Жамият 08.01.2019 279

ТАҲЛИЛИЙ-ТАНҚИДИЙ МАҚОЛАЛАРГА КИМ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ БИЛДИРДИ?

Газета саҳифаларида

ТАҲЛИЛИЙ-ТАНҚИДИЙ МАҚОЛАЛАРГА КИМ ҚАНДАЙ МУНОСАБАТ БИЛДИРДИ?

Ўтган йили ўқувчилар қўлига "Qashqadaryo"нинг 155 та сони етиб борди. Албатта, журналистиканинг "қаймоғи" таҳлилий-танқидий мақолалар бўлгани ҳолда бундай материаллар ҳар қандай нашрни безайди. Эътиборлиси, йил давомида газетамизнинг ҳар сонида, айримларида 2-3 тадан куннинг энг муҳим, долзарб масаласи ечимига қаратилган мақолалар чоп этилган экан. Аслида  биз ўз вазифамизни бажардик: журналист сифатида муаммони жамоатчилик эътиборига ҳавола этдик. Аммо таҳлилларимиз ушбу танқидларга аксар ҳолларда мутасаддилар бефарқ қарагани, айрим раҳбарлар боқибеғамлик ботқоғидан қутула олмаётганини кўрсатмоқда. Демак, ўтган йилги чиқишларга назар ташлаймиз: қайси мақолага қандай муносабат билдирилди?

"РЕСПУБЛИКАДА ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИЮ, ВИЛОЯТДА КЎРИНМАЙДИ. НЕГА?"

Газетанинг 6 январь сонида чоп этилган ушбу мақолада Қарши давлат университети қошидаги, мусиқа кафедраси талабаларидан таркиб топган "Зиё садолари" жамоаси республика танловларида қаторасига 4 марта ғолибликни қўлга киритгани, бироқ университетнинг ўзида бу жамоага эътибор ўзига яраша экани, ҳатто студияси йўқлиги, жамоа вилоят тадбирларига ҳам жалб қилинмаслиги танқид қилинганди.

Орадан ўтган бир йил ичида университет маъмурияти ушбу мақолага ҳеч қандай муносабат билдирмади. Маълум бўлишича, эътибор аввал қандай бўлса, мақола чоп этилгандан кейин ҳам ўзгармаган. Қолаверса, иқтидорли иштирокчиларни жамлаган "Зиё садолари" жамоасини вилоятнинг бирор тадбирида ҳам кўрмадик.

"ҲАРАКАТ БИР ТОМОНЛАМА, БИРОҚ ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ ФАРҚЛИ..."

Қарши шаҳри йўлларидаги бир-бирини инкор этадиган йўл белгилари ҳақидаги ушбу мақола газетада 9 январь сонида чоп қилингандан сўнг Мустақиллик ва Насаф кўчалари кесишган жойда қайрилиб олишни тақиқловчи белги олиб ташланиб, бошқа чорраҳалардаги каби бирхиллаштирилди.

"ЙЎЛДАГИ "ҲУСНБУЗАРЛАР"

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ёнидаги ўйилиб ётган йўл ҳақида ўтган йили 18 январда мақола чоп этилган экан. Мана, орадан нақ бир йил вақт ўтди. Аммо "ҳуснбузар" ўша-ўша. Йўлсозларнинг ишга муносабатини шунинг ўзиданоқ кўриш мумкин.

"НЕГА БАРЧА КЎРСАТКИЧЛАР БЎЙИЧА ОРҚАДАМИЗ?"

18 январда нашр юзини кўрган мақолада маҳаллийлаштириш дастури доирасида эришган натижалар билан у қадар мақтана олмаслигимиз аниқ рақамлар мисолида кўрсатиб берилганди. Бунга нима сабаб бўлаётгани хусусида мутасадди - ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва иқтисодиёт бошқармаси томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилганича йўқ. Дарвоқе, улар муносабат билдирмагани билан натижаларни яхшилаётгандир-а. Бунисини галдаги кузатишларимизда кўриб чиқамиз.

"SOHIBQIRON.UZ САЙТИ НЕГА ЯНГИЛАНМАЯПТИ?"

"...жаҳон миқёсида танилган ва тан олинган буюк саркардалар саноқли ва улардан бири вилоятимиз ҳудудидан етишиб чиққани бизга ғурур бағишлаши баробарида фарзандлик бурчимизни тўла-тўкис адо этишни ҳам тақозо этар, янги сайт эса бу йўлдаги хайрли ишлардан бири эди. Бироқ сайт ўша яратилганидан бери янгиланмади ҳисоб. Бугун унда жойлаштирилган маълумотлар 2016 йилнинг март-апрель ойлари билан "қотиб" қолган.

Ваҳоланки бу орада Амир Темур ҳаёти ва фаолияти, Темурийлар даври билан боғлиқ тадқиқотлар, тадбирлар ўзимизда ҳам, хорижда ҳам тўхтагани йўқ ва муттасил давом этмоқда. Бироқ буларнинг бирортаси сайтда ўз ифодасини топмаётгани чатоқ".

Ўтган йили нашримизнинг 18 январь сонида чоп этилган мақоладаги ушбу сўзлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотмади. Чунки сайт ҳали-ҳамон янгиланмади. Сайт хўжакўрсинга экан, шекилли.

"ЧАРОҒИЛДАГИ КЛУБГА КУЛИБ ҚАРАШ КЕРАКМИ Ё КУЙИБ?!"

Қарши туманидаги қаровсиз қолган клуб ҳақидаги мақола газетанинг 23 январь сонида чиққан бўлса, 15 февраль сонида вилоят маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Маматовнинг жавоб хати берилган. Унда айтилишича, Чароғилдаги клуб 2020 йилда капитал таъмирланиб, жиҳозланади.

"ҚИММАТГА ТУШГАН ҲИММАТ

Ёхуд Чироқчи туманилик 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Ҳабиба Бобоева нега ишсиз қолди?"

3 февралда чоп этилган бу мақолада Президент Давлат маслаҳатчиси ўтказган сайёр қабул давомида Чироқчи пахта тозалаш заводига ишга қабул қилинган Ҳабиба Бобоева бир муддатдан сўнг айтарли сабабсиз ишсиз қолгани, буям етмагандай, энди ишлисан, деб унга ногиронлик нафақаси ҳам берилмай қўйгани каби масалалар хусусида сўз юритилганди. Кўзбўямачилик аралашган ушбу ҳолатга на пахта тозалаш заводи, на маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари муносабат билдирди. "Инсон манфаатлари - ҳар нарсадан устун" тамойили асосида мамлакат миқёсида улкан ишларга қўл урилаётган бир чоғда Чироқчи тумани раҳбарларининг боқибеғамлигини нима билан изоҳлашга ҳайрон қоласан.

"ХОДИМ ҲУҚУҚИ БУЗИЛГАН.

Бироқ касаба уюшмаси жим. Нега?"

Қамаши туманида яшовчи Раҳматилло Менгиров 2017 йил сентябрь ойидаги иш ҳақини ололмагани ҳақидаги ушбу мақола 6 февралда чоп этилган бўлса, 13 февраль сонида "Кечиккан иш ҳақи тўланиши таъминланди" номида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг жавоб хати берилди. Энг муҳими, муаммо ҳал этилган.

"НЕГА МИРИШКОРДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯ ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНА ЙЎҚ?"

20 февралда чоп қилинган, номидан маълум ушбу материалга туман мутасаддилари ҳеч қандай эътибор қаратмаганини бу бўйича бирор акс-садо йўқлигидан ҳам билса бўлади. Боз устига ўтган вақт ичида Миришкорга хорижий инвестиция ҳам кириб келмади. Ўз ўрнида мамлакатимизда чет эл инвесторлари учун кенг шароит, кўплаб имтиёзлар мавжудлигини айтиш ўринли. Кўриниб турибдики, Миришкор раҳбарларига хорижий ҳамкорлар билан ишлаш бўйича тажриба зарур.

"ҚАРОВСИЗ МАКТАБ УЧУН "ҲОКИМ БУВА" НЕГА ХАФА БЎЛАДИ?"

"Кимдир дунёнинг қайси бир четида цивилизациядан йироқ, ёввойи ҳолда яшаётган қабила бор экан, деса биров ҳайрон бўлмаслиги мумкин, бироқ замонавий, ривожланган давлатда ибтидоий мактаб бор, деса, кўпчилик бунга йўғ-е, бўлиши мумкин эмас, деб жавоб бериши тайин".

22 февралда чоп этилган ушбу мақолада Чироқчи туманидаги 112-мактабнинг аянчли аҳволидан ҳикоя қилувчи мақолага халқ таълими бошқармасидан ҳам, туман ҳокимлигидан ҳам жавоб келмади. Ҳолбуки масала - совуқ, шароитлари йўқ дарсхонада дилдираб ўтирадиган, шундай кунда 12 километрлаб йўл босиб келаётган болалар ҳақида эди. Болалари тақдиригаки, шундай бефарқ эканлар, мақолага ижобий ёндашишларини кутмаса ҳам бўлади аслида.

"ҚАРШИ ТУМАНИ "ПАСПОРТ СТОЛИ"ДАГИ НАВБАТНИ КИМ ЮЗАГА КЕЛТИРАЯПТИ?"

Қарши тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида юзага келган навбат фақат одамларнинг айби билан бўлмаётгани ҳақида нашримизда ўтган йил 1 мартида айтилганди. Дастлаб эски паспортларни алмаштиришнинг охирги санаси 2018 йил 1 июль экани сабаб кишилар бу ишга астойдил киришган бир чоғда "паспорт стол"дагиларнинг "иш услуби" сабаб кўплар сарсон бўлаётганди. Аммо бу ерда ҳам на иш услуби ўзгарди, на одамларнинг бари эски паспортини алмаштиришга улгурди. Биометрик бўлмаган паспортларни алмаштириш муддати кейин яна узайтирилганини эса фақат одамларнинг бепарволиги билан изоҳлаб бўлмайди.

"ИМКОНИЯТДАН ФОЙДАЛАНИШ КЕРАК ЭМАСМИ?"

Қарши туманидаги Нукрабод маҳалласида жойлашган намунавий типдаги арзонлаштирилган уйлар эгаларига қўшимча имконият сифатида ер ажратилиб, ихчам иссиқхоналар қуриб берилгани 1 мартдаги мақолада айтилган, аммо унинг эгалари иссиқхонадан унумли фойдаланмаётгани танқид қилинганди. Йўлингиз тушиб, ўша томонларга бир назар солсангиз, ҳамон ҳеч нарса ўзгармаганига гувоҳ бўласиз.

"МАШИНАЛАРНИ ШУ ЕРГА ҚАМАШАРКАН-ДА?!"

Шу сондаги яна бир мақолада аҳоли "ЖБИ" деб атайдиган, эски темир-бетон заводининг шундоқ биқинида ташкил қилинган жарима майдончаси қонун талабларига жавоб бермаслиги мисоллар асосида ёритиб берилганди. Қарангки, тегишли талабларга жавоб бермайдиган жарима майдончалари сони кўпайса, кўпаяяптики, тартибга кираётгани йўқ.

"ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ МАДАНИЯТИ ҚАЧОН ОШАДИ?"

Қишлоқларимизда кўплаб кишилар сотихлаб ер майдонига эга бўлгани ҳолда уни қақратиб қўйганидан кўз юмиб бўлмайди. Ваҳоланки бир қарич ердан миллионлаб даромад топаётганлар ҳам узоқда эмас, ўзимизда. Озгина жойга уруғ сочиб қўйса, яшнаб ётади, ортгани бозорга чиқарилса, чўнтакка пул киради.

Газетанинг ўтган йили 3 апрель сонида чиққан мақолада шу ҳақда сўз борганди, мутасаддилар ҳам томорқадан унумли фойдаланиш масаласига бошида жиддий киришганди, у ҳам ўз ҳолича қолиб кетди.

"АВТОБУСДАН ВОЗ КЕЧАМИЗМИ? ҚАРОРДАН-ЧИ?!"

"Эсингиздан чиқиб улгурмагандир, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўша йил 17 январида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинган, қатор вазифалар белгиланганди.

Унга кўра, вилоятда 2017-2021 йилларда шаҳарлар ва қишлоқларда автотранспорт хизматларини янада ривожлантириш дастури тасдиқланиб, йўловчилар ташийдиган янги автобус йўналишлари ташкил этилиши, шу мақсадда янги автобус ва микроавтобуслар сотиб олиниши, автостанциялар қурилиши ва мавжудлари реконструкция қилиниши керак эди.

Шунингдек, 2018 йил 1 июлгача Қарши шаҳрида йўловчилар ташиш транспортида йўл кира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими жорий қилиниши, тўхташ бекатлари намунавий лойиҳалар бўйича жойлаштирилиши, автобус ва микроавтобуслар ишини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиш йўлга қўйилиши кўзда тутилганди".

10 апрель сонида чоп этилган мақолада ҳамма гап ўтган замон феълида якунланган эди. Ҳаммага аёнки, қатновга автобуслар фаол кириб келмади, бунга мутасадди - Қарши шаҳар ҳокимлиги, Марказий банк ва вилоят молия бошқармалари, Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармасидагилар эса фақат томошабинлик қилишаяпти, чамаси.

"ОДИНА МАСЖИДИ ҚИСМАТИ "ҚУЛФ"МИ?"

17 апрелда нашр юзини кўрган ушбу мақолага аслида муносабат билдириш шарт эмасди. Тарихий ёдгорлик қулфларини очиб, ундан унумли фойдаланиш кифоя эди. Афсуски...

"БОҒЧА ЁКИ МАКТАБГА БОРАДИГАН БОЛАЛАРНИ ГЕПАТИТ "А"ГА ҚАРШИ ЭМЛАШ МАЖБУРИЙМИ?

Вакцина нархи нега қиммат?"

Гепатит А га қарши эмлатиш ихтиёрий, мажбурий эмас. Аммо вилоят мактаб ва боғчаларида вакцинация мажбурий эканлиги бўйича шартлар ўйлаб топилмоқда. Вакцина нархини белгиловчи субъект эса деярли монопол шаклда фаолият кўрсатади.

21 апрелдаги мақолада шу ҳақда гап борган, бироқ тиббиёт тизими мутасаддилари унга лом-мим дейишмади. Балки қатъий назорат йўқлиги учун ҳам сариқ касалига қарши эмланганлик даражаси вилоятда жуда пастлигича қолаётгандир?! Янаям ким билади?

"ДЕПУТАТЛАР МУЛОҚОТИ ХЎЖАКЎРСИНГА ЭДИМИ?"

24 майдаги мақолада 2017 йил февраль ойидан эътиборан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг вилоятимизга 10-12 кунлик ташрифлари бошланаркан, дилда катта умидлар туғилгани, аслида бунга асослар етарли, чунки улар қўлида жам бўлган ваколат ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, камчиликни ўнглашга қодирлиги, бундан ташқари, давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган бундай мулоқот халқ ва унинг вакиллари ўртасида узоқ йиллар узилиб қолган кўприкни қайта тиклаши кўзлангани айтилганди.

Аммо амалда бу масалага ҳам шунчаки, қўл учида қаралди. Пойтахтдан депутатларнинг истаб-истамай, ўргангиси келиб-келмай, натижасини суриштиргиси йўқдай келишлари кўпайди.

Вилоятнинг ўзида юзлаб депутатлар бўлгани ҳолда бирор халқ вакили мақолага муносабат тарзида "Ҳали бизнинг ишимизни амалда кўрасиз", қабилида фикр билдирмади.

"ЙЎЛ УСТИДА КЎНДАЛАНГ, ОДАМ ТЎЛДИРАР, ҚАРАНГ"

12 июль сонида чоп этилган мақолада Қарши шаҳар кўчаларида қатновга халақит бераётган, туманларга қатнайдиган автобус ва йўналишли таксилар эгалари ҳосил қилган сунъий "автостанция" ва "стоянка"лар муаммоси хусусида сўз юритилганди.  Афсуски, 6 ойдан бери на Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси, на Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бунга муносабат билдирди. Вазият эса ҳамон ўша-ўша. Масаланинг ечими ҳам муаммонинг ўзига ўхшайди, яъни ноқонуний тўхтаган уловлардай тўхтаб турибди...

"МАРДИКОРНИ ТОПТАМАНГ!"

19 июль сонида чоп этилган мақолада Қарши шаҳри Жайҳун кўчасида жойлашган, Қарши чойхонаси олдидаги "мардикор бозори" ишчиларининг муаммолари қаламга олинган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тузилмасида филиал шаклида ташкил қилинган вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси ўз ишини кўнгилдагидай ташкил қилганида бу бозордагиларнинг ҳам елкасига офтоб тегармиди?! Бюро эса ҳамон ҳеч қандай фаолият билан шуғулланаётгани йўқ. Мақолада қайд қилингани каби: "Ундоқ-бундоқ" деган гаплар фақат гап холос, амалда ҳеч нарса йўқ. Ҳатто мақолага муносабат битилган икки энлик жавоб хати ҳам...

"САЙР ҚИЛИШ ҲАМ ПУЛЛИМИ"

"Қарши шаҳридаги "Дельфин" комплексига кириш жойида... туриб-туриб...  сайр қилишнинг пулли экани хусусида эълон пайдо бўлибди". Газетанинг 24 июль сонида берилган луқмада шундай жумлалар бор эди. Муаллиф бунинг ўрнига истироҳат боғининг ишини такомиллаштириш, уни замон талабига мос ҳолга келтириш, хизмат турларини кенгайтириш, шунга яраша ҳақ сўраши керак, деган таклифни ўртага ташлаганди. Эскирган аттракционлар, ажриқ босган майдонлар, тозаланмаганидан қўланса ҳид анқийдиган кўлмаклар ҳозиргача ҳам ўз ҳолича турибди. Мутасаддилар ҳали-ҳамон жим...

"ТУСМОЛИЙ ТИМСОЛЛАР

ёхуд "Мотамсаро она" ҳайкали нега ҳар жойда ҳар хил?"

"...Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги "Мотамсаро она" ҳайкаллари ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ишлаган кўринишдаю, туманлардаги ҳайкаллар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Айримлари эса нўноқ ҳайкалтарошнинг ҳаваскорлик ишидай тасаввур уйғотади".

26 июль сонида эълон қилинган мақолада муаллиф шу мавзуни кўтарганди. Мақола билан бирга ҳудудлардаги ҳайкаллар суратлари ҳам берилган эди. Афтидан туманлардаги мутасаддилар шуям муаммо бўлдию, қабилида қўл силтаб қўя қолишган шекилли, бирон ўзгариш сезилмади.

Тўрт ой ҳам ўтар. Яна Хотира ва қадрлаш куни келади. Аммо...

"КРЕДИТГА ОЛИНГАН ТОВУҚЛАР ҚАНИ?"

Шундай сарлавҳали мақола газетамизда 11 августда чоп этилган эди. Мақолада банк кўмагида Қарши туманида аҳолига кредитга берилган товуқларнинг кўпчилик қисми нобуд бўлаётгани сабаблари таҳлил қилинганди.

Муаллиф пировардида шундай қайд этади: "Бир донишманд "Қармоқ бериш эмас, аввал балиқ тутишни ўргатиш керак", деб айтган экан. Яъни бир ишга киришишдан аввал кишида кўникма, уқув    шаклланиши даркор. Шунда маҳсулдорликни таъминлаш мумкин. Товуқ тарқатишда ҳам шошма-шошарликка йўл қўйилгани кўриниб қолди, назаримизда... Масъуллар ҳисобот учун эмас, натижа учун, астойдил, чин юракдан ишлаши керак эди".

"Ҳисобот"чи масъуллардан эса бирон садо чиқмади...

"БОСМА НАШРЛАРГА ҲОЖАТ ҚОЛМАДИМИ?"

14 августда чоп этилган шу салавҳали мақолада яна туман нашрлари муаммолари қаламга олинган. Муаммо ҳамон ўша-ўша - муассислар туман нашрларини ўз ҳолига ташлаб қўйган, моддий техника базаси ночор, обуна ўзига яраша, шунга яраша нашр савияси ҳам...

Мақолада хусусан, "Миришкор машъали", "Нахшаб", "Муборак ҳаёти", "Китоб тонги" газеталари таҳририятларидаги ҳамкасбларимизни қийнаётган юқоридаги каби муаммолар таҳлил этилган. Бироқ муассислар бунга муносабат билдиришни лозим топишмади.

"УЙ "СНОС"ГА ТУШДИ.

бироқ у на бузилди, на фуқарога компенсация тўланди?"

18 августда шу сарлавҳа остида танқидий мақола берилган эди. Унда қайд этилганидек, Қарши шаҳридаги Дарвозатутак маҳалласининг Ислом Каримов (собиқ Ўзбекистон) кўчасига туташ қисмидаги кўпгина уйлар ҳам ҳудуд ободлиги йўлида бузиб ташланиши керак эди. Айни пайтгача бу вазифа айтарли уддаландию, бироқ Авангард кўчасидаги 5 та уйга негадир  навбат ҳеч тегмади. Сабаби, уларни бузадиган ҳам, эгаларига пулини тўлаб берадиган ҳам, бошқа жойда иморат тиклаш учун ер ажратадиган мард ҳам топилмаган.

Шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг ушбу масалага муносабати эса машҳур ҳинд фильмидаги машҳур иборани ёдга солади: "Ҳечқиси йўқ, катта шаҳарларда ҳам кичик муаммолар бўлиб туради..."

"ВАТАН "ЮРАКЧА" ЭМАС, ЮРАК БИЛАН СЕВИЛАДИ"

25 август сонида мазкур сарлавҳа остида берилган мақола ва мавзуга доир "Таҳририят муносабати" рукнида берилган материалда Қарши шаҳри кўчаларини безаётган "I love Qarshi" битикли, "юракча" рамзли улкан лавҳалар танқид остига олинганди.

Мавзуга ижтимоий тармоқлардаги бир қатор фойдаланувчилар қаторида пойтахтлик журналистлар Ўктам Мирзаёр, Олимжон Ўсаров, олим Азамат Зиё сингари таниқли шахслар ҳам ўз муносабатларини билдиришиб, лавҳадаги "юракча" тасвири бутунлай бошқа маънони англатишини очиқ-ойдин тушунтириб беришган бўлишса-да, фақатгина вилоят мусиқали драма театри ёнидагина бу қўпол хатога барҳам берилди, холос. Шаҳарнинг бошқа жойларида (шунингдек Шаҳрисабзда ҳам) эса бу каби лавҳалар ҳамон "қўр тўкиб" турибди...

"БОЗОРДАГИ ТАРОЗИЛАР ТЎҒРИ ИШЛАЙДИМИ?

БУНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?"

"50 дан ошиқ бозорда тадбиркорлар тарози воситасида амалга ошириладиган савдо-сотиқ билан шуғуллангани ҳолда, бор-йўғи 22 та бозордаги тарозилар қиёслов кўригидан ўтказилган. Ўттиздан ортиқ бозорда эса на бирор дона белгиланган тартибда қиёслов кўригидан ўтказилган тарози, на назорат тарозиси мавжуд...

Ўйлаб кўринг, сотувчи нархи 10 минг сўм бўлган бир килограмм ёнғоқдан 200 грамм уриб қолмоқда. Бу икки минг сўм дегани. У бир кунда 100 килограмм маҳсулотни шу тахлит сотса, харидор чўнтагидан 200 минг сўм пул ўғирлаган бўлади. Ўн кунда эса 2 миллион. Агар бозорда шундай сотувчидан 100 та бўлса-чи? Улар бир йил давомида одамларнинг чўнтагидан қанча пул ўғирлашади?"

18 сентябрь сонида эълон қилинган мақолада мана шулар хусусида аниқ далиллар асосида сўз юритилганди. Ҳали-ҳамон тарозининг муаммо палласи босиб тургани ҳолда мутасаддилар жим...

"Қарши тумани:

КИМНИНГ КЎЗИГА ЧЎП СУҚАЯПСИЗ?"

Газетанинг 25 сентябрь сонида чоп этилган ушбу танқидий мақола кейинроқ бошқа бир қатор нуфузли сайтларда ҳам эълон қилинди. Боиси унда ўта муҳим масала - "Ташаббус-2018" кўрик-танловининг Қарши тумани босқичидаги кўзбўямачиликлар фош этилган эди.

Хўжакўрсинга ташкил этилган бу тадбирдаги бир қатор камчиликлар мақолада теран таҳлил этилган. Бироқ унинг айбдорларига қандай чора кўрилди? Афсуски, бу - ҳамон бизга қоронғу.

"ТАДБИРКОР ТАНЛОВДА ЮТИБ ОЛГАН ЕР УЧУН ҲОКИМ НЕГА ҚАРОР БЕРМАДИ?"

27 сентябрда мухбиримиз мана шу сарлавҳа остида бир ишбилармоннинг муаммосига ечим топишга уринди.

Қайд этилишича, Шаҳрисабз шаҳри Бунёдкор маҳалласида яшовчи фуқаро Мурод Раҳмонов чиқиндихона ўрнида тамаддихона ва аттракционлари бўлган мўъжазгина болалар майдончаси бунёд этишни кўзлаб иш бошлаган. Бошида уни маҳалла раиси, ҳокимликдагилар қўллаб-қуввватлаган. Тадбиркор шошқалоқлик билан ернинг эгалик ҳужжатисиз анчагина маблағини шу ишни бошлашга сарфлаб ҳам қўйган. Мурод Раҳмонов бир муддатдан сўнг бу борадаги тегишли танловда ғолиб бўлади. Аммо ҳоким ерга эгалик тўғрисида қарор беришни пайсалга солади...

Афсус... Шошқалоқ ишбилармоннинг муаммоси ҳалигача ечимини топмади.

"КЎМИР: "ХЎЖА АЛИ" - "АЛИ ХЎЖА"

Ёхуд етказувчи ўзгардию, иш услуби эскилигича қолди.  Орада маҳсулот нархи кескин ошди”

Ўтган йилда кўмир тасарруфи "Ўзбеккўмир"дан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга ўтказилди. Нарх эса кескин осмонга сапчиди.

23 октябрь сонида эълон қилинган танқидий мақолада мана шу вазият таҳлил қилинган эди. Мавсум ярим бўлаяпти. Натижадан ҳам, муносабатдан ҳам кўнгил илимаяпти.

"ҚАРШИ ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИ ЁПИЛАДИМИ?"

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги "Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида Қарши халқаро аэропортини "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси таркибидан чиқариб, халқаро аэропортларни бошқариш бўйича махсус комиссия бошқарувига бериш, аэропорт ҳудудида "очиқ осмон" режимини, шу жумладан, лоукостер авиакомпанияларини жалб қилган ҳолда жорий қилиш кўзда тутилган, ўз навбатида мазкур концепция хориж тажрибасини ўрганиш асосида 2018 йил 1 июлга қадар ишлаб чиқилиши белгиланган эди. Бироқ аэропортда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

Мухбиримиз 10 ноябрда эълон қилинган мақоласида шу мавзуда сўз юритганди. Афсуски, йил якунланди ҳамки, бу борада "кетмонимиз учмаяпти"...

"10 БОШ НАСЛЛИ МОЛ УЧУН ҚАНЧА ЕР АЖРАТИЛАДИ?

ёхуд тадбиркорнинг талаби ўринлими ё мутасаддиларнинг ҳисоб-китоби?"

Касби туманидаги "Денов насл чорва" МЧЖ  таъсисчиси туманда наслчиликни ривожлантириш борасида йирик лойиҳага қўл урган. Банкдан кредит олиб, хориждан зотдор қорамоллар келтирган. Аммо туман ҳокимлиги томонидан унга чорва озиқаси етиштириш учун етарли миқдорда ер ажратилмаган.

Газетанинг 13 ноябрь сонида эълон қилинган мақолада мана шу муаммо кўтарилган эди. Туман ҳокимлигидагилар муносабат билдиришни лозим топишмаган бўлишса-да, мулкдорнинг ўзи  кейинчалик таҳририятга муаммо қисман ҳал этилганини маълум қилди.

"ГАПИРИШГА ТИЛИМ БОР, ЛЕКИН ҲАҚҚИМ ЙЎҚ..."

Ёхуд "Бахтли оила" тўйхонасидаги каби оммавий заҳарланиш бошқа овқатланиш нуқталарида ҳам содир бўлмаслиги учун қандай чоралар белгиланди?"

Газетанинг 15 ноябрь сонида юқоридаги сарлавҳа остида чоп этилган мақоладан бир иқтибос келтирсак: "Агар санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари кўнгилдагидай ишлаганда, ўз вазифасига сидқидилдан ёндашганида, мунтазам ўрганишлар олиб борганида бу каби салбий ҳолатлар юз бермасди эҳтимол. Ваҳоланки, санитария-эпидемиология назорат маркази ходимлари анъанавий "пожарний метод" асосида "ишлаш"да давом этмоқдаки, қачон фавқулодда бир ҳолат юз беради - шундан кейингина енг шимариб ишга киришишаяпти. Унгача эса : "Бағдодда ҳаммаёқ тинч…"

Бу мақолага ҳам на шаҳар ҳокимлигидагилар, на вилоят, на шаҳар ДСЭНМдагилар жавоб беришди. Гўё ҳали-ҳамон "ҳаммаёқ тинч…"

"-10 МИНГ СЎМ. +40 МИНГ СЎМ" ФОРМУЛАСИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Ёхуд ўзича нарх белгиловчи киракашлар ҳамда бунга индамай, жим қаровчи масъуллар хусусида"

"Газ нархи ошди" деб  йўналишли таксидаги "Дамас" ҳайдовчилари ҳе йўқ, бе йўқ, йўлкира нархини "кўнсанг - шу" қабилида 2000 сўм қилиб олишди. Ва бундан 10 минг сўм ютқазганлари ҳолда 40 минг сўм фойда қилишаяпти. Бу ҳолат йўловчиларни анчагина "терлатган" бўлса-да, масъулларнинг парвойига ҳам келмади.

22 ноябрда эълон қилинган мақолада мана шу вазият таҳлил қилинди. Ва шу мақоладан сўнг тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, шаҳар ичида йўлкира нархи аввалги ҳолига қайтди. Мутасаддилар бу борада таҳририятга тегишли тартибда жавоб хатлари йўллашди. Бироқ шаҳар атрофида ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Қайсар ҳайдовчиларнинг танобини тортадиган ташкилот топилмаяпти…

"ҚИШДА КИШМИШ ПИШМАСМИШ…"

22 ноябрь сонида эълон қилинган яна бир танқидий-таҳлилий мақолада вилоятдаги бир қатор умумтаълим мактабларида қишга тайёргарлик масаласида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган эди.

Вилоят халқ таълими бошқармасидаги мутасаддилар муносабат билдириш масаласида ҳам "кишмиш пишиши"ни кутишаётгандир?!

"Хонаки топишмоқ: ФЖШМҚМИ НИМА?"

24 ноябрда эълон қилинган мақолада Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси фаолиятининг "птичка"ю "хўжакўрсин"га ташкил этилгани танқид остига олинган ва унинг фаолиятини яхшилашга доир аниқ амалий таклифлар ўртага ташланган эди.

Бўлинмадагилар ҳамон ҳисобот учун ўтказиладиган ялтироқ шиорли давра суҳбатларию, социологик сўровлари билан банд шекилли, жавоб йўллашга вақт топа олишмаяпти. Қизиқ, газетада ўзларининг манзилига айтилган нордонгина фикрларгаки "реакция" йўқ экан, улар аҳоли фикрини қандай ўрганишарди?!

"ҚАТЪИЙ НАРХИ 87 МИНГ 500 СЎМ БЎЛГАН 1 ҚОП УНГА

40 МИНГ СЎМНИ КИМ "МИНДИРАЯПТИ"?"

"Уннинг нархи асоссиз кўтарилганига … назорат йўқлиги асосий сабаб. Бу сабабнинг оқибатини аслида бир ярим минг сўмлик нон 2 минг сўм бўлиб дастурхонимизга кираётганида ҳис қилаяпмиз. Аммо токайгача бу хўжасизликка жим қараб туриб бўлади?"

Газетанинг 13 декабрда эълон қилинган мақоладаги бу сингари жумлалар кимларнидир сергаклантириши шарт эди. Бироқ йил янгиланди ҳамки, масъуллар "жим қараб туриш"дан нарига ўтишгани йўқ.

"КЕЛДИ, КЎР(МА)ДИ, ҲАҚ ОЛИБ КЕТДИ…

Ёнғинга қарши кураш жамияти иш услуби фақат шунга асосланганми?"

"Яқинда бизникига ҳам "пожарний"дан келишганди, - дейди Қарши шаҳрилик Фурқат Баратов. - Эгнида на формаси, қўлида бирор ускунаси бор. Кўрик ўтказамиз, мажбурий, дейишди. Қилган иши бу нарсани котёл ёнидан олинг, унга қаранг, буни тўғриланг, дейиш бўлди. Қўлига қора юқтирмади. Тўловини тўладик. Кейин кўрсак, квитанцияда Ёнғинга қарши кураш жамияти вилоят бўлими, деган муҳр бору, рақамланмаган экан…"

20 декабрда эълон қилинган мақолада мана шу каби машмашалар таҳлил этилган. Тўлов олиб, иш қилмасликка одатланган мазкур жамиятдагилар матбуотдаги танқидга ҳам асосли муносабат билдирмади.

"ФАҚАТ ҚОҒОЗ ТЎЛДИРАР ҚУРУҚ РАҚАМЛАР КИМГА КЕРАК?

Ёхуд нега бизда статистика шаффоф юритилмайди?"

22 декабрь сонида мазкур сарлавҳа остида эълон қилинган мақолада вилоят статистика бошқармаси фаолиятидаги нуқсонлар хусусида сўз юритилган.

"Шу аниқки, - деб ёзади муаллиф мақола хулосасида, - бошқарма маълумотлари тадбиркор учун йўриқнома бўлиб хизмат қилмаяпти. Ташкилот иши фақат маълумотларни умумлаштириш бўлиб қолаяпти. Қуруқ рақамлар эса ҳеч кимга наф келтирмайди, шунчаки қоғоз тўлдиришга ярайди, холос".

Афсуски, бошқарма мутасаддилари жавоб борасида "қоғоз тўлдириш"га ҳам ҳафсала қилишмади…

"ЯНГИ ЙИЛ "ЧЕГИРМАСИ", "АЖОЙИБ" НАРХ: ЯРМАРКАДА 14 МИНГ, КЎЧАДА 7 МИНГ?!"

Газетанинг 27 декабрь сонида мана шу сарлавҳа остида мақола чоп этилди.

Муаллиф асосланган тарзда қайд этганидек: "…номига ярмарка деб аталган, амалда назорат йўқ, масъуллари "эрта-индин жойига тушади", дейдиган ва ҳеч жойига тушмайдиган, нархлари ҳатто кўчадагидан қиммат ярмарка сотувчилар учун яхши" холос…

Бу йилги байрам ҳам ўтди. Бироқ кейинги байрамда ҳам бу камчиликлар такрорланмаслигига ким кафолат бера олади?

***

Юқоридагилар ўтган йил давомида газетамиз саҳифаларида эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолаларнинг айримлари, холос. Шубҳасиз, холис ва асосли танқид қайси соҳада бўлмасин, фаолият ривожига хизмат қилади. Қанийди, буни ишларини тартибга солиб, танқидга муносабат билдиришни ўзларига эп кўрмаётган мутасаддилар ҳам англаб етишса…

Бекзод САЙФИЕВ ва Нуриддин ЭГАМОВ тайёрлашди.