Маънавият 12.04.2019 112

"ТАКАЛЛУФДИН ЙИРОҚ ВА РИЁДИН БЕГОНА..."

Амир Темур таваллудининг 683 йиллигига

Шарафиддин Али Яздий ва Фасих Хавофийнинг маълумотларига кўра, Амир Темур ҳижрий 736 йил 25 шаъбони (1336 йил 9 апрель)да таваллуд топган. Ибн Арабшох унинг туғилган ери Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжаилғор қишлоғи эканлигини ёзган. Испаниялик элчи Руи Гонсалес де Клавихо кундаликларида, Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарида ҳам Темурбек Кеш-Шаҳрисабз атрофидаги қишлоқда таваллуд топгани айтилади.

XIX аср охирларида Шаҳрисабзга келган рус саёҳатчиси ва шарқшунос олими Александр Кун Шаҳрисабз беклигига қарашли Тарағай қишлоғида Темурнинг отаси Баҳодир Тарағай туғилган, деб ёзган. Василий Бартольд эса "Брокгауза-Эфрон" энциклопедик асарида Темур 1336 йил 11 мартда Кеш ёки унинг атрофида туғилганини қайд этади.

Соҳибқирон туғилган сана ва жой, ота-онаси ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, Якубовский,  Михаил Массон, Галина Пугаченкова, Иброҳим Мўминов, Эдвард Ртвеладзе, Лянглэ каби олимлар тадқиқотларида учрайди ва уларнинг барчаси Амир Темурнинг туғилган жойи масаласида ибн Арабшоҳнинг маълумотларига асосланадилар.

Маълумки, Амир Темурнинг отаси Амир Тарағай барлос уруғининг ҳарбий бошлиқлари - бекларидан бўлган. Унинг аждодлари Чиғатой ва Чингизийлар саройи амалдорлари эди. Барлослар Кеш атрофида ўз мулкларига эга бўлганлар ва унга ҳокимлик қилганлар.

Амир Темур отаси Муҳаммад   Тарағайбек ҳамда бобоси Амир Барғул тақволи мусулмонлардан бўлиб, кўп вақтини ўз даврининг кўзга кўринган пиру уламолари билан ўтказган. Шарафиддин Али Яздий бу ҳақда шундай ёзади: "Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттакиларга мушфиқ ва меҳрибон эрди. Буларнинг мажлисида борур эрди, ложурма бу жиҳатдинким, ҳазрат ҳақнинг севур бандаларини севур эрди".

Тарағайбек пири, тасаввуф шайхи Шамсиддин Кулолга айниқса чуқур эҳтиром кўрсатган. Кейинчалик шайх Амир Темурнинг ҳам пири бўлади.

Соҳибқироннинг онаси Такина хотун Бухоронинг кўзга кўринган зиёлилари хонадонига мансуб бўлган. Темурбек етти ёшга тўлганида уни мадрасага ўқишга беришган. Кўкалдош опаси Қутлуғ Туркон оқа ундан беш ёш улуғ эди. Онаси вафотидан кейин у Темурбекка ҳам опалик, ҳам оналик меҳрини беради.

Ёзма манбаларда Амир Темур Самарқандда, опаси Қутлуғ Туркон оқа уйида 48 кун яшагани ва ҳаётининг қийин ва таҳликали дамларида суянчиқ, зукко маслаҳатчи сифатида кўргани эътироф этилади. Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома"сида Қутлуғ Туркон оқа: "Агар мундоқ бепарволик қилсанг, олам бир-бир бўлуб бузулгай. Худойнинг хатосига ҳеч чора йўқ турур. Ғам емак фойда қилмас. Агар мундоқ бўлсанг, раъият ва мамолик паришон бўлуб, худойнинг бандалари бехонумон бўлгай" дейди. Опасининг хайрихоҳлик билан айтган бу сўзлари Амир Темурни ҳушёр торттириб, мамлакат ишларини адолат мезони бирла бошқаришга ундайди. Шунингдек, бу зоти олия "Зафарнома"да бунёдкор, тадбиркор аёл сифатида ҳам тилга олинади.

Ширинбека Соҳибқироннинг яккаю ягона синглиси эди. Шоҳи Зинда меъморий мажмуасида Амир Темур авлодлари, хусусан, унинг опаси Қутлуғ Туркон оқа ҳамда синглиси Ширинбека оқа мақбаралари мавжуд.

Темурбек камонбозлик, чавандозлик, қиличбозлик ва кураш санъатларини моҳирлик билан эгаллайди. У овга шу қадар ишқибоз бўладики, кечаю кундузларни шикорда ўтказиши мумкин эди.

Шубҳасиз, Амир Темур ўспиринлик ва ёшлик йилларидаги машғулотларни отасига хизмат қилган махсус мураббийлар ёрдамида ўрганган. Бироқ уларнинг номи манбаларда қайд қилинмаган.

Биламизки, ўрта асрларда мусулмон мамлакатларида подшо ва амирлар саройида отабек мансаби бўлиб, унинг вазифаси ҳукмдорлар ўғлини баъзи илмларга ўргатиш билан бир қаторда, ҳарбий ва жисмоний тарбияси билан яхши шуғулланиб, бадани ва руҳини чиниқтиришдан иборат бўлган.

Амир Темурнинг руҳий-маънавий мураббийлари, пирларининг номлари тарихда маълум. Соҳибқирон дин пешволари ва мусулмон руҳонийлари билан яқин бўлиб, уларга ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром кўрсатган, ўз саройида пири муршидлар, улуғ зотларни сақлаган ва  шариат қонун-қоидаларига қатъий риоя этган.

Шайх Шамсиддин Кулол Шаҳрисабзда энг ҳурматли авлиё саналган. Ибн Арабшоҳ шундай ҳикоя қилади: "Темур шайх (Шамсиддин Кулол ал-Фохурий)нинг ҳузурига кирганида, у ўзининг муриду мухлислари билан чуқур ўйга толган ҳолда Аллоҳнинг зикри билан банд эди. Улар зикр-самоларидан тўхтаб, ўзларига келгунларича, Амир Темур тик тураверди. Шайхнинг назари унга тушиши билан Темур шайхнинг қўлларини ўпишга шошилди. Шунда шайх ўз жамоасига: "Эй, жамоат! Сиз унинг ҳаққига дуо килиб, истаган муродига етиши учун унга мадад берингиз", деди. Шайхнинг ушбу дуосини Амир Темур ўз муваффақиятларининг энг биринчи сабаби деб ҳисоблади".

Амир Темур пирларидан яна бири Саййид Барака эди. Саййид Барака асли Макка аҳлидан бўлиб, 1370 йилда Балх қалъаси эгалланишидан олдин Амир Темур ҳузурига келиб, унга давлат рамзлари - ноғора ва байроқ берган ҳамда унинг келажаги порлоқ бўлишини башорат қилган.

Авлиё дарвеш Зайниддин Абу Бакр Тайободий Амир Темурнинг учинчи пири саналади.

Тарихий манбаларда айтилишича, Кешда Пайғамбар ҳадисларини тўплаб, шарҳловчи муҳаддислар кўп бўлган. Ҳазрати Имом сифати билан танилган Ибн Наср ал-Кеший (вафоти 865 йил) Кешнинг жануби-шарқий сарҳадида дафн этилган. Амир Темур томонидан бунёд эттирилган улуғвор иморат айни пайтда Ҳазрати Имом номи билан аталади. Хонақоҳ, иккита мақбара ва ҳовли атрофидаги бир неча ҳужра меъморий мажмуа таркибига киради. Иморатнинг олд томони баланд ва кенг пештоқдан иборат бўлиб, пештоқнинг фақат шимолий қисми кулоҳий гумбази ва бурчакдаги минораси билан сақланиб қолган.

Амир Темур Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилингандан сўнг Шайх Шамсиддин Кулол руҳига катта иззат-икром билан Шаҳрисабзнинг жанубий сарҳадидаги манзилда, яъни авлиё қабри устида гумбазли мақбара тикланади ва у ер муборак зиёратгоҳга айланади.

Амир Темур 1374 йилда пирининг қабри ёнига отаси Амир Тарағайнинг қабрини кўчиртиради. Масжиди жоме билан боғланиб ташкил топган меъморий мажмуа Дорут-тиловат, яъни марҳумлар руҳига тиловат қилинадиган маскан номи билан машҳур бўлди.

Мазкур муқаддас манзил шарқида, шаҳарнинг кўҳна Симхона дарвозаси ёнида бошқа бир улкан меъморий мажмуа - Дорус-сиёдат, яъни Пайғамбар авлодлари - саййидлар уйи қад кўтаради.

Манбаларга кўра, Амир Темурнинг феъл-атвори босиқ бўлган, жиззакилик унга хос бўлмаган. Бу маслакдошларини ўзига жалб қилган. Ичкиликка майли йўқлиги боис фикр-мулоҳазалари теран ва идрокли бўлган, оғир вазиятларда тўғри ечимни осонлик билан топган. Шунинг учун болаликдаги дўстлари унинг атрофида жам бўлишиб, биргаликда машқ ва мусобақаларда иштирок этишарди. Кейинчалик улар ҳарбий гуруҳ сифатида шакллана боради. Соҳибқироннинг болаликдаги дўстлари орасида Аббос Баҳодир, Жаҳоншоҳбек, Кимори Иноқ, Сулаймоншоҳбек, Идику Темур, Сайфуддинбек, Ҳиндушоҳ Қарқара ва  бошқалар бор эди. Кейинчалик улар Амир Темурнинг лашкарбошилари ва сафдошларига айланади.

Темурнинг хислат ва фазилатлари ҳақида Яздий бундай тавсифни келтиради: "Анинг давлатманд зотиким, мазхари лутфи илоҳий эрди, шафқат ва хайрдин ўзга иш муборак кўнглига кечмас эрди... Ва далили бу сўздаким, такаллуфдин йироқ ва риёдин бегона, ҳаргиз номашруъ ишғаким, гуноҳ турур, майл қилмади... Ва подшоҳи комкор оғзини жогир (ичкилик) сори элтмади ва тоату ибодат фикридин ўзга иш фикрида кечмади. Ва муттасил иши Қуръон ўқумоқ ва фақиру мискиннинг ғамини емак эрди".

Амир Темурнинг ёшлик пайтидаги оғир синовлар ХIV асрнинг 50-йиллари охирги чорагида Мовароуннаҳр бош амири ва хотинининг бобоси Амир Қазаған ўлимидан   кейин бошланди. Бу пайтга келиб Мовароуннаҳрда тарқоқлик, амирларнинг ўзаро кураши янада кучайган эди. Бу курашлар юксак хислатлар соҳиби бўлган саркардани пировардида Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдорига айлантиради...

Наби ХУШВАҚТОВ,

Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейи директори, тарих фанлари номзоди