Сўнгги янгиликлар 26.10.2018 122

СОМОН ПРЕССЛАРИ ОСТИГА ҚАРИЙБ 6 ТОННА РАНГЛИ МЕТАЛЛ ЯШИРИЛГАН ЭКАН

Божхона назорати

СОМОН ПРЕССЛАРИ ОСТИГА ҚАРИЙБ 6 ТОННА РАНГЛИ МЕТАЛЛ ЯШИРИЛГАН ЭКАН

Қора ва рангли металл саноатда муҳим ўрин тутгани сабаб улардан оқилона фойдаланиш, ноқонуний айланишига йўл қўймаслик лозим. Бу борада мунтазам равишда тарғибот ва тушунтириш тадбирлари олиб борилишига қарамасдан белгиланган тартибларни четлаб, рангли металл парчаларининг республикамиз ҳудудидан ноқонуний олиб чиқилиши ва айланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, куни кеча божхоначилар Муборак тумани ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда фуқаро Б.Р. бошқарувидаги “Isuzu” русумли юк автотранспорт воситаси шубҳа остига олиниб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина ичида сомон пресслари остига яширилган муқаддам фойдаланилган кондиционер ва аккумуляторлар ҳамда рангли металл парчалари яширилгани фош этилди.

Ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қиймати 12 миллион 928 минг сўмлик 5 тонна 824 килограмм бўлган рангли металлар “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг вилоятдаги филиалига вақтинча сақлашга топширилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 11 ҳолатда 26,6 тонна рангли металл парчаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилган.

Н.ХЎЖАЕВ