олиш учун уларни ўз вақтида маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, ерга ишлов бериш, анор буталарини ҳафтасига бир маротаба янги навдалардан тозалаб туриш зарур. Шу билан бир қаторда, кузда буталарни кўмиш, баҳорда эса очиш тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш катта аҳамиятга эга.

- Ҳар йили 3 мингтага қадар анор кўчатлари тайёрлаб, ички бозорга сотаяпман, - дейди у. - Харидорлар кўп. Октябрь ойининг охири -  ноябрь ойининг бошларида анор донларини экамиз. Баҳорда ниҳоллар кўкариб чиқади. Уларни август ойига қадар парваришлаб, сўнг пайванд қиламиз. Кейинги йил баҳорида эса эски новда кесилиб, пайванди қолдирилади. Шундан сўнг, ниҳол ўзини тутиб, керакли даражада ўсиб олиши учун яна бир йилга қадар парваришлаш лозим. Демакки, битта анор кўчатини тайёрлаш учун камида 3 йилдан кўпроқ вақт керак бўлади.

Яқинда Китоб туманидаги Варганза қишлоғида ўтган "Анор" фестивали ўзбек заминида етиштирилган анор мевасини яна бир бор дунёга машҳур қилди. Шунга монанд унинг харидорлари ҳам кўпайгани рост. Шунга таяниб айтиш жоизки, анор экиб парвариш қилган киши яхшигина даромад топади. Ҳеч бўлмаганда оиласи саломатлиги учун наф келтиради. Шундай экан, анор экинг!

Ж.ҚИЛИЧЕВ

С.НАРЗИЕВ олган сурат