Сўнгги янгиликлар 19.04.2019 311

ССП ВАКИЛЛАРИ ТАДБИРКОРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Тадбир

Косон туманидаги "Машъал" фермер хўжалиги фаолияти асосий йўналишларидан бири чорвачилик саналади. Хўжалик раҳбари чорва озуқаси импорт қилиш мақсадида Қозоғистондаги фирмага 28,8 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ чиқарган. Айрим сабабларга кўра, келишув амалга ошмаган. Энди фермер тегишли пулни қайтариб ололмаяпти. Қарши шаҳрилик бошқа бир тадбиркор - "Photo Express" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зафар Турдиалиев четдан замонавий чоп этиш ускунаси харид қилмоқчи. Рақамли технология қиймати 450 минг АҚШ долларига баҳоланган. Ташаббус амалга ошиши фаолият самарадорлигига хизмат қилади. Бироқ ишбилармон хорижий валютада имтиёзли асосда кредит олишни истайди.

Қарши санъат коллежида бўлиб ўтган тадбирда Қарши шаҳри, Қарши, Нишон ва Косон туманларидан келган тадбиркорлар томонидан шундай масалалар ўртага ташланди. Учрашув Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ижория қўмитаси ташаббуси билан ўтказилди.

- Бундан кўзланган мақсад бугун юртимизда кичик бизнес ривожи  учун яратилаётган имкониятлардан соҳа вакилларини тўлиқ хабардор қилишдан иборат, - дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мухтор Гулов. - Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчиликдаги янгиликларни етказиш, ишбилармонларнинг муаммоларини ўрганиш ва атрофлича ҳал этиш масаласи ҳам кун тартибида асосий ўрин эгаллади.

Учрашувда ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, касбий маҳорат ва билим даражасини юксалтириш учун зарурий шарт-шароит яратиш борасидаги  ишлар юзасидан фикр юритилди.  

Билдирилган масалалар бўйича амалий таклиф ва тавсиялар берилди, бир қатор муаммоларни ҳал этиш бўйича жиддий иш олиб борилиши, мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга йўлланиши, ижроси назоратга олиниши маълум қилинди.

Бошқа ҳудудлар ишбилармонлари иштирокида худди шундай тадбир Касби туманида ҳам ташкил этилди.

М.ЖЎРАЕВ