Маънавият 13.12.2018 266

ТАФАККУР ВА КЎНГИЛДАН ЧИҚҚАН МУШОҲАДА

Олимларимиз

ТАФАККУР ВА КЎНГИЛДАН ЧИҚҚАН МУШОҲАДА

Ёдимда бор, шўро даврида ТошДУ - ҳозирги Миллий университетимизда фалсафа-иқтисод факультети бўлар, унда беш йил ўқиб, таълимни битирганлар қўлига берилган дипломнинг "мутахассислиги" деган жойига чиройли қилиб "файласуф" деб ёзиб қўйиларди. Ҳайрон бўлардим: ўзимиз тенги, қишлоқнинг қора-қура йигитларидан тортиб, Мурод Муҳаммад Дўст ибораси билан айтганда, Имом ал-Бухорийнинг "Ал жомеъ ас-саҳиҳ" китоби номини нозик лабларини чўччайтириб айтадиган олифта қизларгача - ҳар йили камида 60-70 нафар файласуф тайёр!..

Кейинроқ амин бўлдимки, дипломдаги ёзув билан пешонадаги битикнинг орасида аллақанча фарқ бор экан. Ҳатто ҳозир ҳам республикада фалсафа соҳасида номзодлик, докторлик, ҳатто академиклик даража ва унвонларига эга бўлган олимлар   бисёр бўлса-да, чинакам файласуф борми, агар бўлса, улар кимлар, деган саволга дабдурустдан жавоб топишга қийналади киши...

Бугун ибратли шахси ва фаолияти тўғрисида қисқагина сўз айтмоққа чоғланганимиз олимнинг илмий даражаси фан номзодлиги, холос. Бир-икки "ақли пешлар"нинг "саъй-ҳаракати" сабаб у киши тайёр бўлган докторлик ишини ҳимояга олиб бориш масаласига ўзининг машҳур икки қайта қўл силташини қилган. Бироқ... бироқ бошқаларни билмадим-у, шахсан менга Абдураҳим Эркаев юртимизда файласуф олим дейишга энг арзигулик мутахассислардан бири эканини қайта-қайта исботлаб, ҳужжатсиз ҳам тасдиқлайверади. Нимаси билан денг? Бири биридан ўқишли мақолалари, бири бошқасидан салмоқли китоблари билан.

Нафақат жисму жонимиз, иқтисод ва сиёсатимизга, балки онгу тафаккуримизга ҳам эркинлик олиб берган истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ "Маънавият - миллат нишони" номли ниҳоятда жиддий тадқиқотини эълон қилган олим, ўтган йилларнинг деярли ҳар бирида биттадан китобни халқига тақдим этди. Уларнинг ҳеч бири номигагина китоб бўлмай, айни номни тўла оқлайдиган оригинал мазмун ва моҳиятни ўзида мужассам этгандир.

Камина айни кунларда Абдураҳим Эркаевнинг "Маънавият" нашриётида босишга тайёрланаётган "Маънавиятшунослик" номли, икки жилддан иборат йирик монографияси мутолааси билан бандман. Ва қўлимни кўксимга (виждонимнинг устига!) қўйиб айтанманки, анчадан буён миллий муаллифларимизга тегишли бунақа ғуж мазмунли, кенг ва теран таҳлиллар асосидаги оҳорли хулосалар баён этилган китобни ўқимаган эдим. Ҳар бир жилди 480 саҳифалик бу улкан меҳнат самараси тўғрисида ҳозир йўл-йўлакай, шошилинч тўхтаб ўтишдан ўзимни тийган ҳолда, эътироф этишим керакки, мазкур китоб нафақат Ўзбекистон ёхуд Марказий Осиё минтақасида, балки дунё миқёсида ҳам айни муҳим соҳа тадқиқига бағишланган йирик, масала қирраларини тўла қамраган, чинакам илмий, айни пайтда ниҳоятда оммабоп тилда яратилган биринчи ва ҳозирча ягона китобдир.

Абдураҳим Эркаев барча мақола ва китобларида ўзи мушоҳада юритаётган соҳалар табиатини ичдан ҳис қилиб ёзгани туфайли, фикр-мулоҳазанинг, таҳлил ва талқиннинг ўқишли ифодаси эътиборли ўқувчини ўзига ипсиз боғлаб олади. Бу мушоҳада ибтидоий давр кишиларининг ов қилинадиган ҳудудларни ўзаро тақсимлашидаги келишувлар жараёни бўладими, Мирзо Улуғбекнинг ўзини ўраб олган "жаҳолат ва касофат олами" билан деярли яккама-якка ўттиз-қирқ йиллик олишувими ёхуд Германия "янги мактаблари"даги деярли порнографик даражага тушиб улгурган дарс машғулотига боласини юбормагани учун жазоланган немис кишиси аҳволининг талқини бўладими - ҳамма-ҳаммасини олим ўз ақлидан, тафаккури ва кўнглидан ўтказиб баён қилади. Айни вақтда барча соҳаларнинг мулоҳаза айтилаётган ҳамма йўналишлари, масала ва муаммолари бўйича албатта аниқ, илмий манбаларга таянилади, уларнинг конкрет муаллифлари билан баҳс очилади. Бу баҳсда ҳам авторитетлар соясига ўтиш ёхуд уларга сўзсиз қуллуқ қилиш усули бу олимга мутлақо ётдир.

Айтилганидек, Абдураҳим Эркаев ўзи мурожаат қилаётган биронта соҳани, илму фан йўналишини юзаки билиш, оддий хабардорлик билан чекланишни истамайди, ҳаммаси бўйича профессионал даражада, ижодий фикрлашга изн берадиган илм йиғади. Унинг, масалан, "Миллий ўзликни англатишда бадиий адабиётнинг олдига на фан, на дин, на ахлоқ, на ҳуқуқ туша олади. Бадиий образ миллатнинг юлдузли онлари, босқинчиларга қарши матонатли кураши, буюк фарзандлари шонли ғалабалари ва маданий ютуқларини конкрет-образли тасвирлаб, миллий ғурурни тарбиялайди" деган муҳим хулосага келиши - ўзи мансуб бўлган фанни, дунё динлари тарихини, минг йиллик ахлоқ ва ҳуқуқ меъёрларини ҳамда бу жумлада тилга олинмаган яна кўплаб соҳаларни чуқур, ичидан билиши натижасидир. Шу маънода ҳам ўзбек олими томонидан яратилаётган, фақатгина бир фан соҳаси - маънавиятшуносликка оиддек туюладиган китоблар, аслида, ижтимоий-гуманитар йўналишдаги бошқа фан мутахассислари - тарихчилар, фалсафа олимлари, адабиётшунослар, этнографлар, диншунослар, санъатшунослар сингари кўплаб зиёлилар учун ҳам ғоят қизиқарли, уларга-да янги фикрлар, ғоялар, даъватлар бериши билан қимматлидир.

Мана, шундай забардаст олим, замонавий ўзбек фанининг етук вакилларидан бири Абдураҳим ака Эркаев таваллудига ҳам 70 йил тўлибди. Биз у кишини қутлуғ ёшга тўлиши муносабати билан муборакбод этамиз!

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

филология фанлари номзоди