Маънавият 04.12.2018 134

Султон Мир Ҳайдар ота: "БИРОР КИШИДАН ТАЪМА ЁКИ ҲАДЯ ОЛМАДИМ

Қашқадарё қадамжолари

Султон Мир Ҳайдар ота:

"БИРОР КИШИДАН ТАЪМА ЁКИ ҲАДЯ ОЛМАДИМ

Топганларимни элга, етим-есирга бердим, илм йўлига сарф айладим..."

Маълумки, айни пайтда вилоятимизда 1 минг 321 та маданий мерос объекти бор. Касби тумани Касби қишлоғидаги Султон Мир Ҳайдар ёдгорлик мажмуаси ана шундай қадимий масканлардан бири.

Мажмуада Султон Мир Ҳайдар ҳамда Саид Мир Мўмин Самарқандий мақбараси, чиллахона, айвон, минора, қишки ва ёзги масжидлар ҳамда 2 та сардоба бор. Бу ердаги Темурийлар даврига хос, моҳир сангтарошлар томонидан ишлов берилган ва машҳур хаттотларнинг жимжимадор ёзувлари чекилган, бўйи 1 метр, эни 89 сантиметр, сандиққа ўхшаш кулранг мармар қабртоши мутахассисларни қизиқтириб келган. Қабртошнинг қимматли эканидан ушбу қабрнинг нуфузли одамга тегишли эканини билиш қийинмас. Асрлар давомида хоки-пойи зиёрат қилиниб келинаётган зот, улуғ авлиё Султон Мир Ҳайдар ота бўлиб, асл исми Хожа Шамсиддин ибн Шайх Жамолиддиндир.

Ҳақиқат илмини айтгувчи

Акмал Саидовнинг "Амир Темур ва Султон Мирҳайдар ота" рисоласида ёзилишича, Султон Мирҳайдар отага атаб тарихда учта қабртош қўйилган экан.

Биринчи қабртошни Амир Темур қўйдирган. Меъморий мажмуанинг шимол тарафдаги қабр тошига Қуръони каримдаги “Оли Имрон” сурасининг    18-ояти ва қуйидаги таърифлар ҳамда шажара араб тилида баён этилган. Унинг таржимаси қуйидагича:

 "Бу қабр улуғ, фахрли имом, шайх, Аллоҳга ибодат қилувчи, ваъз мулкининг султони, нозик илмларни ечувчи, ҳақиқат илмини айтувчи, нотиқ, улуғ зот, фиқҳ илмининг олими, инсонларни ҳидоятга бошловчи, ўта тақводор, аҳли сунна вал-жамоа имомларидан, дунёга машҳур олим, шайхлар қутби, авлиёлар фахри, улуғ ҳожи, ер юзидаги энг саодатманд инсонлардан бирига мансуб. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қизлари Биби Фотима ва куёвлари Ҳазрат Али (р.а.) авлодидан бўлган Султон Мир Ҳайдарнинг шажаралари қуйидагича: Амир Шамсиддин Ҳайдар амирул кабирул карим ибн Жамолиддин ибн Шамсиддин амирул-кабир Ҳайдар ал-Ҳусайн Насафий ибн амир Аҳмад ибн Саид амир Ҳусайн ибн амир Абдуллоҳ ибн амир Жаъфар ибн Иброҳим Муртазо ибн амир Мусо ал-Қозим ибн амир Имом Жаъфар Содиқ ибн Имом Боқир Имом Зайнул Обид Имом Ҳусайн Ҳазрати Али Муртазо разиаллоҳу таоло (рамазон ойи, сана 766 ҳижрий)".

Қабр тошидаги битикларнинг ўзиёқ Амир Темур Султон Мирҳайдар отага нисбатан қандай муносабатда бўлганини ва уни қандай улуғлаганини кўрсатиб турибди.

Ҳаким отанинг башорати

"Маноқиби ал хоса ал хожа Мир Ҳайдар Султон" китобида ёзилишича, Хожа Шамсиддиннинг дунёга келиши Ҳаким ота томонидан башорат қилинган. Яъни Сулаймон Боқирғоний Шайх Жамолиддин хонадонида авлиё дунёга келишини ул зотнинг амакиси Ҳазрат Саййид Муҳаммад Абдуллоҳга айтган.

Султон Мир Ҳайдар ота 1275 йилда Хуросоннинг Қойим шаҳрида дунёга келган. Оилада тўртинчи фарзанд бўлган. Отаси Шайх Жамолиддин мадрасада талабаларга дарс берган. Шу боис Мир Ҳайдарни асосан амакиси Саййид Муҳаммад Абдуллоҳ тарбия қилган. 4 ёшида мадрасага бориб, беш ёшида алифбо ва ёзувни ўрганган, 6-7 ёшлигида ҳадисни ёд олиб, қориларга шогирд тушган. У Шайх Жалолиддин Кўҳакий, Абдулло Замахшарий, устоз Оловуддовла ва Шайх Хуросонийдан Қуръон, ҳадис, фиқҳ, масала, ижмо, қироат илми ва тавжид қоидасини ўрганади. Тўққиз ёшлигида Қуръони каримни етти хил қироат қиладиган даражага етган. Ўн ёшида амакиси билан ҳажга борган. У ердаги мадрасада Маккаи мукаррама амирининг ўғли Рамзиддин билан дўстлашади. Нақл қилишларича, Хожа Шамсиддин дуо билан Рамзиддиннинг дардига шифо топилишига сабабчи бўлиб, амирнинг назарига тушган. Бундан хурсанд бўлган Макка амири ўғли ва Султон Мир Ҳайдарни таҳсил олиш учун Мисрга жўнатади. Маккага қайтгандан сўнг, амир саройида етук шайхлар томонидан имтиҳондан ўтказилади. Синовдан муваффақиятли ўтган Хожа Шамсиддин 14 ёшида Макка ва Мадинага имом ҳамда икки Ҳарам толибларига устоз деб эълон қилинади.

Тушда буюрилган амал

Балоғатга етганида шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқатдан амру-маъруф қилиб, ўз илми билан етук олим сифатида танилган. Ҳаттоки, Миср мадраса аҳли, Бағдод ва Истамбул толиблари еча олмаган саволларга аҳли сунна вал-жамоа ва Имом Бухорий ҳадисларидан жавоб топиб бергани ёзилади. Бу эса унинг "Валиуллоҳ Мир Ҳайдар" деб улуғланишига сабаб бўлади. Мақоматларда қайд этилганидек, "Ул азизнинг мақсади охир замон пайғамбари (с.а.в.)нинг суннат ва йўлларини ҳамда ислом динини элга етказиб, шогирдларига устозлик қилиб, илм дарёсидан бир қатра бўлса ҳам ўргатиб, ўзларидан ибратли из қолдириш эди". Албатта Султон Мир Ҳайдар ўз мақсади йўлида қатъий ҳаракат қилди.

Мақоматда ёзилишича, Хожа Шамсиддин йигирма тўққиз ёшида туш кўради. Тушида Ҳазрат Али (р.а.), Аҳмад Яссавий, Ҳаким Ота ва Ойхожа Валий унга Хоразмга бориб, илм аҳли ҳамда ислом ҳимоячиси бўлишни буюришади. Яъни бу билан Хожа Шамсиддиннинг тариқатда пирлик даражасига ва султон мақомига етганлиги ҳақида азиз-авлиёлар ғойибдан хабар беришгани маълум бўлади. Шунга кўра, ўттиз ёшида Балхдан Қундузга, сўнг Чоржўйга келган. Ҳубби Хожа, Ҳасан Хожа ва Полвони Аҳмад уни кутиб олиб, Урганчга Ҳаким ота марқадига олиб боришган. Хожа Шамсиддин марқадда қирқ кун  хатми Қуръон билан машғул бўлган. Ўттиз икки ёшида эса Қарши чўлининг Касби қўрғонига келган.

"Адаб йўлида сизга ибрат бўлдим"

Султон Мир Ҳайдар ота 1366 йилда 92 ёшида вафот этган. У қазо қилиш олдидан сўфийлик ҳирқаси ва ҳассасини Абу Туроб Нахшабийга топширади ва дейди: "Бу тариқат Аҳмад Яссавийдан Ҳаким отага, сўнгра Зангиотага ва кейин менга тегди. Мен ҳам уларнинг ўгит ва ҳикматларига амал қилиб, йўлини бекаму кўст охирига етказдим, ҳеч бир ўзгаришсиз ўргатдим, кишининг ушоқ нонини емадим, меҳнатим ортидан ўз нонимни топдим. Аллоҳ сувидан ва ризқидан ризқландим. Бирор кишидан таъма ёки ҳадя олмадим. Топганларимни элга, етим-есирга бердим, илм йўлига сарф айладим. Аллоҳдан бошқага сиғинмадим, бош эгмадим, шариат олимлари илмини камолига етказдим. Муҳаммад алайҳиссалом йўлидан четга чиқмадим. Адаб йўлида сизга ибрат бўлдим". Мир Ҳайдар ота бу васияти билан шогирдларини унинг йўлини давом эттиришга даъват этган.

Бу улуғ зот ҳақидаги баъзи ривоятларда ёзилишича, у Fузорда яшаган,    уни ўзларига амир этиб сайлаган жанда кийимли дарвешлар Касбига тобут кўтариб келиб, Мир Ҳайдар ота жасадини олиб кетган ва Мирижанда қадамжосига дафн қилган. Яна Аҳмад Хоразмий ҳам Султон Мир Ҳайдар ота хокини Хоразмга олиб бориб, Ҳаким Ота марқадига дафн этган. Бироқ бу улуғ зотнинг авлодлари ҳар гал майитни Касбига қайтариб келишган. Шундай қилиб, бошқа авлиёлар сингари уч ерда Султон Мир Ҳайдар ота мақбараси пайдо бўлган.

Улуғ авлиё Султон Мир Ҳайдар ота мақбарасига бугун маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар кўп боришади. Шунга монанд тарихий ёдгорлик атрофи ободонлаштирилган.

Манбалар асосида С.АЛЛАЁРОВА тайёрлади.