Таълим 01.11.2018 186

ТАДБИРКОР АВВАЛ МАКТАБ, ЭНДИ ЭСА ХУСУСИЙ БОҒЧА ТАШКИЛ ЭТДИ

ТАДБИРКОР АВВАЛ МАКТАБ, ЭНДИ ЭСА ХУСУСИЙ БОҒЧА ТАШКИЛ ЭТДИ

Муборак тумани марказида “Жозибали овоз” номли хусусий санъат мактаби бор. У 2007 йилда ташкил этилган, айни вақтда фаолият бошлаганига 10 йилдан ошди. Эътиборга молик томони, мазкур мактаб таъсисчилари нафақат вилоятимизда, балки республикада биринчилардан бўлиб таълим тизимига хусусий сектор вакили сифатида кириб келишган эди. Бугун улар бошлаган иш ҳар томонлама ўзини оқлади, фаолият эса тобора кенгайиб бормоқда.

- Ўн йил олдин бундай муассаса учун лицензия олиш жуда мураккаб иш эди, - дейди мактаб директори Юлиана Торосова. - Бу бизга жуда қийин бўлган, лекин оила аъзоларим билан биргаликда танлаган йўлимизнинг тўғри эканига, албатта, уни амалга оширишга ишониб ҳаракат қилганмиз. Фаолият бошлаш учун керакли рухсатномани қўлга киритганимиздан сўнг ҳам жуда қаттиқ ишлашга тўғри келди. Сабаби, санъат мактабимиз шунчаки ўқув маркази эмас, балки мактабдан ташқари санъат таълим муассасаси ҳисобланади. Шу боис тўлиқ давлат таълим талаблари асосида фаолият юритамиз. Олдимизга қўйилган барча талаблар, мисол учун, давлат тасарруфидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблариники билан бир хил. Фарқли томони, биз хусусиймиз, ўзимиз учун ўзимиз ҳаракат қиламиз, қачонки астойдил ишласак, ўқувчиларимиз юқори натижаларни қўлга киритаверса, ота-оналарнинг ишончини қозона олсак, бир cўз билан айтганда, рақобат майдонида ўзимизни кўрсата олсаккина янада ривожланишимиз, аксинча ҳолатда эса фаолиятни тўхтатишга тўғри келишини яхши биламиз.

Дарҳақиқат, аниқ мақсад сари қилинган дадил ҳаракат ўз мевасини берди. Тез орада санъат мактабининг номи тилга туша бошлади. Бу даргоҳга фарзандини етаклаб келувчилар сони кўпайди. Дастлаб 10-15 нафар бола билан фаолият бошлаган  муассасанинг ўқувчилари сони бугунги кунда 100 нафардан ошиб кетган. Айни пайтда мактабда фортепьяно, рубоб, дутор, доира, хореография, миллий эстрада йўналишлари мавжуд. Мактаб ўқувчилари орасида маданият ва санъат бўйича ўтказилган турли танловларда юқори ўринларни қўлга киритган истеъдодли болалар, бу даргоҳни битириб соҳада ўз ўрнига эга бўлган етук мутахассислар, таълимни кейинги босқичларда давом эттираётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

- Тегишли низомга кўра, санъат мактабимизга ўқувчиларни 6-7 ёшдан бошлаб қабул қиламиз, - дейди Юлиана Торосова. – Аммо 4-5 ёшли, баъзида ундан ҳам кичик ёшдаги болалар ичида ҳам алоҳида рақсга, мусиқага ёки бошқа бир соҳага бўлган қобилиятини кўрсата бошлайдиганлари кўп. Албатта, ота-она фарзандининг қобилиятини янада ривожлантиришни истайди. Уни мактабимизга олиб келиб, мусиқа ёки рақс билан шуғуллантиришимизни сўрашади. Биз эса ёши етмаган болаларни қабул қила олмаслигимиз, бу мумкин эмаслигини тушунтирамиз. Табиийки, улар биздан хафа бўлиб кетишади, биз ҳам ёрдам бера олмаганимиздан афсусланамиз. Хуллас, ана шундай ҳолатнинг жуда кўп такрорланавериши, қолаверса, Президентимиз томонидан мактабгача таълим тизимига хусусий секторни жалб этишга қаратилаётган юксак эътибор бизни яна бир таълим ва тарбия муассасаси – хусусий боғча ташкил этишга ундади.

Хусусий таълим тизимида анчагина тажриба орттирган жамоа учун боғча фаолиятини самарали йўлга қўйиш катта қийинчилик туғдирмади. Жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб мактаб қошида “Жозибали овоз теремок” номли хусусий боғча ҳам иш бошлади. Боғча тўлиқ рус тилида фаолият юритади. Шунингдек, болаларнинг ёшига қараб инглиз тили, математика, мусиқа, мантиқ, атрофимиздаги олам тўгараклари ташкил этилган. Айни пайтда, муассасада кичик, ўрта ва тайёрлов гуруҳларида 75 нафар болажонлар таълим ва тарбия олишмоқда. 15 нафар ўқитувчи ва тарбиячи фаолиятга жалб этилган.

Бу тадбиркор бошлаган ишнинг ҳаммаси эмас. Юлиана Торосованинг таъкидлашича, боғчага фарзандини олиб келувчилар сони жуда кўп. Лекин уларни қабул қилиш учун жой етмайди. Шундоқ ҳам тайёрлов гуруҳидаги тарбияланувчилар фақат ярим кун келишмоқда. Агар яна битта қўшимча бино бўлса, мактабга тайёрлов гуруҳини алоҳида ажратиб, тарбияланувчилар сонини кўпайтириш, қўшимча иш ўринларини яратиш мумкин. Эътиборли томони, у худди шу режа билан туман ҳокимлигига мурожаат этган эди, бу режа тўлиқ қўллаб-қувватланиб, ҳудуддаги бўш турган кўп қаватли бино унга ноль харид қийматида берилди. Ҳозирда бинода қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. У тайёр бўлиши билан тадбиркорнинг хусусий таълим тизимидаги фаолияти янада кенгаяди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: “Жозибали овоз теремок” хусусий мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.