Тиббиёт 02.08.2018 229

СИЛ БИЛАН КАСАЛЛАНГАН АЁЛ ФАРЗАНД КЎРА ОЛАДИМИ?

Сил ва ҳомиладорлик

СИЛ БИЛАН КАСАЛЛАНГАН АЁЛ ФАРЗАНД КЎРА ОЛАДИМИ?

Хоҳлаймизми-йўқми, бирор-бир юқумли касалликлар шифохонаси ёнидан ўтсак, беихтиёр сескангандек бўламиз. Ёки шундай касалхонада даволанаётган танишимизни кўргани борсак, беморлар билан ҳам эҳтиёткорлик билан муомалада бўлишга одатланганмиз. Гўёки биз доим соғломмизу, хасталикка чалинган одам бир умр бемордек. Келин танлашда ҳам унинг ёшлигида бирор юқумли касаллик билан касалланмагани билан қизиқамиз.

- Бизга  кўпинча “Сил касаллигига чалинган қиз турмуш қуриши мумкинми?”, “Сил билан оғриган аёл фарзанд кўра оладими?” деган саволлар билан мурожаат этишади, - дейди  вилоят фтизиатрия диспансери бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Шокир Рўзиев. - Баъзи инсонлар онгида сил касаллиги наслий ва у онадан болага ёки отадан фарзандга ўтади, уни юқтирган қизлар турмушга чиқиши мумкин эмас, қабилидаги тушунчалар мавжуд. Албатта, бу гапларда ҳеч бир асос йўқ. Яқинда уйимизга қўшни маҳаллада яшовчи бир аёл келди. Айтишича, ўғлининг севган қизи ёшлигида сил касаллиги билан оғриган экан. “Отаси билан ўғлимизни бу йўлдан қайтаришга жуда кўп уриндик. Ахир айтишади-ку, сил насл суради, деб. Келгусида бу касаллик набираларимга ўтмаслигига ким кафил бўла олади? Ўғлимизга буни тушунтираяпмиз, лекин у айтган сўзида туриб олган. Нима қилишни билмай бошимиз қотиб қолган”, дейди у. Мен унга бир воқеани сўзлаб бердим. У киши гапларимни диққат билан эшитди ва енгил тин олиб, менга раҳмат айтиб чиқиб кетди.

Шифокордан ўша воқеа ҳақида мен ҳам сўрадим.

- Касалхонага ўрта ёшли бир жувон жуда оғир аҳволда олиб келинди, - дейди Шокир Рўзиев. –Муолажа қилинди, тезда соғая бошлади ҳам. Лекин у касаллигини ўзи билмаган ҳолда 13 ёшли қизига юқтирган экан. Зудлик билан қилинган муолажалар  тезда қизнинг оёққа туришига ёрдам берди. Она ва бола бизнинг назоратимиз остида даволаниб туришди. Улар хасталикни енгиб, тўлиқ соғайиб кетди.

Қиз ҳамшираларимиз билан яқин бўлиб қолганлиги сабабли тез-тез касалхонага келиб турарди. Бир куни уни тушкун кайфиятда кўриб қолдим ва сабабини сўрадим. “Айрим тушунмаган одамлар туфайли маломатга қолдим. Бир пайтлари сил касали билан оғриганимни айтиб, қўшнилар совчиларни қайтаришаётган экан. Буни бир куни онам отамга йиғлаб “Қизимиз сил касаллигини ўтказганлиги учун  уни ҳеч ким келин қилишни истамаяпти, ундан туғиладиган бола ҳам шу дардга йўлиқиб қолса нима бўлади,  деб совчилар қайтиб кетишаётганмиш”, дея айтаётган сўзларидан билиб қолдим. Қизнинг бу сўзларини эшитиб, жуда хафа бўлдим. Чунки кўп ҳолларда кузатганим, отаси ёки онаси шу дардга чалинган қадрдонимизнинг яхшилигини билиб туриб ҳам унга қиз бермаймиз ёки қиз олмаймиз. Бу-жамиятнинг дарди. Бу “дард”ни енгиш учун фикримиз тоза, бағримиз кенг бўлиши лозим. Ахир сил юқумли хасталик бўлгани билан  наслдан-наслга ўтмаслиги тиббиётда аниқланганини ҳам билишимиз шарт. Вақт - олий ҳакам, деганларидек, ҳозир ўша қизнинг икки нафар фарзанди бор. Ўзи ҳам, болалари ҳам соғлом.

- Агар аёл ҳомиладорлик пайтида сил касаллигини юқтирса-чи? - дея шифокорга юзланаман.

- Бу анча мураккаб ҳолат, ана шундай вазиятда ҳам онани даволаш, ҳам болани касалликдан  асраш талаб қилинади, - дейди мутахассис. – Биринчи навбатда ҳомиладор аёл ўзида сил касаллиги борлигини билиб қолса, тушкунликка тушмаслиги, тезкорлик билан даволаниши лозим. Чунки бу касаллик она ва бола саломатлигига хавф сола бошлайди. Эътиборсиз қаралса, ҳомиланинг тушиши ёки вақтидан олдин туғилишига сабаб бўлади. Аёлдаги ҳомиладорлик касалликнинг янада зўрайишига олиб келиши мумкин. Аёл ўпка сили билан касалланганда, хасталик кўпинча ҳомиладорликнинг биринчи ярмида безовта қилмаслиги мумкин, аммо ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида зўрайиши эҳтимоли бор. Тана ҳарорати, қаттиқ йўтал кузатилиб, натижада вақтидан олдин туғруқ кузатилади.

Шунингдек, сил билан оғриган ҳомиладор аёлни сил касаллигига қарши препаратларнинг баъзилари билан даволаб бўлмайди, чунки ҳомилада ривожланиш нуқсонларини келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, сил билан оғриган  аёл оғир ҳолда бўлса, чақалоқни эмизмаслиги керак, болани онадан ажратиш тавсия этилади.  Агар туққан аёл сил касаллиги билан даволанишни давом эттираётган ва балғамида сил бациллалари бўлмаса чақалоғини эмизишга рухсат берилади. Бунда чақалоқ мунтазам мутахассис назоратида бўлиши лозим.

Демак, ҳар дарднинг давоси бор, деганларидек, сил касаллиги ҳам бедаво эмас. Қиз болалар ёшлигида бу касалликни ўтказиб, соғайиб кетган бўлса, улар бемалол турмушга чиқиши ва албатта она бўла олишлари мумкин. Муҳими, ҳар биримиз ўз соғлигимизга беэътибор бўлмайлик. Эҳтимол, яқинларимиз орасида силга чалингану бундан бехабар кишилар бордир, зеро, ҳамма ҳам касалликнинг белгиларига эътибор қилавермайди. Ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриш касалликни эрта босқичларида аниқлаш ва уни осонликча бартараф этиш имконини беради.

Шоҳиста БОЗОРОВА