Сўнгги янгиликлар 02.05.2019 166

СПОРТ ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА ИЛК ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташаббуси билан республикамизнинг барча ҳудудларида жорий йил май ойининг дастлабки санасидан спорт ойлиги ўтказилаяпти. Шунга монанд юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида турли спорт мусобақалари, тадбирлар ташкил этилмоқда.

Аҳамиятлиси, мазкур ойлик бошланиши биланоқ Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида илк тадбир - “Спорт фестивали” ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган фестивалда таълим тизимининг барча бўғинларида таҳсил олувчи 2 минг нафарга яқин бола қамраб олинди. Шунингдек, тадбирда республика ва халқаро миқёсда юқори натижаларга эришган вилоятимиз спортчилари ҳам иштирок этди.  

- Мазкур ойликдан мақсад аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт билан шуғулланишни оммалаштиришдан иборат, - дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Одилов. – Одатда биз профессионал спортчилар билан ишлаб ўрганганмиз, аммо шуни унутмаслик керакки, оммавий спортни ривожлантирмасдан катта спортда натижага эришиб бўлмайди. Ушбу ойлик давомида ҳаваскор ёшлар орасидан қобилиятли спортчилар, бўлажак чемпионларни саралаб олиш ҳам кўзда тутилган.

Қайд этилишича, спорт ойлиги доирасида вилоятдаги деярли барча спорт федерациялари, таълим муассасалари томонидан турли хил мусобақалар  ўтказилади. Катта ёшдагилар учун баскетбол, волейбол, мини-футбол ва гандбол бўйича беллашувлар ташкил этилса, ўсмирлар ва ёш иштирокчиларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда машқлар жорий этилади.

Таъкидлаш ўринли, ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммавий спортни тарғиб қилиш Президент томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири ҳисобланади.

                                                                              СОЖИДА