Тиббиёт 18.12.2018 340

СПРАУТС ОРГАНИЗМНИ ЯШАРТИРАДИМИ?

Саломатлик

СПРАУТС ОРГАНИЗМНИ ЯШАРТИРАДИМИ?

Қишда микронутриентларга бой маҳсулотларнинг кам истеъмол қилиниши организмда турли-туман хасталиклар учун шароит ҳозирлайди. Тўғри, ҳозирги пайтда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун махсус совуткичларда  сабзавот-полиз маҳсулотлари, мева-чевалар сақланиб, сотувга чиқариб турилиши ижобий ҳолат. Лекин шуниси ҳам борки, бундай маҳсулотлар таркибидаги микронутриентлар маълум вақт ўтиши билан,  яъни уларнинг узоқ вақт туриб қолиши боис сезиларли даражада камаяди.

Кўпчилик қишки таомларда гўшт, ёғ, углеводлар етарли бўлишига урғу  бериб, витаминлар ва минерал моддаларга эътиборсиз қарайди. Боз устига овқат тайёрлаш қоидаларига риоя қилмаслик (юқори ҳароратда қовуриш, масаллиқларни узоқ вақт сақлаб туриш ва бошқалар) маҳсулотлардаги витаминлар ва минерал моддаларни   минимал даражага тушириб қўяди ёки бутунлай йўқотади. Бир сўз билан айтганда таомланишнинг бу тартибда олиб борилиши эртами-кечми яширин очлик (витамин ва минерал моддалар  танқислиги) ва у туфайли қатор хасталикларга олиб келади. Бунинг олдини олишда энг осон ва қулай усуллардан бири бу доннинг энди униб чиққан майсасидан (халқаро тилда спраутс дейилади) фойдаланишдир. Спраутс тайёрлаш учун буғдой, мош, нўхат, арпа, жавдар, шолғом ва йўнғичқа уруғи, кунгабоқар каби донлардан фойдаланилади. Маълумки,  донларда крахмал, оз миқдордаги ёғ, оқсил моддалар, шу жумладан, айрим ўсимлик гормонлари, антиоксидантлар, айниқса, кўпгина витаминлар мавжуд. Эътиборлиси, бу моддалар эндигина ўсиб чиққан майса таркибида тегишли биокимёвий жараёнлар туфайли донга нисбатан ниҳоятда кўп бўлади. Масалан, витамин С миқдори донга нисбатан унинг майсасида етти марта, витамин РР тўққиз марта, витамин В6 йигирма беш марта, витамин А миқдори эса қирқ марта кўп учрайди.

Маълумки, қиш келиши билан витаминли кўкатлар, мева-чева, полиз маҳсулотлари камайиб, улар организм учун етарли миқдорда қабул қилинмайди. Биокимёвий таҳлиллар шуни тасдиқлайдики, спраутслар таркибидаги биофаол моддалар ўзининг миқдори ва таъсир этиш хусусиятига кўра, пишиб етилган мева-чевалар ва сабзавотлардан қолишмас экан. Шунинг учун ҳам уларни доимий истеъмол қилиб туриш танани зарур дармондорилар билан таъминлайди. Бундан ташқари, улар моддалар алмашинувини яхшилаб, ошқозон-ичак ва юрак-қон томирлари хасталанишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Спраутс тайёрлаш учун олинган донлар (буғдой, мош ва бошқалар) дастлаб бир-икки марта совуқ сувда ювилиб, алоҳида чинни ёки шиша идишларга солинади. Танланган донлар майда бўлса (масалан, йўнғичқа ва шолғом уруғлари) идишнинг тубини қоплагани кифоя. Йирик уруғлар ( нўхат ва бошқа дуккакли донлар) эса идишнинг тўртдан бир қисмигача солинади. Кейин идишнинг ярмигача сув қуйиб, бир неча соат давомида уруғларнинг яхшигина ивиши кутилади. Шундан кейин қолган сувни тўкиб, ҳаво кириб туриши учун тешикли пластик қопқоқ билан ёпилади (бунинг учун     пластмасса ёки металл қопқоқни айланасига тешиш кифоя). Уруғлар идиш деворларига бир текисда ёпишиб туриши учун уёқ-буёққа айлантирилади ва шкафга ёки дераза олдига қўйилади. Агар танланган уруғлар дуккаклилар  бўлса, унга ёруғлик тушмагани маъқул, акс ҳолда ўстирилган майса ачқимтир бўлиб қолади, шунинг учун мош, нўхат, ловия ёки соя солинган идишлар қоронғи жойда сақлангани мақсадга мувофиқ. Униб чиқаётган уруғ ҳар куни икки марта тоза қайнатилмаган сув билан чайиб ташланади, акс ҳолда қўланса ҳид пайдо бўлади.  Уруғларнинг униб чиқиш ва тайёр бўлиш муддати уларнинг турига боғлиқ. Масалан, буғдой, сули, дуккаклилар 12 соат ивитилади. Улар 2-3 кунда тайёр бўлади.

Спраутс тайёрлашда тегишли қоидаларга риоя қилинмаса (яъни уруғнинг сифатсизлиги, кам ювилиши ва сувнинг жуда иссиқ бўлиши ҳамда идишдаги ҳаво алмашинуви бузилиши туфайли) уруғлар кўпинча чириб қолади. Иссиқ уйларда уруғларнинг чиримаслиги учун тоза сув  билан тез-тез ювиб туриш, хонада шамоллатгичлардан фойдаланиш лозим. Спраутс тайёрланишида уруғларни алоҳида-алоҳида идишларда ўстирган маъқул, чунки уларнинг мазаси ҳар хил бўлиб, ҳар бирининг таркибида юқорида қайд қилинган фойдали моддалар турлича миқдорда бўлади.

Тайёр спраутслар шиша идишлар ёки пластик идишларга солиб, совуткичга қўйилса, ўн кунгача сақлаш ва барча оила аъзолари ундан эҳтиёжга яраша фойдаланавериши мумкин. Спраутсларга бироз шакар сепилса ёки сметана, қаймоқ, қатиқ аралаштирилса ёш болалар жуда хуш кўриб ейдиган таомга айланади. Агар улар алоҳида истеъмол қилинадиган бўлса, овқатланишдан 15-20 дақиқа олдин ейилиши керак.

Донларнинг  муртаги ва ундан униб чиқадиган майсада инсон организмида юз берадиган биокимёвий  жараёнларнинг юқори даражада бориши учун     зарур оқсиллар, ёғлар, углеводлар, минерал моддалар, витаминлар мавжуд. Муҳими шуки, ундаги оқсиллар ўзининг аминокислоталар таркиби билан гўштга жуда яқин. Бундаги ёғ биологик жиҳатдан анча ноёб бўлиб, витамин Е кўп бўлади. Яна унинг таркибида В гуруҳ витаминлари (В1 , В6,  В9, В12, РР), темир, магний, калий, мис, фосфор, кальций ҳам сероб бўлади. Ферментлардан пируватдекарбоксидаза, фосфоглицератфосфомутаза ва бошқалар мавжуд. Айнан шу витаминлар кексаришни секинлаштириб, танадаги барча ҳаётий жараёнларни меъёрий ҳолда сақлаб туради. Шунинг учун ҳам доимий суръатда спраутс истеъмол қилиб турадиган кишиларда моддалар алмашинуви барқарор бўлиб, улар доим ҳар жиҳатдан тетик бўлади. Айтиб ўтилган майсаларда хром ва литий каби озиқ-овқат маҳсулотларида кам учрайдиган микроэлементлар бўлиб, улар қандли диабет, психик депрессиянинг олдини олишда асқатади. Ўстирилган буғдой донлари истеъмол қилинганда, анча-мунча озиқ толалари ҳам қабул қилиниб, у кишини давомли тўқ тутади. Демак, семиришдан сақланишда унинг ўрни юқори.

Кейинги йилларда олиб борилган  тадқиқотлар ҳомиладор аёлларнинг спраутслардан етарли миқдорда истеъмол қилиб туриши ҳомиланинг ҳар томонлама бекаму кўст ўсишига ижобий таъсир қилишини тасдиқлайди. Айниқса, ушбу даврнинг биринчи уч ойлигида оналар витамин В9 (фолат кислота)га бой озуқадан баҳраманд бўлиши бола асаб тизимининг морфо-функционал шаклланишини яхшилайди. Шунинг учун ҳар бир ҳомиладор аёлнинг кундалик таомланишида спраутс тегишли ўрин эгаллаши тавсия этилади.

Шониёз ҚУРБОНОВ,

Қарши давлат университети  профессори, биология фанлари доктори

Гулноза БЎРОНОВА,

Физиолог