Жараён 29.12.2018 245

СОҲИБҚИРОН САРКАРДАЛАРИ

Ватанпарварлик ойлиги давом этмоқда

СОҲИБҚИРОН САРКАРДАЛАРИ

Бутун дунёда тарихчи олимлар, сиёсатшунослар, ҳарбий мутахассислар томонидан буюк ватанпарвар бобомиз Амир Темур ва унинг ҳарбий стратегиялари катта қизиқиш билан ўрганилган бўлса-да, ҳали бу борада қилинган ишлар етарли даражада деб бўлмайди. Амир Темур ва унинг саркардалари ўртасидаги ўзаро ҳарбий муносабатлар, саркардаларнинг олдига қўйилган вазифаларни бажаришдаги жасоратлари ва Соҳибқироннинг ҳарбий саркардаларни танлашдаги амалиёти тўғрисидаги асарлар йўқ ҳисоби. Демак, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг биз билмаган қирралари ҳали жуда кўп.  

Тарихдан маълумки, Амир Темур давлати жуда юқори салоҳиятга эга бўлган, лекин унинг армияси ҳақида ёзилган тарихий ҳужжатлар жуда кам. Буюк Жаҳонгирнинг армияси қандай ҳарбий тактика ва стратегия қўллаган, қандай қурол-яроққа эга бўлган ёки қўшинни кимлар бошқарганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳозиргача чуқур ўрганилмаган.

Амир Темур душманларга шафқатсиз бўлиш билан бирга, у ҳайратланарли даражада, ҳарбий истеъдодга эга бўлган. Унинг қўшини лашкарбошилари ҳақида топиш мумкин бўлган барча маълумотлар XV аср бошида ёзилган икки "Зафарнома" китобида мавжуд. Уларда Амир Темур ҳарбий юришлари барча тафсилотлари билан келтирилган. Ундан ташқари, Ғиёсиддин Алининг "Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши" китобида Соҳибқирон лашкарбошилари ҳақида батафсил биографик маълумотлар бор. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг "Самарқандга Темур саройига саёҳат кундаликлари" (1405 - 1406 йиллар)  китоби Амир Темур давлати ҳақида шу вақтгача дунё ва Европа олимларига яхши таниш бўлган ягона асар ҳисобланади. Баъзи матнлар форс ва араб тилидан бошқатдан таржима қилинган.

Амир Темур атрофига болаликданоқ дўстлари ва мактабдошларини (Аббос баҳодур,    Жаҳоншоҳбек, Қимори иноқ, Сулаймоншоҳбек, Идику Темур, Сайфуддинбек, Ҳиндушоҳ, Қарқара ва бошқалар) тўплаб, биргаликда машқ қилар, мусобақаларда иштирок этишар, аста-секин навкар бўлишиб ва ҳарбий гуруҳга бирлашиб, ҳарбий бўлинма сифатида шакллана борган. Кейинчалик улар Соҳибқирон қўшинида лашкарбошилик даражасигача кўтарилганлар. 

Амир Темур янги стратегияларни қўллашда анча жасоратли ва узоқни кўра олувчи шахс бўлган. Жумладан, мўғул хони Тўхтамишхон билан 1391 йилда бўлган Қундузча жангида ҳали ҳеч қайси жангда қўлланилмаган "етти қўл" усулидан фойдаланади. Бу хилдаги жойлашув Тўхтамишхон қўшинини жанг бошиданоқ саросимага солиб қўяди.

Боязид билан бўлган жангда ҳам Амир Темур шижоат кўрсатади. Қоровул Соҳибқиронга Боязид қўшинлари чарчаган ҳолда жанг майдонига етиб келганлиги хабарини етказади. Амир Темур шу заҳоти отлиқ сипоҳийлар қўшинини жанг майдонига киритади. Бу қўшинга (Баранғар қисм) Соҳибқироннинг ўғли Мироншоҳ мирзо саркарда этиб тайинланган эди. Бу усул ҳам жангда Амир Темурнинг қўли баланд келишини таъминлайди. Сабаби, у душманни маҳв этишда вақтни жуда муҳим омил ҳисоблаган. 1402 йилнинг 2 декабрида Эгей денгизи бўйидаги Измир қалъасини Амир Темур қўшинлари  қўлга киритади. Турклар эса бу мустаҳкам қалъани ўн йил қамал қилиб ололмаган. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Соҳибқирон армиясида ҳар бир аскарнинг руҳияти олдига қўйилган мақсадни жуда тез фурсатда ва хар қандай шароитда амалга оширишга қаратилган.

Фикримизча,  Амир Темурнинг барча лашкарбошиларини ҳарбий усталик бўйича уч гуруҳга бўлиш мумкин:

Биринчи гуруҳ "истеъдодли саркардалар" бўлиб, туғма ҳарбий иқтидорга эга бўлган лашкарбошилардир. Улар орсида Хўжа Сайфиддин, Жаҳоншоҳ Баҳодир, Муҳаммад Султоншоҳ, Усмон Баҳодир, Шайх Нуриддин номлари бор. Амир Темур ушбу саркардаларини жуда яхши кўрган ва улар билан қон-қариндош бўлишга ҳаракат қилган.

Иккинчи гуруҳ бу "тайинланган лашкарбошилар" бўлиб, улар Темурга яқин кишиларнинг ўғиллари саналади. Улар орасида Сулаймоншоҳ, Худайдод, Бердибек деган номлар бор. Уларнинг ҳарбий иқтидори, бир сўз билан айтганда "турли хил" бўлган. Хусусан, Амир Темурнинг куёви Сулаймоншоҳ бошида ҳарбий ишга уқуви бўлмаган, лекин кўп йиллик юришлар даврида тажриба орттириб, кейинчалик муносиб саркардага айланган.  

Учинчи гуруҳ саракардалар "меросхўр саркардалар" бўлиб, уларга Амир Темурнинг болалари Умар шайх ва Мироншоҳ ҳамда набираси Муҳаммад Султон кирган. Ушбу гуруҳ билан Амир Темурнинг шахсан ўзи шуғулланган. Буюк Саркарда улар олдига тобора мураккаб ҳарбий масалалар қўйиб, ўқувчиларнинг ҳарбий маҳоратини ошириб борган.

Соҳибқироннинг шахсий ҳарбий таланти ва кўп йиллик жанговар тажрибаси ўз натижасини берди ва унинг фарзандлари замондошлари орасида "қобилиятли лашкарбошилар" номига сазовор бўлди. Темурнинг набираси Муҳаммад Султон эса буюк саркарда бўлиб етишди. Жаҳоншоҳ Баҳодир ҳам Амир Темурнинг энг қобилиятли лашкарбошиларидандир. У шиддат ва сиқувни совуққонлик ва қайсарлик билан бирга ишлата олган. Ажойиб тактик ва қобилиятли стратег бўлган. Мазкур саркарда  ўзининг қисқа умри давомида Ўрта Ер денгизидан Иртиш дарёсигача бўлган ҳудудларда жанг қилган. XIV аср охирида унинг Олтин Ўрда қўшинларини тор-мор қилиши Рус давлати шаклланиши учун катта ижобий роль ўйнаган. Ўнлаб жангларда ғолиб чиққан Жаҳоншоҳ фитна қурбони бўлган, деган қарашлар мавжуд. 

Соҳибқирон армиясида жангларда алоҳида жасорат кўрсатган ҳарбий амирларга баъзи имтиёзлар берилган. Жумладан: қайси бир амир бирон қўшинни енгса ёки вилоятни фатҳ этса, у туғ, ноғора, баҳодирлик мартабаси, давлат кенгашларига бемалол кириш ҳуқуқи ҳамда бирон сарҳаднинг ноиблиги билан сийланган. Лекин лашкар ҳарбий юришга чиққан вақтда айниқса интизомга қаттиқ риоя қилган. Ҳар бир бўлинманинг айлбоши, қўшинбоши, туман оғаси ва амири лашкар каби лавозимлари бўлиб, улар ўз ўринларини яхши билишар ва вазифасига қатъий риоя қилишар эди. 

  Амир Темур қўшинида "йаёқлар", яъни   пиёда аскарлар алоҳида ўрин эгаллаган. Жанговар сафга тизилган пиёда қисмлар отлиқлардан олдинда турар ва душман ҳужум қилган вақтда чоҳлар ва тўралар-мудофаа иншоотлари орқасига яширинган ҳолда биринчи бўлиб жангга киришган. Шунинг учун ҳам қанотдаги туман оға ва қўшин амирлари пиёдалар билан отлиқларни жанговар тартибда жойлаштиришга катта эътибор беришган. Бундай жойлаштирилиш таркиби "ясол" деб юритилган.

  Соҳибқирон ўз қўшинини турли жанговар қурол-яроғлар, ўт ва тош отар тўп-раъдандоз, тош отар манжаниқ ва ўзиотар қуроллар билан қуроллантирган, муҳораба қилишнинг янги ҳарбий услубларини қўллаган. Ўз қўшинидаги ҳар бир қаршилик ва норозиликка кескин зарба берган. Ёки кутилган хавф рўй бермасдан туриб, унинг олдини олиш чораларини кўрган.

  Амир Темур қаттиққўл саркарда, талабчан давлат арбоби хусусиятларига эга бўлган     шахсдир. У қобилиятли кишиларни ҳамда ўз ишининг моҳир усталарини қадрлаган ва ўрнак қилиб кўрсатган. Кучли сиёсати туфайли ҳам улкан давлат барпо қила олган.

Буюк соҳибқирон бобомиз ўзининг бутун ҳаёти ва жамики инсоний фазилатлари билан ҳар бир юртдошимиз учун ватанпарварлик бобида чинакам ибрат намунасидир.

Нурбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси  Миллий гвардияси ҳарбий техника институтининг  курсанти