Сўнгги янгиликлар 07.05.2019 142

Шоҳиста БОЗОРОВА – нуфузли халқаро танлов ғолиби

3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Олтин қалам” XIV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Қувонарлиси, юртимизда журналистика соҳасидаги энг нуфузли ҳисобланган бу танловда таҳририятимиз ходими Шоҳиста Бозорова ҳам муваффақиятли иштирок этиб, халқаро ҳамкорлар таъсис этган номинациялардан бирида ғолиб деб топилди.

Тажрибали журналист Ш.Бозорованинг “Qashqadaryo” газетасида ва вилоятимиздаги яна бир қатор даврий нашрларда 2018-2019 йилларда чоп этилган мақолалари тўплами (“Сил билан касалланган аёл фарзанд кўра оладими?”, “Тери сили: секин ривожланиб, узоқ давом этади”, “Ҳар ерни қилма орзу...” ва бошқа мақолалар) унга АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг “Project HOPE” дастури томонидан жорий қилинган “Босма ва интернет ОАВда сил касаллигига қарши кураш ҳақидаги энг яхши материал учун” номинациясида ғалаба келтирди. Ижодкор аёл махсус диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз: журналистика соҳасидаги бир қатор нуфузли танловларнинг совриндори Шоҳиста Бозорова 2017 йилнинг сентябрь ойида USAIDнинг Ўзбекистондаги силга қарши курашиш дастури, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан ўтказилган “Силнинг давоси бор” мавзусида энг яхши материаллар танловида ҳам ғалаба қозонган эди.

Ўз мухбиримиз

Суратда: Шоҳиста Бозорова пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида.