Иқтисодиёт 23.08.2019 94

ТАДБИРКОР ҚИЗНИНГ ҚУЁНЛАРИ

Ҳаракатда – баракат

Қуёнчилик - истиқболли фаолият турларидан бири. Чунки қуён тез етилувчан, серпушт ва маҳсулдор жониворлар сирасига киради. Улар йил давомида 5-6 маротаба болалайди. Битта она қуёндан йилига 50-60 та ва ундан ҳам кўпроқ насл олиш мумкин. Бу эса ана шунча тери ва 70-80 килограмм гўшт етиштириш имконини беради. Тармоқнинг юксак иқтисодий самарадорлилиги ҳам шу билан изоҳланади.

Аҳамиятли томони, қуёнчилик фаолияти истиқболини олдиндан кўра билиб, унга қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Хоҳ уй шароитида, хоҳ саноат усулида бўлсин, қуён боқаётганлар бугун талайгина. Касби тумани Қорақўнғирот қишлоғида яшовчи Сабина Тўраева ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини айнан ушбу соҳада бошлаган.

- Керакли шарт-шароитимиз борлиги, қолаверса, кўп меҳнат ва маблағ талаб этмаслиги боис оила аъзоларим билан маслаҳатлашиб, қуёнчилик билан шуғулланишга қарор қилган эдим, - дейди у. - Ишни бошлаш учун сармоя топишга ҳам қийналганим йўқ. "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг   туман бўлимига ўз бизнес- лойиҳам билан мурожаат этганимда, улар бу ташаббусимни қўллаб-қувватлаб, зарур маблағни имтиёзли кредит шаклида тақдим этишди. Сармоянинг бир қисмига қуёнлар учун махсус қафаслар ясаттирган бўлсак, қолганига 400 бош зотдор она қуён харид қилдик.

Эътиборли томони, қуёнчилик тез даромад берадиган фаолият. Тадбиркор қиз ишни яқиндагина йўлга қўйганига қарамай, ички бозорга қуён гўшти етказиб беришни ҳам бошлаган. Шу билан бир қаторда, қуёнлар бош сонини кўпайтиришга ҳам эътибор қаратмоқда. У қисқа вақт ичида зотдор она қуёнлар сонини бир неча баробар кўпайтириш, ўзи раҳбарлик қилаётган "Касби қуёнчилик" масъулияти чекланган жамиятини соҳадаги йирик субъектлардан бирига айлантиришни мақсад қилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.