Тиббиёт 15.11.2018 74

ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

Семинар-тренинг

ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, инсон саломатлигини белгиловчи омилларнинг 50 фоизи овқатланиш ва ҳаёт тарзига, 20 фоизи наслга ва 10 фоизи тиббий хизмат сифатига боғлиқ. Бундан келиб чиқадики, ҳар бир киши яшаш тарзи ва овқатланиш маданиятига ниҳоятда эътиборли бўлиши даркор. Абу Али ибн Сино ҳам узоқ умр кўришнинг асосий омили сифатида тўғри овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратган. 

Бу ҳақда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида “Соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик” мавзусида ўтган семинар-тренингда атрофлича фикр юритилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаси, “Саломатлик-3” лойиҳаси ҳамда Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида “Соғлом ҳаётга қадам бос!” шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилишга эътибор қаратилди. Унда маҳаллалар фаоллари, “Оила” илмий-амалий маркази ходимлари  ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинар-тренингда таълим муассасалари ошхоналаридаги аҳвол ҳам таҳлил қилинди.

Маълумки, мактаб ошхоналарида ўқувчиларга таклиф этилаётган егуликларнинг сифатини назорат қилувчи махсус комиссия фаолияти йўлга қўйилиб, иссиқ овқат, турли шарбатлар, пишириқларнинг асосий озиқ моддалар - оқсил, ёғ, углевод, турли витаминлар, минералларга бой бўлишига ошхона ходимлари жавобгар эканлиги белгиланган.

- Афсуски, кўпчилик мактабларда сотилиши тақиқланган маҳсулот ва таомлар мавжуд, - дейди Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти вилоят бўлинмаси мутахассиси Гулноза Бердимуродова. - Гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса маҳсулотлари, чипс, газланган салқин ичимликлар сотилмоқда. Махсус комиссия бу бўйича таъсирчан чораларни кўриши зарур. 

Тадбирда, шунингдек, даволаш-профилактика муассасаларида парҳез овқатланишни ташкил этиш, овқатланишнинг озуқавий ва биологик қийматини таъминлаш, ортиқча вазнни йўқотиш ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланиб, муҳокама этилди.

Мутахассисларнинг фикрича, норационал овқатланиш оқибатида юзага келадиган қандли  диабет, атеросклероз, юрак-қон томир, ортиқча вазн, буйрак ва ҳазм аъзолари касалликларини даволашда илмий асосдаги парҳез таомномаларни яратиш мақсадга мувофиқдир.

Шоҳиста БОЗОРОВА