Иқтисодиёт 22.02.2019 363

ТАДБИРКОРЛАРНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММОЛАР ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА?

Ижро ва натижа

ТАДБИРКОРЛАРНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММОЛАР ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА?

Жорий йилдан вилоятимизда яна 4 та пахтачилик-ишлаб чиқариш кластери иш бошлайди. Хусусан, Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи, пахта толасини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган  "Sulton tex group" МЧЖ  ҳам эндиликда ушбу жараёнда бевосита иштирок этади. Бу корхонага Қарши туманидан 10 минг гектар экин майдони ажратилган. Кластер томонидан мавсумда 50 минг тонна пахта ҳосили жамғариш режа қилинган.

Албатта, масъулият юқори, тараддуд ҳам шунга яраша бўлиши керак. Бироқ шу дамгача тадбиркорни айрим масалалар ташвишга солаётганди. Кластер ҳудудидаги инфратузилма объектлари ҳали тўла шайланмаган. Жумладан, 5 километр узунликдаги лоток таъмирталаб, 11 дона артезиан қудуғида ҳам носозлик бор. Асосий суғориш манбаи - Хонобод каналини тозалаш ишлари бажарилмаган. Қишлоқ хўжалиги техникалари ишчи ҳолатида эмас. Кластер ишини кредит билан молиялаштиришда ҳам сусткашликка йўл қўйилган. Турган гапки, бу вазиятда ишларни кўнгилдагидек ташкил этиб бўлмайди. Эртага бир кемтик чиқиб қолиши ҳеч гап эмас.

Эътиборлиси, бироз аввал вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган учрашувда "Sulton tex group" МЧЖ раҳбарияти тегишли муаммоларни баён қилгач, дарҳол масъулларга топшириқ берилди ва кўп ўтмай мазкур камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрила бошланди. Тадбиркор ҳам бу борада жиддий силжиш борлигини қайд этди.

Гап шундаки, яқиндан бошлаб вилоятимизда муаммоси бор тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Ишбилармонлар бу учрашувларда ўзларини қийнаётган масала, бирор таклифни тегишли мутасаддиларга очиқ билдириш имконига эга бўлмоқда. Уларни белгиланган тартибда ҳал этиш бўйича чоралар кўрилаяпти. Бўлиб ўтган охирги икки учрашувда ҳам тадбиркорлардан 50 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Айримларининг ўз вақтида ечим топишига эришилган.

Мисол учун, Қарши шаҳрилик Элёр Чориев тадбиркорликка қўл уриш ниятида. Иссиқхона барпо этишни истайди. "Ёшлар - келажагимиз" дастури асосида 250 миллион сўм кредит олиш ҳамда ер ажратиб берилишида амалий ёрдам сўраган. Аҳамиятлиси, ушбу масала деярли жойида ҳал этилган. Келгусида ҳокимлик томонидан унга ер майдони берилиши таъминланади. Шунингдек, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ёш ишбилармонга имтиёзли кредит тақдим этиш масаласини кўриб чиқмоқда.

- Хусусий мактабгача таълим   муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб юргандик, - дейди   бошқа бир тадбиркор Ваҳоб Қурбонов. - Қурилишни бошлаш учун ер ва маблағ муаммо бўлаётганди. Шуни вилоят ҳокими билан учрашувда   айтдик. Дарҳол ҳал этиш бўйича масъулларга кўрсатма берилди. Тижорат банкига бизнес-режамизни тақдим этганмиз. Лойиҳа маъқулланган. Жараён ижобий якун топса, уни дарров рўёбга чиқаришга киришамиз.

Яккабоғ туманидаги "Delta FBS texnology group" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Сирожиддин Валиев қиймати 325 минг АҚШ долларига баҳоланган ташаббусни амалга оширишга бел боғлаган. Лойиҳа бугунги кунда вилоятда деярли ишлаб чиқарилмайдиган, асосан четдан олиб келинадиган замонавий қурилиш материали поливинил-хлорид (ПВХ)дан дераза токчалари ва эшиклар учун ламбертлар тайёрлашни кўзда тутади. Бу борада тадбиркор Хитой технологиясига мурожаат қилмоқчи. Қувват ишга тушса, 25 кишини иш билан таъминлаш имкони мавжуд. Муҳими, маҳсулот юқори қўшилган қийматга эга, бу дегани, ҳудуд бюджетига солиқ тушуми ҳам кўпаяди. Лекин лойиҳани молиялаштиришда муаммога дуч келинган.

- Бунга ўз маблағимиздан ҳам ишлатишни мақсад қилганмиз, - дейди тадбиркор. - Бироқ бу етарли эмас. Хорижий кредит линиясидан фойдаланмоқчи эдик. Имтиёзли асосда молиявий кўмак олмоқчимиз. Шу пайтгача қилган уринишларимиз бесамар кетаётганди. Масалани очиқ мулоқотда ўртага ташладик. Бир қанча тижорат банки ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Улар таклиф этган фоиз ставкаси бизга маъқул келди. Барча ҳужжатларни бердик. Молиялаштириш бошланишини кутаяпмиз.

Шу ўринда бир қанча муаммолар ҳали кўриб чиқиш жараёнида эканини таъкидлаш лозим. Масалан, "Муборак табиий тухум" масъулияти чекланган жамияти паррандачилик йўналишида фаолият олиб бормоқда. Тадбиркорлик субъекти нафақат ички бозорни, балки хориж мамлакатларини ҳам маҳсулот билан таъминлаш имкониятига эга. Корхонанинг бу борада афғонистонлик ҳамкорлар билан келишуви ҳам мавжуд. Аммо бир сабаб билан ўз мажбуриятини тўлақонли бажара олмаяпти. Божхона талабига кўра, бундай маҳсулотлар прицепли юк машиналари (фура)да ташилиши лозим. Ишбилармон мазкур амалиёт учун "Isuzu" русумли юк машинасида фойдаланишга рухсат олишни сўраган. Бу масала ҳозирда вилоят божхона бошқармаси ваколати доирасида ўрганилмоқда.

Шу тумандаги "Навбаҳор" фермер хўжалиги Германиядан 33 бош зотли қорамол ҳамда Қозоғистондан 2,5 минг бош наслдор қўй олиб келган. Аллақачон бузоқлар олиниб, сигирлар сут беришни бошлаган. Ишлаб чиқарувчиларга кунига 350 литр сут маҳсулоти етказиб берилмоқда. Фермер ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга оширган бўлса-да, чорвани тўйимли ем билан мунтазам таъминлашда қийналаяпти. Омихта ем олиш масаласида амалий ёрдам сўраган. Тадбиркорга кўмак кўрсатиш мақсадида тегишли масъулларга топшириқ берилди.

Ҳамма муаммолар ҳам ижобий ечим топаяпти, деб бўлмайди. Тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар ижросини ўрганиш давомида бунга ишонч ҳосил қилдик. Мисол учун, Қарши шаҳридаги "Суҳроббек савдо-люкс" МЧЖ айни пайтда темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхона бино-иншоотлари саноат зонасида жойлашган. Ишлаб чиқариш майдонидан то асосий йўлга элтувчи 5 километр йўл жуда носоз ҳолатда. Корхона вакилининг билдиришича, бу транспорт воситалари қатновига халал бераяпти, иш унумдорлиги пасайишига сабаб бўлмоқда. Вилоят ҳокими билан учрашувда мутасаддиларга бу муаммо юзасидан тегишли вазифа юклатилган бўлса-да, ҳозиргача бирор амалий саъй-ҳаракат кўзга ташланмаган.

Яна бир муаммо. Қарши шаҳридаги "Экспресс темир-бетон сервис" масъулияти чекланган жамиятининг 88 минг АҚШ долларидан кўп маблағи 2010 йилда фаолияти тугатилган "Алп Жамол банк"да қолиб кетган. Тадбиркор Абдуваҳоб Абдурасулов ўз маблағини қайтариб олишга умид билдириб, мутасаддилардан ёрдам сўраган. Масалани ҳал этишни Марказий банк вилоят бош бошқармаси ўз назоратига олган, бироқ, ўтган бир ойга яқин вақт мобайнида амалда ҳеч бир натижа йўқ, ишбилармонга аниқ жавоб қайтарилмаган.

- Чет эллик инвесторларни мамлакатимизга жалб қилишга катта эътибор берилаяпти, - дейди Қамаши туманидаги "Мастерок гарант" МЧЖ раҳбари Баҳриддин Муртазоев. - Биз ҳам Латвия ва Россиядаги шерикларимиз билан вилоятда бизнес юритишга қарор қилгандик. Истиқболли лойиҳа ҳам ишлаб чиқдик. Гранулаланган омихта ем ишлаб чиқариш асосий йўналиш этиб белгиланганди. Хорижлик сармоядорлар 2 миллион АҚШ долларигача капитал киритиш ниятида. Ҳаммасини деярли келишиб бўлганмиз. 60 га яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Тадбиркорнинг айтишича, у чет эл инвесторлари учун амал қилувчи солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот олишни ва ҳамкорларига тақдим этишни мўлжал қилган. Очиқ мулоқотда шунга ойдинлик киритишни сўраб мутасаддиларга юзланган. Ишбилармоннинг гапларига қараганда, қатор имтиёзлар қўлланишини оғзаки равишда тасдиқлашса-да,  вилоят давлат солиқ бошқармаси расмий изоҳ беришни пайсалга солаяпти. Оқибатда инвестиция кириши ҳам кечикаяпти.

Дарҳақиқат, тадбиркорлар муаммоларини тўғридан-тўғри мулоқот орқали ўрганиш ва ҳал этиш яхши механизм ҳисобланади. Аксарият ҳолларда самара тез кўзга ташланаётгани қувонарли. Бироқ баъзан бу борада сусткашликка йўл қўйилаётгани, тегишли масъуллар ўз вазифасини тўлақонли бажармаётгани воҳамизда ишбилармонлик муҳити жадал яхшиланиши, тадбиркорлик ривож топишига хизмат қилмаслиги аниқ.

Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси

билан ҳамкорликда М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.